Аввалги хабарларимиздан бирида 8 сентябрда Тошкентда ўтказилган “Бизнесс ва инсон ҳуқуқлари: Ҳимоя ва ижтимоий маъсулият” номли халқаро конференция ишида Дания инсон ҳуқуқлари институтининг маслаҳатчиси Клэр О'Брайн ва ЕХҲТнинг Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси (ДИИҲБ) бўлимининг раҳбари Снежана Бокулич иштирок этишган бўлсада, улар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашишга ҳам ҳаракат қилишмаганини афсусланиб билдиргандик.
ЎзАнинг бугунги хабаридан маълум бўлишича, Тошкентда маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш ва демократлаштириш масалаларига бағишланган бошқа бир халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтибди. Конференцияда Германия, Украина, Франция, Эстония ва бошқа қатор хорижий давлатларнинг экспертлари, Ўзбекистон Олий ва Хўжалик судлари, Бош пора-куратураси, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Божхона ва Солиқ давлат қўмиталари вакиллари, мамлакатимизнинг маъмурий ҳуқуқ соҳаси олимлари ҳамда мутахассислар иштирок этишибди.
Шуни ҳам айтиш керакки, бу тадбир кўпчиликка “Венеция комиссияси” номи билан танилган “Европанинг ҳуқуқ орқали демократия учун комиссияси” иштирокида ташкил этилибди. Бу Комиссиянинг россиялик аъзоси - Россия Конституцион Судининг раиси Валерий Зорькин эканлигиданоқ бу ташкилотнинг демократия ва ҳуқуқдан қанчалик узоқ туришини сезиш мумкин.
Хабарда президент Ислом Каримнинг номи қайта-қата такрорланади ва ҳамма қатнашчилар бу одам раҳнамолигида қилинаётган улуғ ишларни олқишлашганига урғу берилади.
Бу йиғилишда ЎзА мухбиридан бошқа биронта матбуот вакили қатнашмаганга ўхшайди. Хабарга биронта расм ҳам илова қилинмаган. Шу сабабли бу тадбирнинг мақсадини ҳам, унинг мажлислари руҳини ҳам, неча киши қатнашганини ҳам тушуниш қийин, дейди мухбиримиз.
Германия, Украина, Франция, Эстония каби давлатларнинг мутахассислари Ўзбекистон типик диктатура мамлакати эканлигини билмасликлари ва Ислом Карим раҳнамолигида ҳуқуқ соҳасида қандайдир ижобий ишлар қилинаётганига ишонишлари мумкин эмас. Шундай экан, бундай йиғилишлар ўтказишдан Ўзбекистон режимининг мақсади нима эди, деган саволга жавоб йўқ. Бу йўл билан Ғарбнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрини ижобий томонга ўзгартириб бўлмаслигини эса Ислом Каримнинг ўзи ҳам яхши тушунади.
Булардан биттагина хулоса чиқариш мумкин – мавжуд режим, чўкаётган одам каби, жон аччиғида пала-партиш ҳаракатлар қилиш босқичига келган.