25 April 2007
03:00 -
20:30 - Каримов Россия элчихонасида Елциннинг ўлимига таъзия билдирди - Виктор Януковичнинг Ўзбекистонга келгани ҳақида гап тарқалди - Гулбаҳорнинг суди очиқ ўтган, аммо ҳеч ким унга бормаган 20:00 - Абдураҳ
20:30 - Каримов Россия элчихонасида Елциннинг ўлимига таъзия билдирди

Бугун Россиянинг мамлакатимиздаги элчилиги биносига ташриф буюрган Ислом Каримов Таъзия китобига ўз ҳамдардлиги битилган бир неча сўзларни ёзиб қолдирган. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Фарит Мухаметшин билан узоқ суҳбат қуриб, Ўзбекистон-Россия муносабатлари, мамлакатлараро елкадошлик ва Россиянинг бугунги қайғусига шериклигини билдирган.

Виктор Януковичнинг Ўзбекистонга келгани ҳақида гап тарқалди

Бугун, 25 апрелда Украина ҳукумати раҳбари Виктор Янукувичнинг расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани, ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан учрашажаги, Олий Мажлис спикери билан ҳамсуҳбат бўлажаги хусусида маълумотлар тарқалди. Аммо мухбирларимиз уни куннинг биринчи ярмида Борис Елцинни дафн қилиш маросимларида кузатганини таъкидлашмоқда. Ҳукумат матбуоти ҳозиргача бу хусусида бирор нарса дегани йўқ.

Гулбаҳорнинг суди очиқ ўтган, аммо ҳеч ким унга бормаган

Кеча, 24 апрелда жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида Гулбаҳор Тўраеванинг суди якунлангани ҳақида маълум қилгандик. Айни пайтда маълум бўлишича, Гулбаҳорнинг суди очиқ ўтган, аммо на ҳуқуқ ҳимоячилари, на журналистлар бу мажлисга бормаган. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига интервью берган унинг қайнонаси: “...суд очиқ шаклда ўтди. Мен унда қатнашдим. Агар сизга бирор маълумот керак бўлса, нега судга келмадингиз, у ерда ҳеч ким бўлмади. Бечора аёлни қамаб қўйишди, 8 ойлик гўдаги қолиб кетди” дея гапни қисқа қилди. Гулбаҳорнинг эри Фарид эса унинг судда кечирим сўрагани, аммо бу изтиробларнинг инобатга олинмаганини айтди.

20:00 - Абдураҳим Пўлат: Демократ Борис Ельцин ва унинг Ўзбекистонда диктатурани тикланишидаги роли

Бугун Россия ўзининг биринчи президенти Борис Ельцинни дафн этмоқда. Аслида Михаил Горбачев Россиянинн биринчи президенти унвонига сазовор бўлиши керак эди. Чунки, собиқ СССР аслида замонавий Россия императорлиги эканлиги ҳаммага маълум бўлган факт. Аммо, 20 аср сўнгидаги мураккаб ва қоришиқ жараёнларнинг ҳукми бошқача бўлди ва биринчи қаторга Борис Ельцин чиқди.

Борис Ельцин нафақат Россия, балки дунё тарихида из қолдирди, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Унинг сиёсий мероси ҳали узоқ вақт ўрганилади. Лекин ҳозироқ баъзи хулосаларни бемалол гапириш мумкин. Биз учун муҳим бўлгани саволлардан бири: “Ельцин мамлакатимизнинг янги тарихига қандай таъсир кўрсатди, Ўзбекистонда диктатура ўрнатилишида қандай роль ўйнади?” Демак, Ельцинга биз берадиган баҳо ва у хусусида чиқарадиган хулосаларимиз шу саволнинг жавобига ҳам боғлиқ.

Қайта қуриш йилларини эсласак, Ельцин табиатан демократ бўлмагани, Горбачев каби катта ўзгаришлар тарафдори бўлиб ўртага чиқмаганини кўрамиз. У КПСС ичида эски Совет усуллари билан ўз мавқеини кучайтириш мақсадида Егор Лигачев билан кураш олиб борар экан, Горбачев унинг тарафини олмади ва натижада у феълан ҳокимият чўққисидан отилди. Горбачевнинг аввалги коммунист раҳбарлардан фарқли ўлароқ тоқатли сиёсати бўлмаса эди, Ельциннинг юлдузи ўша вақтдаёқ тамомийла сўнган бўларди.

Борис Ельцин қайта қуриш сиёсати берган фурсатдан жуда унумли фойдаланди. Бунинг устига янги шаклланиб келаётган сиёсий мухолифат ичида давлат тажрибасига эга бўлган шахслар йўқлиги сабабли, унинг асл лидерлари Афанасьев, Собчак ва бошқалар онгли равишда Борис Ельцинни олдинга суришга бошладилар. Аммо, 1991 йил 19 август куни унинг мардларча танк устига чиқишигина уни ҳақиқий лидерга айлантирди.

Унинг кейинги қадамларида ҳам нима қилиш хусусидаги программаси эмас, унда ички бир программа борлигига шубҳа қиламан, ўша кунларнинг конъюнктураси муҳимроқ роль ўйнади. Унинг Горбачевни сиёсий саҳнадан тушириш иштиёқи туфайли СССР тугатилди. СССР Ельцинсиз ҳам парчаланишга маҳкум эди, аммо у жараёнларни тезлаштирди.

СССРнинг йўқ қилиниши, бошқалар каби Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигига йўл очди. Бу бизнинг ҳам орзуимиз бўлгани сабабли, Ельциннинг шу йўналишдаги қадамларини чин кўнгилдан олқишладик.

Лекин, ҳис-туйғулардан бироз юқори туриб жиддий мулоҳаза қилсак, шуни тан олишимиз керак бўлардики, воқеаларнинг тезланиши 53-54-чиларнинг 1989 йилдаги сотқинлигидан кейин янгидан шаклланишга улгурмаган ўзбек демократиясининг оёғига болта урди ва мамлакатимизда қонли диктатура ўрнатиш учун муҳит яратиб берди.

СССР парчаланиб, Россия императорлиги Россия Федерациясига айлангач, Ельцин олиб борган сиёсат демократияни ривожлантириш йўналишида бўлди. Бугун буни факт сифатида кўрамиз. Аммо, 1992-95 йиллари Ельцин қайси йўлдан кетиши унчалик аниқ эмас эди. Мен бугун 1993 йили Туркияда яшаётган пайтимда қоғозга туширилган фикрларимдан бирини топдим. Ельцин бундан буён қандай сиёсат олиб боради деган саволга ўзим учун берган жавобимнинг маъноси шундай: “Россия тарихида диктаторлар кўп бўлган, биринчи демократ ўрни эса Горбачев томонидан эгалланди. Демак, руслар тарихида жиддий из қолдиришни истаётгани кўриниб турган анчагина амбицияли Борис Ельцин Горбачевдан ҳам демократроқ сиёсат олиб бориб, рус демократик давлатининг меъмори сифатида тарихга киришга интилади”. Воқеалар айнан шундай ривожланганини кейин ҳаммамиз кўрдик.

Аммо Ельциннинг демократ бўлмаган табиати билан демократ бўлиш истаги орасида мислсиз жанг бўлганини ҳам кўриш мумкин. 1993 йилда Россия парламентининг ўққа тутилиши, “ҳар ким қанча ҳазм қилолса, шунча суверенитит олсин” деган шиорлар отиш билан биргаликда Чеченитонга нисбатан олиб борган қатиққўлик сиёсати ва шу кабилар айтган фикримнинг исботи бўлолади.

Россиянинг Ўзбекистондаги режимга бўлган муносабати Ельциннинг нодемократик табиатини очиқча кўрсатиб берадиган энг яхши мисолдир. Танк устига чиқиб демократияни ҳимоя қилган одамнинг Ўзбекистондаги диктатурага кўз юмишини бошқача тушунтириш мумкин эмас.

Ельцин 1992 йил май ойи ўртасида МДҲнинг саммитида иштирок этиш учун Тошкентга келди ва очиқчасига Каримовнинг қўллаб қувватлашини намойиш қилишга ҳаракат қилди. Бир неча кундан кейин Россия ва Ўзбекистон ўртасида илк дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Россия ҳокимиятида кўпчиликни ташкил қулувчи демократлар ўша кунга қадар Ўзбекистон билан шартнома имзолаш учун бир қатор демократик талаблар қўйишмоқда эди. Ельцин шахсан ўзи уларнинг ҳаммасини оғзини ёптирганини мен аниқ биламан. Ўша кунларда бир қатор рус демократлари билан яккама-якка учрашгандим. Мисол сифатида 3 учрашувим хусусида гапирмоқчиман.

Масалан, ўша пайтда рус сиёсатида муҳим роль ўйнагна шахслардан бири, Ельциннинг маслаҳатчиси Станкевич мен билан учрашар экан, кўзини кўзимдан олиб қочиб (ҳар ҳолда уят нима деганини биладиган инсон эди), Россия буюк давлатчилигини (державани) тиклаши кераклиги, шу сабабли демократия билан бир қаторда мамлакат манфаатларини ҳам унутмасликлари лозимлиги, Ўзбекистон МДҲдаги катта давлатлардан бири сифатида Россия учун муҳимлиги, шу сабабли мавжуд ҳукумат билан ҳамкорлик қилишлари шартлиги ҳақида “лекция” ўқиди.

Россия Ташқи ишлар вазирининг МДҲ ишлари билан шуғулланувчи ўринбосари, авваллари ҳақиқий демократ бўлган яхшигина танишим Шелов-Коведяев ҳам менга шу каби ашулалар айтишга бошлади. Ваҳоланки, у Ўзбекистондаги аҳволни жуда яхши биларди. Масалан, у 1990 йил 27 апрель куни Тошкентда эди ва мени ярим кечаси Фрунзе райион судида суд қилишаётганда у ерга келган, уни суд биносига ҳам киритишмаганда, суд бўлаётган хонанинг деразаси олдига келиб, темир панжаралар орқасидан менга далда берган ва судьяга ўзини танитиб (Шелов-Коведяев ўша пайтда Рооссия парламенти аэзоси эди ва парламентнинг 3 кишилик ҳайъати билан Тошкентга келганди), судга киритишни талаб қилган. Кейин у Каримов билан ҳам кўришган.

Айтишни истаганим учинчи учрашув буюк Сахаровнинг ўқувчиси, Совет замонида дисседент бўлган, 1990 йилда Россия парламентига сайланган Лев Пономарев билан бўлганди. У ўз ғазабини яширолмасдан шундай дегани эсимда: “Нима бўлаётганини тушунмай қолдим. Дума раисининг демократ ўринбосари Филатов ҳамма демократ депутатлар билан бирма-бир гаплашиб, мен билан ҳам, Ўзбекистон-Россия шартномасини ратификация қилиш вақтида овоз чиқармасликни Ельцин номидан талаб қилди. Мен барибир қарши чиқаман, аммо, кўринишидан, бир ўзим қоладиганга ўхшайман”.

Шундай бўлди ҳам, Россия-Ўзбекистон шартномаси Россиянинг демократик руҳдаги Думаси тарафидан Ўзбекистондаги мавжуд вазиятга мутлақо кўз юмиб, сал кам якдиллик билан маъқулланди. Ваҳоланки, шартнома маъқулланса ҳам, уни муҳокама қилиш вақтида Ўзбекистон режими қораланса, ундан демократия томон юриш талаб қилинса, шунинг ўзи Каримов учун катта сигнал бўларди. Аслида эса, Каримовга тамомийла бошқача сигнал берилди. Кейинчалик ҳам умуман олганда демократик бўлган Ельцин ҳукуматининг Каримовга муносабати шу сигнал доирасидан чиқмади.

Ельцин президентлигини давом этирар экан, кун сайин унинг нодемократик табиати демократ бўлиш истагидан устун келабошлади. Буни кўриш учун мисоллар жуда кўп, бугун бу саҳифа уларни муҳокама қилиш жойи эмас. Лекин Ельцин охир-оқибат ўз табиатига содиқ қолганини ҳаммамиз очиқча кўрдик.

Демоқчиманки, Ельцин ўз ўрнига номигагина демократик усул билан КГБ полковниги Путинни ўтказиб кетиши ҳеч тасодифий ҳам эмасди, билмасдан қилиб қўйган хатоси ҳам. Бу унинг онгли, тиришқоқлик билан бекитиб келган табиатидан келиб чиқиб қилинган мантиқий қадами эди.

Минг афсуски, русларнинг ўзи ҳам буни вақтида фарқ этолмадилар ва натижада бугун шаҳдам қадамлар билан Путин раҳбарлигида диктатура томон кетмоқдалар.

Нима бўлганда ҳам, Ельциннинг ўз табиатига қарши бўлса ҳам қилган мардларча қадамлари СССРнинг парчаланишига, кўп мамлакатларда демократиянинг янада ривожланишига йўл очди. Ҳозирги орқага чекинишларга қарамасдан, Ельцин бошлаб берган жараёнлар ҳали мевасини беради. Унинг ўзи буюк ва мураккаб шахс сифатида тарихда қолади.

19:00 - Россия ширкатларининг Ўзбекистондаги фаолияти аҳолини норози қилмоқда

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот билан ишлаш бўйича вакилларидан маълум бўлишича, шаҳар маъмурияти ва Россиянинг "Лукойл Оверсиз” (LUKOIL Overseas) компаниялари ўртасида узоқ йиллик шартнома имзоланган. Унга кўра, иқтисодий, хайрия фаолияти ва шаҳар ижтимоий инфраструктурасини такомиллаштириш сингари соҳаларда компания билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Мазкур меморандум Ўзбекистон-Россия ҳукуматлари орасида илиқ муносабатларнинг натижаси, деди шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси.

Бироқ Лукойл Оверсиз сингари компанияларнинг Ўзбекистон пойтахтидаги фаолияти айрим ҳолларда аҳолининг тинчини бузяпти. Гап шундаки, мазкур хилдаги ташкилотлар офислари учун аҳоли турар жойлари бузилиб, кўп ҳоларда уй эгалари билан ҳисоб-китобларда зиддиятлар мавжуд. Масалан, пойтахтнинг Арпапоя кўчаси (Бешёғоч мавзеси)да қад ростлаши кутилаётган Россиянинг Management-Oil компанияси билан аҳоли ўртасида жиддий низолар пайдо бўлган.

17:00 - Узбекские власти отказались встречаться с комиссаром ООН

Правительство Узбекистана не позволило верховному комиссару ООН по правам человека Луизе Арбур посетить страну во время ее турне по Центральной Азии. Как сообщила в среду сама Арбур, начавшая визит в Киргизию, узбекские власти уведомили ее администрацию, что не могут принять ее. «На наш запрос о встрече, узбекские власти сообщили, что у них нет времени», - сообщила Арбур. // Associated Press

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону