13 May 2007
03:00 -
“Бирлик” Андижон фожеасини хотирлаб, олға кетишни давом эттиради
(Абдураҳим Пўлатнинг баёноти, 13 май 2007 йил)
8:00 - Абдураҳим Пўлат сафдоши Пўлат Охуннинг “Америка Овози”даги суҳбати ҳақ
(Абдураҳим Пўлатнинг баёноти, 13 май 2007 йил)
Бугун Андижондаги хунрезликнинг қурбонларини хотирлаб, уларнинг руҳи учун дуолар ўқиб, бошимизни эгамиз. Бу қонли жуманинг халқимиз қалбида қолдирган жароҳатлари ҳали бери битмайди, у воқеалар мамлакатимиз тарихида қора саҳифа сифатида умрбод қолади.
Шу билан бирга, тирикларни, миллатимиз ва мамлакатимизнинг келажагини ўйлаб, олға кетиш йўллари устида ишлашга, бундай воқеалар такрорланмаcлигини таъминлаш учун курашни давом эттиришга маҳкуммиз.
“Бирлик” Партиясининг бу хусусдаги прозицияси унинг 2006 йил 12 майдаги “Aндижoнни хoтирлaб, илгарига қараб кетиш бурчимиздир” ва 2006 йил 6 ноябрдаги “Европа Иттифоқи-Ўзбекистон: муносабатларни нормаллаштириш фақат демократялаштириш эвазига бўлиши керак” номли баёнотларида ифода этилган. Ўтган вақтга қарамасдан, бизнинг бу позициямизда ўзгариш йўқ. Бунинг устига, ҳеч ким бундан реалроқ альтернатив таклифлар киритолмади.
Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш, уни дунёдан изоляция қилиш таклифлари дунё тарихи ва реалликларни ҳисобга олмайдиганлар тарафидан ўртага ташланмоқда. Уларнинг ҳеч қандай самараси бўлмаслиги исбот қилиниб бўлди.
Шу кунларда Европанинг турли мамлакатларида Андижон воқеаларининг 2 йиллиги муносабати билан ўтказилган акцияларда санкциялар ва изоляция хусусидаги талаблар такрорланди. Биз бу акцияларни ўзбекларнинг борлигини кўрсатиб қўйиш учун амалга оширилган тадбирлар сифатида юқори баҳолаймиз ва у ерларда айтилган фикрларини ҳурмат қилан ҳолда, юрт ташқарисидаги мухолифатчилар самара бермайдиган йўл танлаганларини қайд этиш лозим деб ҳисоблаймиз.
Охирги ойларда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларни нормаллаштириш учун жиддий ҳаракатлар қилмоқда. Биз уларни мутлақо қўллаб қувватлаймиз. Айни пайтда шуни тушуниш керакки, ҳозир Европа Иттифоқи, аввал АҚШ қилгани каби, биринчи навбатда ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиёга нисбатан сиёсат олиб боради. Бу масалада улар нафақат ўзбек мухолифатининг фикрини, балки Ўзбекистоннинг ўзини борлигини ҳисобга олмасликлари ҳам мумкин.
Бу дегани, Ғарбдан умидни узиш ва тушкунликка тушиш керак дегани эмас. 2001 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатимзга демократия олиб келмаса ҳам, демократик руҳдаги шамол олиб кирди. Европа Иттифоқининг яқин келажакда Ўзбекистонга кириб боришида ҳам шундай бўлади. Биз сиёсатчилар, денгиз ва океанлардаги шамолдан фойдаланган елканли кемачилар каби, бу демократия шамолларидан фойдаланиб, Ўзбекистонда ўзимиз ўзгаришлар қилишимиз керак. АҚШнинг 2001 йилда бошланган шамолидан фойдаланиб, мухолифатни тикладик, ЕИ шамолидан ҳам шундай фойдаланишимиз керак. Табиий, бу ишни Ўзбекистон ичидаги демократлар қиладилар.
Биз бу хусусдаги фикрларимизни Европа Иттифоқининг энг юқори органларига етказдик. Кўраяпмизки, бу маслалар бўйича "Бирлик"нинг позицияси Европа Иттифоқининг позициясига жуда яқин.
Ҳозир турли сабаблар билан юрт ташқарисига чиқиб кетган мухолифатчилар мамлакт ичкарисида эмас, юрт ташқарисида фаолият олиб бориш каби осон йўлни танламоқдалар. Уларнинг кўпчилиги юрт ичкарисидаги сафдошлари билан алоқаларни ҳам узиб бўлдилар.
Фақат “Бирлик” Партияси бошқача йўлдан кетмоқда ва ҳозирда мамлакат ичида фаолият олиб бораётган ягона партияга айланиб бўлди. Бу бизга юксак маъсулият юклайди. Ишонманки, “Бирлик” ўз маъсулиятни ҳис қилган ҳолда, миллат ва мамлакат олдидаги вазифасини бажаради.
Мен юрт ташқарисидаги мухолифатчиларга мурожаат қилиб, боши берк кўчадан чиқишга ва биз билан биргаликда юрт ичидаги фаолиятга эътиборни қаратишга чақираман.
Бу йил мамлакатимизда президент сайлови бўлади. Бу сайловга жиддий тайёргарлик кўраётган ҳам фақат “Бирлик” Партияси бўлиб қолмоқда. Ҳаммани “Бирлик” Партияси атрофида бирлашиб, сайловолди кампанияси даврида мухолифатнинг сафларини мустаҳкамлаш ва 2009 йилд бўладиган парламент сайловларида ғалаба қилиш учун бошланган тайёргарчилик жараёнига қўшилишга чақираман.
8:00 - Абдураҳим Пўлат сафдоши Пўлат Охуннинг “Америка Овози”даги суҳбати ҳақида
Баъзи сафдошларим телефон қилиб, - дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, - Америка Овози радиоси сайтида Пўлат Охун билан ўтказилган суҳбат ҳақида маълумот борлиги, маълумотнинг умумий кайфияти шундайки, партия билан Пўлат Охун ўртасида муҳим масалаларда қандайдир тафовутлар борлигини кўрсатаётишга ҳаракат қилинганини айтдилар.
Мени авваломбор ҳайрон қолдирган нарса, бу радиода Пўлат Охун билан суҳбат ўтказишгани бўлди. Чунки, аввалари ҳам кўп марта айтганимдек, ББС, Озодлик ва Америка Овози радиоларининг ўзбек программалари ходимлари Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ўзбекистон элчихоналарининг назорати остида ишлашади, ўз эшиттиришларида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида каби на менинг исмимни на “Бирлик”ни тилга олмасликка ҳаракат қилишади.
Айтилган суҳбатни Америка овози сайтидан топиб ўқидим. Матндан кўриндики, бу ерда Пўлат Охундан иккитагина иқтибос келтирилган, қолганлари Малик Мансур отли мухбирнинг фикрлари бўлиб, улар мутлақо ҳақиқатдан узоқ. Шуни айтиш керакка, бу радиолардаги ўзбек журналистларининг МХХга хизмат қилишдан ташқари яна бир катта айблари бор – журналистикани билишмайди. Чунки, журналист – бу ўзбекчада ёзиш-чизишни билгангина инсон эмас, журналист – суҳбат мавзуси бўйича етарлича билим ва маълумотга эга бўлган, ўзи билган ва суҳбатдошидан эшитганларини реал ва тарафсиз анализ қилоладиган касб эгасидир.
Малик Мансур бутун суҳбати давомида радио эшитувчиларига Пўлат Охун партиядан фарқли йўл кўраётгани ёки тутаётгани ҳақидаги фикрни тиқиштиради. Аслида, ҳар қандай ақли расо журналист, партиянинг бу хусусдаги қарашлари қандай ўзи, деган саволни ўртага қўйиши керак эди. Аммо, Малик Манмур шу маънода журналист эмас.
Ҳақиқат шундан иборатки, Пўлат Охуннинг айтган фикрлари тамомийлар партиямизда қабул қилган чизиқ йўналишидадир. Агар Америка Овози мухбири “Бирлик”нинг биронта ҳужжати, хусусан, унинг Қурултойи материаллари билан таниш бўлса эди, буни кўрарди.
Биз, яъни “Бирлик” Партиясининг фаоллари, демократлар сифатида, ҳар доим мавжуд ҳокимият билан мулоқот лозимлигини гапириб келганмиз. Биз демократлар тинч қонуний йўллар билан ҳокимиятга келишни ўйласак, партияни рўйхатдан ўтказиш учун ҳукуматнинг бир парчаси бўлмиш Адлия вазирлиги билан мулоқот қилишимиз керакмасми? Керак ва биз ҳозир мулоқотдамиз.
Сайловларда қатнашиш учун ҳокимиятнинг бир парчаси бўлмиш Марказий Сайлов Комиссияси билан мулоқотда бўлишимиз керакмасми? Керак ва биз бундай мулоқотни яқинда қиламиз.
Баъзи актуал таклифларимизни, хусусан, Пўлат айтган маҳаллий муаммолар бўйича таклифларимизни, ҳокимиятга келишимизни кутиб ўтирмасданоқ ҳаётга жорий қилинишини истасак, биз буни истаймиз, ҳокимиятнинг турли даражадаги вакиллари билан мулоқот қилишимиз керакмасми? Керак.
Бундай саволлар рўйхатини яна ҳам кенгайтириш мумкин.
Мен Пўлат Охун билан, у мамлакатга кетаётган пайтда ҳам, бу хусусда кўп гаплашганман, унга партия номидан берилган топшириқлардан бири ҳокимият билан ҳозиргидан ҳам самаралироқ мулоқот йўлларини излашдир. Тўғри, йўл тополмасак, бу бизнинг айбимиз бўлади. Мулоқотга йўл қидириш борасида Ғарб давлатларининг, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ каби халқаро структураларнинг ёрдамидан оқилона фойдаланбилиш ҳам вазифаларимиздандир.
Андижондаги қонхўрликнинг сабабчиларини топиш ва уларни жазолаш каби талабларимиз давом этаверади, булар мулоқот йўлига тўсиқ бўлолмайди.
Мавжуд ҳокимият билан мулоқотни мутлақо рад этган шахс ва ташкилотнинг биттагина йўли бор, у ҳам бўлса, ҳамма муаммоларни, жумладан, мавжуд режимни ўзгартиришни ҳам, қурол воситасида ҳал этишга бел боғлаган Тоҳир Йўлдош билан бирлашиш. Биз Тоҳирни террорист деб ҳисобламаймиз, у танлаган йўл уруш йўли, аммо демократлар бундай йўлга қаршилар.
Айнан демократик бўлмагани учун, “Эрк” партиясининг 53-54-чилар гуруҳи Тоҳир Йўлдош ва у орқали Толибон билан ҳамкорлик қилди. Улар ҳозир ҳам биргамилар, ёки йўқми, билмайман. Аммо, бир танишимнинг айтишича (АҚШда мен билан бир штатда яшайдиган бу танишимнинг исми ҳам Тоҳир), 53-54-чиларнинг сайтларида кўринишидан Тоҳир Йўлдош ҳадя қилган ҳарбий дала формасига кийинган бош 53-54-чи - Садай Мадаминнинг расми бор эмиш. Бундай совға сифатидаги форманинг кепкасида олтин иплар билан “Оллоҳу Акбар” сўзлари тикилган бўлиши керак. Муқаддас калима сўкиб ташланган бўлса, бу факт, мен авваллари ҳам айтиб келганимдек, 53-54 нинг қўрқоқлиги ва биринчи имкон бўлиши билан имонини ҳам сотишга тайёр эканлигини кўрсатади.
Дарвоқе, Хельсинки Комиссиясидаги чиқишимда, шу сайтларга қўйилган бир мақолани танқид қилганимдан кейин, у мақолани дарҳол олиб ташлаган эдилар. Ҳозир уларга мурожаатим - сўзларимни расмларни олиб ташлаш буйруғи сифатида кўрмасинлар. Зотан, мен уларнинг лидери эмасман. Мен ўзимни демократик мухолифатнинг лидерларидан бири деб биламан, холос.
6:00 - Андижонни хотирлаб: Париждан Москвагача
Кечаги хабарларимиздан бирида, Андижондаги қонхўрликнинг икки йиллигига бағишлаб Германиянинг пойтахти Берлинда ўтказилан тадбирлар хусусида маълумотлар бергандик. Шу кунларда Германия Европа Иттифоқида раҳбарлик қилаётгани сабабли, Берлинда ўтказилган учрашувлар, айниқса, “Бирлик”чи Анвар Усмоннинг Германия Ташқи Ишлар вазирлиги Марказий Осиё бўлими бошлиғи билан учрашуви шу кунларнинг марказий воқеаси бўлган эди.
Андижон воқеаларига бағишланган тадбирлар Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлди.
9 май куни Парижда “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассосиациясининг президенти Надежда Отаева раҳбарлигида Андижон воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан матбуот конференцияси ўтказилди, ундан кейин Даниялик кинорежиссер-документалист Майкл Анерсоннинг Андижон фожеасини англатувчи ҳужатли фильминг намойиш уюштирилди ва у муҳоккама қилинди.
Бу йиғилишга таклиф қилинган Буюкбританиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Грег Мюррей номаълум сабаб билан ва “Бирлик” Партияси Андижон вилояти иашкилотининг ҳозир Данияда яшаётган раиси Акбарали Ориф ҳужжатларидаги камчиликлар сабабли бу ерга вақтида виза ололмагани учун келишолмади.
Андижондаги қонхўрлик хотирланар экан, ўша кунги воқеаларнинг гувоҳи бўлган Нуриддин Низомиддинов ҳамманинг диққатини ўзига тортган шахс бўлди. У кинокадрларда кўрсатилган кўчаларнинг бирида 12 май куни футбол ўйнагани, эртаси куни эса, айнан шу кўчада дўстлари ҳалок бўлганини айтиб бериши йиғилганларга кучли таъсир қилди.
Кеча, 12 майда Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида асосан ўзбек қочқинларидан иборат тахминан 15 киши норозилик намойиши ўтказди. Мемориал ва Фуқоровий Ҳамкорлик ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этган бу тадбирни Баҳром Ҳамроев ташкил қилди ва бошқарди. Намойиш жуда кўп журналистлар томонидан кузатилди. Намойишчиларнинг қўлида “Жаноб Путин! Дўстингиз Каримов - қотил”, “Андижон хунрезлиги унутилмайди”, “Диктатор Каримов йўқолсин!” каби плакатлар бор эди.
Шу каби пикет-намойиш Швеция пойтахти Стокгольмда, бу ерда Ўзбекистон элчилиги бўлмагани учун, Европа Иттифоқининг ваколатхонаси олдида ўтказилди. Пикетчилар қўлида Москвадаги намойишчиларники каби плакатлар бор эди. Намойишчилар ЕИ ваколатхонаси ходимига ўз баёнотларини топширдилар. Унда Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши чоралар кўриш талаб қилинади.