18 August 2010
22:36 - Фатхулла Гулен тарафдорлари Туркияда армия ва ҳокимиятдаги исломий партиядан кейин учинчи кучдир деган USA Today газетасига ишониш қийин, Ислом ислоҳотларга муҳтож
АҚШдаги энг жиддий ва обрўли нашрлардан бири бўлган USA Today газетасининг ёзишича, бу мамлакатнинг 25 штатида Фатхулла Гулен тарафдорларига оид хусусий ўрта таълум мактаблари бор. Лекин, Фатхулла Гуленнинг ўзи газета мухбирига бу мактабларнинг яратилишига алоқаси йўқлигини, уларнинг сони, уларда қанча бола ўқиши, уларни кимлар очганини ҳам билмаслигини айтган. Бу ишни менинг фикрларим тарафдори бўлган одамлар қилган бўлиши мумкин деб, чиройли шаклда, ўз ғоялари атрофида дунё бўйича тарқалган ҳаракат борлигини урғулаган. Менинг идеалим, дейди у, диний ва ирқий айримчилик қилмасликдир.

Фатхулла Гулен билан суҳбат ўтказган USA Today журналисти Greg Toppo бу исломчи ҳақидаги фикрини шундай умумлаштиради: Фатхулла Гулен тарафдорлари Туркияда армия ва ҳокимиятдаги исломий партиядан кейин учинчи кучдир.

Нурчилар ҳаракати ичидан етишиб чиқиб, унинг лидерига айланган, аммо ҳозир ўз номи билан айтилаётган ҳаракатнинг лидери Фатхулла Гулен ростдан ҳам шундай кучга эгами, деган саволга жавоб бериш қийин. Фатхулла Гулен ўзини ўта камтарин инсон сифатида тутса ҳам, у ва унинг тарафдорлари ўзларини пропаганда қилишга катта аҳамият беришади ва бунинг учун катта маблағ сарфлашади. USA Today газетасидек машҳур нашрда ҳам бу каби мақола катта пул эвазига чиқарилган бўлиши мумкин. Унутмайликки, АҚШда коррупция, кўп ҳолларда, оддий порахўрлик, етарлича тарқалган.

Шундай пропагандага учган ўзбек исломчилари ичида нурчилик ва фатхулла-гуленчилик ривожланаётгани ҳам шубҳасиздир. Аслида, жиддий ва чуқур ғоялари бўлмаган нурчилик ва фатхулла-гуленчилик Ислом динидаги инқирозга кўр-кўрона жавоб қидиришнинг маҳсулидир. Жавоб эса, динимизга янги кийим кийгизишда эмас, уни ислоҳот қилишдадир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону