03 July 2011
02:55 - Исёнчи журналистлар талаби ўрганилиши керак (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №26, 2.07.2011)
Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари 6 кундан бери Ўзбекистон Президентининг шахсий қабулини сўраб, очлик амалиёти орқали норозилик намойиши давом эттираётган Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг икки собиқ ходимаси Саодат Амонова ҳамда Малоҳат Эшонқуловаларнинг ҳолидан хабар олди. Очлик соат сайин силласини қуритаётган журналистларнинг аҳволи ҳақиқатан ҳам хавотирли эканига амин бўлишди. “Қўйилган талабларимиз бажарилмагунича ҳаётимиз учун хавфли бўлган бу акцияни давом эттирамиз. Жисмоний зўриқиш, толиқиш мавжудлигига қарамай руҳан тетикмиз, бизни қўллаб-қувватлаётганлардан миннатдормиз” деди журналистлар. “Эзгулик” раҳбари Васила Иноят ўз тажрибасидаги очлик амалиётлари тарихидан сўзлаб, журналистларга далда берди.

Тиббий хизматлар олишдан бош тортаётган исёнчиларга шу пайтга қадар беш марта тез ёрдам машиналари чақирилган. Журналист Саодат Амонова бир марта шифохонага келтирилган, Малоҳат эса сурункали ҳолсизлик, қон босими кўтарилиши ва тахикардиядан шикоят қилмоқда. Журналистлар ўз уйида акция ўтказаётганига қарамай уларга нисбатан етарлича босим мавжуд. Хусусан, тиббий ёрдам машиналари орқали келган шифокорлар улардан руҳий “нуқсон” топишга аҳд уринишмоқда. “Агар мақсадларига эришишса, бизни бу ердан жиннихонага олиб кетишмоқчи” дейди Саодат Амонова.

Кўплаб оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуслар томонидан кузатиб борилаётган акцияга ҳозирча Ўзбекистон расмийлари муносабат билдиргани йўқ. Аммо сўнгги пайтларда ҳукуматнинг сиёсий масхарабозларидан бирига айланиб бораётган Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Ўзбекистон Президентининг жамиятни демократилаштириш борасидаги концепциал маърузасига нисбатан ошкора саботаж ўлароқ, норозилик акциясини ноқонуний, ҳатто "шармандали ва уятли ҳол" деб атабди.

Ҳолбуки, журналистлар мамлакат Президентининг жамиятни демократлаштиришга қаратилган маърузасида тилга олинган иллатлар - коррупция, порахўрлик ва маҳаллийчилик сингари фактлар борасида унинг ўзига шикоят қилишмоқчи эди. Афсуски, миллатимиз эрки ва иродасини намоён этадиган олий орган - Олий Мажлис Сенатида юқорида номи тилга олинган Ортиқова сингари шахслар ўтирар экан, бу баръердан ўтиш амри маҳол бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти журналистлар исёнини ўзига хос сиёсий ҳодиса, деб баҳолайди. Аввало, Ўзбекистон ҳукумати учун зарур бўлган ошкоралик ва демократия принципларидан келиб чиқиб, Президент маъмуриятини журналистлар тилга олаётган Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги маҳаллийчилик, коррупция ва порахўрлик ҳолатларини текширишга чақиради. Жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпусларни журналистлар тақдирига бефарқ бўлмасликка ундайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону