16 December 2006
04:00 -
21:00 - Абдураҳим Пўлат: Мухолифат ҳамма ерда тарқоқ. Россияда ҳам, Озарбайжонда ҳам, бизда ҳам. Нима қилиш керак?
21:00 - Абдураҳим Пўлат: Мухолифат ҳамма ерда тарқоқ. Россияда ҳам, Озарбайжонда ҳам, бизда ҳам. Нима қилиш керак?

Бугун Москвада “Бошқа Россия” (Другая Россия) блокида бирлашган мухолиф ташкилотларнинг “Норозилар Марши” (Марш Несогласных) номи остидаги митинги бўлди. Уни Москванинг марказий майдонларидан бирида ўтказишга расман рухсат берилганининг ўзи ҳам ижобий қадам ҳисобланмоқда. Маълумки, бу блокка сиёсий спекторнинг ўнг ва ўтасўл қанотидаги кучлар кирган бўлиб, унинг раҳбарлари ичида энг кўзга ташланадиган шахслар - собиқ Бош вазир Михаил Касьянов ва машҳур шахматчи Гарри Каспаровдир.

Ўтасўл ва ўнг қанотдаги сиёсий оқимларнинг бундай ғайритабиий бирлашишининг икки асосий сабаби - улар Путин ҳукуматига қарши бўлганлари ва айри-айри шаклда бирон иш қилолишга ўзлари ҳам ишонмасликлари.

Агарда бу блокда мавжуд режимга мухолиф бўлган ҳамма ўнг ва сўл гуруҳлар бирлашса эди, ғайритабиийликни тактик қадам сифатида қабул қилиш мумкин эди. Аммо, реаллик бошқача. Бу ерда сўл мухолифатнинг асисий кучи - Компартия йўқ, ўнгдаги асосий партиялар – “Яблоко” ( Россия Бирлашган Демократик партияси), СПС (Союз Правых Сил - Ўнг Кучлар Иттифоқи) ва Республикачилар партияси йўқ.

“Яблоко”нинг ҳеч ким билан бирлашиш нияти йўқ. У охирги парламент сайловларида ҳаммадан кўп, яъни 4,1 фоиз овоз олганини пеш қилиб, ўзини асосий ўнг қанот партияси деб баҳоламоқда ва ҳаммани ўзига қўшилишга чақирмоқда. Агар ўша сайловларда СПС 3,9 фоиз овоз олганини эътиборга олсак, 0,2 фоиз фарқ туфайли бу икки партия ўртасидаги лидерлик тортишувининг қанчалик кулгили эканини тушунамиз. Аммо бу Россиянинг бугунги борлиғи.

Дарвоқе, бугун СПС ўзининг қурултойини ўтказмоқда. Партия раиси Никита Белых яқинда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда унинг партияси ўзи туғилиб ўсган Пермь ўлкасида 16 фоиз овоз олгани билан мақтанмоқда. Мустақил экспертларнинг фикрича эса, бу оддийгина маҳаллийчилик белгиси.У бугунги нутқида “Яблоко” билан бирлашиш масаласидаги мулоқот боши берк кўчага кирганини, “Бошқа Россия” билан, унинг мақсади мавжуд режимни инқилобий йўл билан бўлса ҳам фақат йиқитиш бўлгани сабабли, бирлашиш бўлмаслигини айтди. Бизнинг мақсадимиз “сайловларда иштирок этиш, малакатнинг тараққиёти учун ислоҳотлар қилиш”, деди у.

Хуллас, рус мухолифатчилари ичида бирлик йўқ, улар кўринишидан яқин орада бирлашмайдилар ҳам. Сўл партияларни қўйиб турайлик, ўнгдаги партиялар нега бирлашолмайдилар, уларнинг дастурларида пичоққа илинадиган фарқ йўқ-ку? Тарқоқликнинг бирдан бир сабаби – шахсий амбициялар, шахсий манфаатлар.

Озорбайжонда ҳам аҳвол шундай. Ҳозир у ерда мухолифат ичидаги 5 буюк гуруҳ ҳақида гапириш мумкин. Булар:

1. Халқ жабҳаси партияси (раиси - марҳум Элчибейнинг сафдоши, қисқа вақт Давлат Котиби ҳам бўлган Али Каримли),

2. Мусават партияси (раиси - Элчибей замонида мамлакат парламенти Миллий Мажлиснинг раҳбари ҳам бўлган, ўша йилларда Халқ жабҳасидан ажралиб чиқиб, шу партияни тузган Иса Қамбар),

3. Миллий истиқлол партияси (раиси - 1990 йил январь ойида Бокуда бўлган қўзғалон раҳбарларидан, Лубянкада бир неча ой ўтириб чиққач, Элчибейдан аразлаб, ўз партиясини тузган, Элчибейни ҳокимиятдан йиқитиб, Ҳайдар Алиевнинг ҳокимиятга келишига катта ёрдам берган Эътибор Мамедов. У бизнинг 53-54 га ўхшаш мутлақо принципсиз шахс),

4. Демократик партия (раиси - Ҳайдар Алиев замонида қисқа вақт Миллий Мажлис раҳбари бўлган, 1994 йилда катта миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айблангандан кейин чет элга қочиб кетган ва шундан бери АҚШда яшайдиган Расул Гулиев),

5. “Миллий Бирлик” ҳаракати (раиси - Ҳайдар Алиев замонида узоқ вақт Давлат Котиби ҳам бўлган Лала Шовкет Ҳожиева).

Бу партиялар маълум вақтларда парламенга ҳам киролганлар, масалан, 1993-2004 йилларда Халқ жабҳаси партияси ва Миллий Истиқлол партияси 3-4 нафар депутатга эга эдилар, партия раислари ҳам уларнинг ичида. Ўша йиллари Мусават партияси улардан бу ноадолат шаклда сайланган парламентни тарк этишни талаб қилганида, улар “ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш зарур” дея буни рад этдилар.

2004 йилдаги сайловларда Халқ жабҳаси партияси, Мусават партияси ва “Миллий Бирлик” ҳаракати парламентга бир неча депутат ўтказолдилар, аммо биронтасининг раиси ўтказтирилмади. Табиий, бу сайлов ҳам аввалгилари каби тамомийла ҳукуматнинг бошқаруви остида ўтди. Ғарб мамлакатлари экспертлари ҳам, Озорбайжондаги мухолифатчиларнинг ўзи ҳам ҳукумат истаган одамларинигина парламентга ўтказаётганини тан оладилар.

Шу сабабли, Халқ жабҳаси партияси ва “Миллий Бирлик” ҳаракати парламентдаги мандатларидан воз кечдилар. Аммо, бу сафар, парламентда 2 нафар депутати бор бўлган Мусават партияси “ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш зарур” дея депутатларини чақириб олмади. Хуллас, яна бирлик баробарлик йўқ.

Кўринишидан бўлмайди ҳам. Аммо бир нарса аниқ. Бу 5 партиянинг бир биридан ҳеч қандай муҳим нуқталар бўйича фарқи йўқ. Бирлашолмасликнинг бирдан бир сабаби – шахсий амбициялар, шахсий манфаатлар.

Шу ерга келганда, худди ўзимизда, яъни Ўзбекистонда каби, дея оламизми? Албатта, чунки, амбиция ва манфаатлар - объектив категориялар, ножиддий одамларгина уларнинг борлигини инкор қилишга, улар билан ҳисоблашмасликка интилишлари мумкин. Ер ўз ўқи атроқида айлангани туфайли куннинг бир қисми ёруқ, бир қисми қоронғу эканлигини ҳисобга олиб яшаябмизми, сиёсий фаолиятимизда ҳам бу амбиция ва манфаатларни ҳисобга олишга мажбурмиз.

Амбиция ва манфаатларнининг борлигини ҳисобга олиш деганда, мен уларни қондириш лозимлигини назарда тумаяпман. Чунки, ҳамма нарса, биринчи навбатда, миллат ва жамият манфаатларига бўйсундирилиши лозим. Яна таъкидлайман, инсонларнинг амбиция ва шахсий манфаатлари борлигини ҳисобга олиш деганда, уларни қондиришни ҳам, уларни босиб-янчиб ўтишни ҳам эмас, уларни оқилона “айланиб ўтиш” йўлларини излаш кераклигини айтмоқдаман. Бу вақт талаб қилади, ишларнинг тезлигини камайтиради. Аммо бошқа илож йўқ.

Менинг демократик жамиятлардаги сиёсий ҳаётни кузатиш тажрибамга кўра, бундай “айланиб ўтиш” йўлларини қидириш сиёсатда жуда катта роль ўйнайди. Шу сабабли, демократияларда давлат, жамият ва оммавий ташкилотларни бошқариш юксак профессионализм ва санъат талаб қилади.

Диктатураларда эса, “босиб-янчиб ўтиш” каби энг содда ва ибтидоий йўл танланган. У нафақат ортиқча машаққат ва маҳорат талаб қилмайди (шунинг учун Каримов, Ниёзов, Луакшенко, Рахмонов кабилар бемалол “ўтиришибди”), кўпинча аввалига самарали кўринса ҳам, аммо, охир-оқибатда қонли йўлга айланади, жамиятдаги ривожланишни тўхтатади.

Демак, Ўзбекистонда ҳам аҳвол шу дедик. Бирлик-баробарлик йўқ, тарқолик бор. Шахсий амбиция ва манфаатлар бор, маъсулият йўқ.

Аммо, фарқли жойларимиз ҳам бор. Россияда Яблоко билан СПС, Озорбайжонда, масалан Халқ жабҳаси ва Мусават тахминан бир хил кучга эгалар. Бизда ундай эмас, санаб чиқилиши мумкин бўлган барча жиҳатлари билан ҳаммадан бир неча фоиз эмас, бир неча бош юқори турган “Бирлик” Партияси ва турли-туман маргинал гуруҳлар бор. Улар “Бирлик” очиб берган йўлдан, унинг изидан юришдан бошқа нарсани билмайдилар ҳам.

Биз, “Бирлик”чилар, 2003 йилда 10 йиллик сокинликни бузиб, мухолифатнинг фаолиятини катта сиёсий саҳнага олиб чиқдик. Шундан кейингина қимиллашга бошлаган майда гуруҳлар ойлардан кейин ўзларини кўрсатишга бошладилар, қисқа вақт ўтмасдан, яна парчалана бошладилар.

Ҳозир ҳам шундай бўлмоқда. Кечагина бутун мухолиф гуруҳлар, Бирлик”дан ташқари, Ўзбекистонда ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини айтиб, дод-фарёд қилишарди. Биз, ”Бирлик” фаоллари, тишимизни тишимизга қўйиб, қайтадан оёққа туриш учун курашдик. Ва бугун бунга эришдик. Кўриб турибманки, қолганлар энди ғимиллашга бошлашди.

Хуш, шундай шароитда нима қилиш керак?

Бу саволга менинг жавобим аниқ. Ҳаммани бирлаштириш лозим, аммо, бир ташкилотга, тўғрироғи, “Бирлик” Партиясига. Бугун бошқа йўл йўқ. Менинг фикрим шундай, бироқ, яна шуни аниқ биламанки, бошқа гуруҳлар ҳам шундай фикрга келишмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону