27 December 2006
04:00 -
19:00 - Бугунги вазиятдан чиқишнинг уч босқичли йўли (Демократик Ўзбекистон Конгрессининг мурожаати) 10:00 - Туркманистон мухолифатининг масхарабозлигини қайтармайлик
19:00 - Бугунги вазиятдан чиқишнинг уч босқичли йўли (Демократик Ўзбекистон Конгрессининг мурожаати)

Демократик Ўзбекистон Конгресси ҳамма ҳаммани Қурбон ҳайити ва Янги йил билан муборакбод этади ва янги йил халқимизни эркинлик сари етаклайдиган сана бўлишига умид қилади.
2007 йил халқимиз ва унинг бир бўлаги ҳисобланган Ўзбек мухолифати учун мутлоқ муҳим аҳамиятга моликдир.

Қўшни Туркманистонда диктаторнинг онийдан ўлиб қолганидан кейин унинг четдаги мухолифлари ҳеч нарса қила олмай, мамлакат яна бир тўда золимлар қўлида қолганидан сабоқ олган ҳолда ўзаги хорижда бўлган Ўзбек мухолифати учун бугунги вазиятдан чиқишнинг уч босқичли йўлини таклиф этмоқчимиз׃

1. Диктатура режимига қарши сиёсий кураш майдонига куч сифатида туша олиш учун Ўзбек мухолифатини битта-ягона йўли бор. У ҳам бўлса қарашлари, низолари, баҳслари билан бирга улар бир нечта эшиклардан кириб, битта эшикдан бирлашиб чиқмоқлари керак. Шундагина уларни дунё тан олади, халқ уларга эргашади ва кураш майдонига йўл очилади. Бу босқич Наврўз байрамига қадар тугатилиши керак.

2. Туркманларга ўхшаб диктатор ўлимидан кейин бирлашишнинг фойдаси бўлмайди. Бугун бирлашиш шунинг учун ҳам аҳамиятлики, 2007 йилда мамлакатда сайлов бор. Мухолифат сайловга ягона номзод билан кириши шарт. Бу номзод мамлакат ичидан чиқмоғи зарур. Агар ташқарида юрганлардан бирининг қонуний тартибда сайловда иштирок этиш ҳаққи бўлса ва у мухолифатга байроқ бўлиб мамлакатга кириб борса, биз унинг номзодини қўллашга тайёрмиз. Бу босқич сайлов эълон қилинишига қадар ўз ниҳоясига етмоғи лозим.

3. Ташқаридаги мухолифат тўпланиб, халқаро ташкилотлар намоёндалари билан бирга сайловда қатнашиши учун Ўзбекистонга кириб бориши лозим. Сайлов кампанияси бошланганда Ватан деб ҳайқираётган мухолифатчилар Ўзбекистонга қайтсалар ҳаммани қамаб ташлашнинг ўзи бўлмайди. Халқ ва дунё жамоатчилиги Ёдгор Турлибековларни қўллагани каби уларни ҳам ташлаб қўймайди.

Бу Ўзбек мухолифати учун сўнгги ҳал қилувчи имкониятдир. Бу имконият ҳам бой берилса, кейинги сайлов ҳақида гапиришни етти йил кутиш керак. Етти йилдан кейин бошқа етти йилни. Чунки бугун бир нарса қила олмаган куч эртага ҳам ҳеч нарса қила олмайди.

Жаҳонгир Маматов,
Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси.
27 Декабр, 2006 йил

Сайт маъмуриятидан: Бу Мурожаатнинг жиддий камчиликлари бор. Яқиндагина, Демократик Ўзбекистон Конгресси Абдураҳим Пўлат ҳам иштирок этган мажлисда шу йил ноябрь ойининг охирида Ўзбекистон мухолифатининг қурултойини чақиришга қарор (оламшумул қарор) қилган эди. Бу қарорни унутиб, у нима учун бажарилмаганини ҳатто тилга олиб ҳам ўтирмасдан янги лойиҳалар ўртага отилса, уларни ҳеч ким жиддий қабул қилмаслиги аниқ. Иккинчи томондан, сўнгги йилда мухолифатни бирлаштириш ва бирлаштириш механизмлари хусусида сал кам ҳамма лидерлар ўз фикрларини билдирдилар. Худди ўша фикрлар бўлмагандек, уларни мутлақо ҳисобга олмасдан, “янги қўриқ” очаётган кишидек иш қилиш ҳам ушбу Мурожаатнинг жиддийлигини шубҳа остига қўяди. Чунки, ўртадаги манзара - кўрлар билан соқовларнинг гаплашиши каби бўлмоқда.

10:00 - Абдураҳим Пўлат: Туркманистон мухолифатининг масхарабозлигини қайтармайлик

Кеча Туркманистоннинг Халқ маслахати деб аталмиш энг олий органи мамлакат президенти сайловларини 2007 йил 11 февралга тайинлаб, унда қатнашадиган 6 номзоднинг номини ҳам белгилади. Замонавий демократия нуқтаи назаридан масхарабозликдан бошқа нарса бўлмаган бу йиғилишнинг қарлорлари устидан бутун дунё кулмоқда десак, янглишган бўлардик. Дунё кулмаяпти, чунки, дунё уни туркман халқининг бугунги шармандали аҳволига мос нарса сифатида қабул қилмоқда, халос.

Туркманистон мухолифатининг масхарабозлиги ҳам дунё тарафидан айнан шундай қабул қилинаётганини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Аммо дунё кулмаса ҳам, биз қўшниларимиз устидан кулишимиз керак. Зора, шундай қилиб, Марказий Осиёда реалликни тушунадиган, ибтидоийликдан узоқроқ одамлар, яъни ўзбеклар борлигини кўрсатолсак.

Туркманистонда биздан фарқли ўлароқ, шаклланган мухолифат ташкилотлари йўқ. Ҳар бири чет элда яшайдиган ва бир неча кишидан иборат бўлган гуруҳлар ўзларини партия деб аташларини қўйиб туринг, улар ҳам кеча президентликка ўз номзодларини, яъни бир эмас, ҳар бири мухолифатнинг умумий номзоди деб айтилган икки кишининг исмларини эълон қилганларига нима дейсиз. Улар нафақат қайси қонунга, балки, қайси мантиққа асосланиб кўрсатилгани ҳам номаълум.

Аслида, ўзбек мухолифатининг улар устидан кулишга ҳаққи борми? Бор, чунки, ярим йилча аввал шу каби масхарабозликни Ўзбекистон мухолифати сафидаги “Эрк”нинг 53-54-чилар фракцияси намойиш қилганда, унинг устидан ҳам кулгандик.

Ўзбекистон мухолифати сафларида ҳозирги парокандалик давом этар экан, биз бундан кейин ҳам кулгига қолишга маҳкуммиз. Демак, бундай аҳволга тушмасликнинг бирдан бир йўли – парокандаликдан қутилиш, мухолифатни бирлаштириш. Бугун мавжуд бўлган мухолифат гуруҳларинининг, тўғрироғи демократик мухолифат гуруҳларининг орасида ҳеч қандай, қайтариб этиш керакки. ҳеч қандай ғоявий ва дастурий фарқ бўлмагани сабабли, аслида, бирлашиш йўлида принципиал тўсиқ йўқ. Бирдан бир тўсиқ – шахсий амбициялар.

Бугун бирлашиш жойининг адреси “Бирлик” Партияси эканлигини ҳеч ким рад этолмайди. Демак, ечим йўлида бир тўсиқ қолмоқда, у ҳам бўлса, лидер масаласи.

Борми ўзи лидерлик байроғини кўтароладиган инсон?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону