14 April 2007
03:00 -
20:00 - “Бирлик” Партияси Наманган ташкилотида янги раис сайланди 6:00 - Абдураҳим Пўлат: Тасодифми ёки тақдир, Шералининг кассетаси яна қўлимга тушди
20:00 - “Бирлик” Партияси Наманган ташкилотида янги раис сайланди

Бугун Наманганда “Бирлик” Партияси вилоят ташкилоти Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Ташкилот раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган Носир Зокир раислигидаги мажлисга вилоят туманлари ва Наманган шаҳри вакиллари ҳамда меҳмон сифатида партиянинг Фарғона вилоят ташкиолоти раиси Адҳам Муҳиддин қатнашди. “Бирлик” Партияси раисининг водий ишлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон бу мажлисни тайёрлашда иштирок этган бўлса ҳам, оилавий ишлари сабабли бугун Наманганга келолмади.

Мажлиснинг кун тартибида 3 масала бор эди. Булар:

- Вилоят ташкилотининг раиси Муҳаммадали Қорабоев қамалгани сабабли унинг ўрнига янги раис сайлаш;
- Вилоят ташкилотидан партия Марказий Кенгашига сайланган аъзолар масаласи;
- Президент сайловига тайёрланиш.

Биринчи масала. Мажлис қатнашчилари Муҳаммадали Қорабоевнинг қамалишини тамомийла сиёсий сабаблардан эканлигини эътироф қилиб, уни озод қилиш учун қонуний йўллар билан курашни давом эттиришга келишдилар, бу ху сусда махсус баёнот қабул қилдилар. Ушбу масала бўйича “Эзгулик”нинг маҳаллий ташкилоти билан биргаликда фаолият кўрсатиладиган бўлди. Ҳозирги оғир шароитда вилоят ташкилотининг фаолиятни бошқариб туриш учун янги раис сайланиши мақсадга мувофиқ деб тан олинди ва Носир Зокир раислик вазифасига сайланди.

Иккинчи масала. Партиянинг 2003 йилдаги Таъсис қурултойида Марказий Кенгашга Наманган вилоятидан уч киши сайланганди – Муҳаммадали Қорабоев, Собитхон Устабоев, Ғофуржон Тошпўлатов. Айтилганидек, Муҳаммадали Қорабоев қамоқда, Ғофуржон Тошпўлатов сўнги ойларда партия фаолиятидан четроқда қолмоқда, Собитхон Устабоев эса Андижон воқеалидан кейин Голландияга чиқиб кетгач, на ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида на мухолифатчи сифатида кўзга кўринарли фаолият олиб бормаяпти. Йиғилиш қатнашчилари бу йилги сайловлар арафасида вилоят ташкилотининг фаолиятини жонлантириш, партия Марказий Кенгаши мажлисларида Наманганликларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун партиянинг навбатдаги қурултойигача Собитхон Устабоевнинг ўрнига Носир Зокирни Марказий Кенгашдаги вилоят вакили этиб тайинлашга келишишди. Ғофуржон Тошпўлатов ва Собитхон Устабоевларни партия фаолиятига тортиш вазифаси Носир Зокирга юклатилди.

Учинчи масала. Партия Марказий Кенгаши тарафидан президент сайловларида иштирок этиш учун мухолифатнинг умумий номзодига номзод вилиб Абдураҳим Пўлатнинг кўрсатилиши қўллаб қувватланди. Марказий Кенгаш Ҳайъатининг шу йил 8 апрелдаги мажлиси қарорларидан келиб чиқиб қилинидиган ишларнинг режалари хусусида келишилди. Бу йилги сайлов кампаниясидан 2009 йилда бўладиган парламент сайловларига тайёрланишнинг муҳим босқичи сифатида фойдаланиш фикри маъқулланди.

АҚШдан Наманганга бир неча марта телефон қилган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат феълан йиғилишда қатнашди, ҳамма билан суҳбатлашди ва сўнгра Носир Зокирни табриклади.

6:00 - Абдураҳим Пўлат: Тасодифми ёки тақдир, Шералининг кассетаси яна қўлимга тушди

Қандай қилиб Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ёзилган бир кассета 10 йил аввал қўлимга тушгани ҳақидаги ҳикояни ва бу хонанданинг мунофиқлигини кўрсатувчи 1989 йил воқеасини “Ҳаракат” журналининг йиллар аввалги бир сонида (№ 3 (24), 2000) эълон қилгандим.

Ўтган куни, мутлақо тасодифан, эски қоғозларим ичидан бир нарсани қидирар эканман, Шералининг ўша кессетасини кўриб қолдим, юқорида тилга олган мақоламни, у билан боғлиқ воқеаларни эслаб туриб, ББСнинг сайтига кирсам, яна тасодифни қаранг, у ерда хонанданинг 60 йиллигига бағишланган интервью бор экан. У билан суҳбат қилган ББС мухбири менинг мақоламда тилга олинган муҳим воқеаларни билмаслиги мумкин эмас. Шундай экан, у нима учун хонанда билан суҳбат қилаётганда миллатимиз тарихида ҳам жой оладиган кунларни эсламади, нима учун ўша воқеалар хусусида мунофиқ хонандаги саволлар бермади?

Мен бу радионинг ўзбек хизмати ходимлари Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг назорати остида ишлашлари, баъзилари тўғридан тўғри МХХ агенти эканликларини кўп марта ёздим, ўз иддаоларимни ҳар жойда асослаб бероламан. Шу мантиқдан келиб чиқибгина, ББС нимага Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун кураш олиб борилган йилларга оид Шерали ҳам иштирок этган муҳим воқеларани эсламаганини тушуниш мумкин. Ахир, қарға қарғанинг кўзини чўқирмиди?

У воқеалар билан яқиндан танишиш истаги борларга ўша айтилган мақоламни ўқишни тавсия қила туриб, бу ерда унинг асосий нуқталарини тилга олмоқчиман.

1988-89 йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида каби Ўзбекистонда ҳам миллий-демократик руҳдаги кучлар шаклланабошлади, «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилди.

«Бирлик»нинг ўртага отган шиорларидан бири, айни замонда асосийси – «Ўзбек тили давлат тили бўлсин» шиори эди. Бу - миллатнинг шу пайтгача очиқ айтолмаган орзуси эди. Биз «Ўзбек тили –давлат тили» бўлсин талаби билан митинглар ўтказишга бошладик. 1989 йили ёз бўйи тайёрланиб, сентябрь-октябрь ойларининг ҳар якшанба куни Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида оммавий митинлар ўтказишга қарор қилдик. Режамиз буйича 10 сентябрдаги биринчи митингга 100 минг одам, тил масаласи парламентда кўриладиган кун арафасидаги митингга 1 миллион одам тўплаш эди. Албатта, илк мақсадимиз ўзбек тили эди, аммо шу йул билан жамиятни сиёсатлаштириб бориб мустақиллик учун курашга замин тайёрлаш мумкинлигини яхши тушунардик.

Ёз ойларида Ўзбекистонга раҳбар этиб тайинланган Ислом Каримов ўзбек тилининг давлат тили бўлишини истамаганларнинг биринчиси эди. У бизни тўхтатиш учун, кейинчалик «Эрк» партияси раиси бўлган, аммо ўша замонда «Бирлик»нинг раҳбариятида ер олган Салай Мадаминовни осонликча сотиб олди ва ёзувчиларнинг «Бирлик» раҳбарияти ичидаги салмоғидан фойдаланиб, 10 сентябрга мўлжалланган митингни қолдиришга эришди.

Бу кутилмаган ўзгаришлар қаршисида аввалига шошиб қолган «Бирлик»чилар кейинги митингни 24 сентябрга режалаштирдилар. Ҳукуматдагиларнинг фикрича, ичидан зарба олган «Бирлик»нинг митингига кўп одам келмаслиги керакди. Аммо бу унчалик пухта тайёрланмаган митингга ҳам тахминан 10 минг одам келди. Ўша куниёқ кейинги митингнинг куни деб 1 октябрь белгиланди.

Каримов ва ҳукумати яна таҳликага тушганди. Улар тезлик билан қарши чоралар кўрабошладилар. Уларнинг топшириғи билан Салай Мадаминов ва атрофидагилар «Бирлик» Низомига хилоф равишда 8 октябрга унинг Марказий Кенгаши мажлисини чақириб, у мажлисда мавжуд ҳукуматга қарши чиқаётган Абдурахим Пўлатовни раисликдан оламиз, деб эълон қилдилар, хеч ким митингларга чиқмасин, митинг қилиш кўча чангитишдан бошқа нарса бермайди, деб студентлар орасида пропаганда олиб бордилар.

Хукумат бошқа чоралар ҳам кўрди. Улардан бири шундай бўлган.

Ўша замонда Шерали Жўраев студентлар орасида ўта популяр эди. Унинг концертларига билет олишга ҳамма ҳам муяссар бўлавермасди. Тилимизни давлат тили қиламиз, деб майдонларни тўлатаётганларнинг салмоқли қисми студентлар эканлигининг фарқига етган ҳукумат 1 октябрь кундуз соат 12да (митинг бошланиш вақти) Тошкентдаги Ленин номли Халқлар Дўстлиги саройида студентлар учун Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштирди. 70 йил халқлар устида истаган ишини қилган коммунистик хукуматнинг цинизми балки тушунарлидир, аммо Шерали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган гўдакмиди? У ҳамма нарсани биларди, лекин ўз миллати ва тилига нисбатан хоинлик қилди, ўша куни концерт берди.

Барибир митингни тўхтатолмадилар. Ўн минглаб кишиларнинг «Озодлик! Хуррият! Ўзбек тили – давлат тили!» деб хайқиришидан Тошкент кўчалари ларзага келди. Бу далғалар билан тахти ҳам ағдарилишига ақли етиб қолган Каримов дарҳол тил ҳақидаги қонуннинг янги, анча яхши лойиҳасини эълон қилишга мажбур булди. Шерали эса унинг назарига тушиб, дастурхонига яқинлаштирилди Шу пайтда унинг атрофида гирди капалак бўлган “дўстларининг” сони роса ортди. Кейин подшохлар, диктаторлар атрофида тез-тез бўлиб турадиган оддий ҳол юз берди, қандайдир сабаб билан Шерали назардан тушиб, дастурхон атрофидан қувилди ва «зукко дўстлар» бир зумда ғойиб бўлишди.

Ана шунда Шерали, одамнинг «ошиғи олчи» бўлган пайтда атрофи тўла дўст бўлиши, бошига бало келганда «дўстлар»нинг кўпчилиги ўзини олиб қочиши ҳақида йиғлаб, “Дўст бўлсанг ёнимда тур” ашуласини айтганди.

Мен юқорида айтилган мақоламда Шералига қараб шундай хитоб қилганман: «Эй, мунофиқ! Подшохнинг назарига тушганинг учунгина атрофингда гирдикапалак бўлган «дўстларнинг» вафосизлигидан шунчалар йиғлаяпсан, лекин ўзинг дўстларингга содиқмидинг, уларга вафодорлик қилганмисан? Дўстларинг сенинг шахсий ишинг. Уларни қўйиб турайлик, олдида бурчинг бўлган миллатингга содиқлик қилганмисан? Бошқа муқаддас жиҳатларини қўйиб тур, тирикчилигинг манбаи бўлган қўшиқларингни тили – ўзбек тилига содиқлик қилганмисан? Ўлаётган демайман, чунки уни ўлдироладиган куч йўқ, аммо топталган ва таҳқирланган тилимизнинг қаддини ростлаш учун майдонларга чиққан миллатимиз фарзандларига хоинлик қилишдан ўзингни тияолганмисан?...

Балки, у пайтда миллий шуурингни парда тортиб қолганини айтиб бугун ўзингни оқламокчидирсан. Ундай бўлса, ўша кунги «ишинг» учун пушаймонлигингни билдирдингми, миллатимиздан, тилимиздан узр сўрадингми?

Халқимизнинг «Сўнгги пушаймон, ўзингга душман» сўзларини рўкач қилиб, сени ўзингни ўзингга душманлик қилишга чақираётганимдан ўпкаланма. Зотан, мен сени ўйлаётганим йўқ. Минг афсуски, миллатимиз ичида, ичидаги шайтоннинг ноғарасига ўйнаб юборишдан ўзини тўхтатолмайдиганлар бор ҳали. Мен уларни ўйлаяпман. Сенинг пушаймонинг уларга дарс бўлар, уларни нопок ишлардан тўхтатар, деб умид қиляпман.

Ҳа, минг афсус, бундай инсонлар, ҳали бор бизда. Мисол учун жуда узоққа бориш ҳам керак эмас. Сен Каримовнинг ноғарасига ўйнаб 1 октябрь куни Халқлар Дўстлиги саройида ўзбек йигитларини манқуртлаштириш учун тор чертдинг. Юқорида айтганимдек, сенга ўхшаган бошқа бир ижодкор эса бир ҳафта олдинги митингимизни бузишга ҳаракат қилганди, у ҳам сен каби бу ишни эплай олмаган бўлса-да, тиришқоқлиги учун подшох назарига тушди. Ўша куниёқ Каримов тарафидан қабул қилинган бу шоир қилолмаган иши учун ўзини оқлаб, келажак учун аванс олмоқчи бўларди:

«Бу «Бирлик»ни биз тузганмиз, Ислом Абдуғаниевич. Студентлар айтганимни қилишарди. Бугунги митингни бошланмасданоқ тарқатиб юбормоқчм эдим, Пўлатов раислигидан фойдаланиб қўлимдан микрофонни олиб қўйди, – дерди Салай Мадаминов. - Одамларимиз бошлиқнинг гапига кўпроқ қулоқ солиши маълум нарса. Шунинг учун яқин кунларга Марказий Кенгаш мажлисини чақирганмиз. Раисни алмаштирамиз. Ундан кейин ҳеч қандай митинглар бўлмайди Ўзбекистонда. Биз Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз.»

Ҳозир ўша мунофиқ ҳам ҳамма ерда Каримовнинг вафосизлигидан йиғлаб юрипти. Ўз вафосизлиги эса хаёлига келмайди. Сенга ўхшаб…»

Мен Шералини 60 ёшга тўлиши билан табриклаш ниятида бўлмасам ҳам, унга Оллоҳдан умр тилайман. У ўзбек халқи ўз тарихини очиқча ўрганоладиган, ким унга садоқатлик билан хизмат қилгану, ким унга сотқинлик қилганини ўрганиб оладиган кунларгача етиб боришини истайман. Шундай кун келганда халқимиз Шерали ва Салой каби мунофиқларни, энг камида рамзий шаклда, эшакка тескари ўтказиб шаҳар айлантиришига ишонаман. Чунки, халқ шундай қилмаса, ҳар доим хоинлик қурбони бўлиб қолаверади, бугунгиси каби қулликдан ҳеч қачон қутулолмайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону