28 August 2006
03:00 - 20:00 - Каримовнинг димоғи чоғ...
20:00 - Каримовнинг димоғи чоғ...

...чунки “энг улуғ, энг азиз байрами“ - мустақиллигининг 15 йиллиги яқинлашмоқда. Шу муносабат билан у фармон чиқариб, 5 кишини “Ўзбекистон қаҳрамони“ унвони ва “Олтин юлдуз“ медали билан, 300 га яқин кишини ҳар хил фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотлади. Кузатувчилар ҳар йили ва ҳар хил байрамларда саҳийлик билан юзлаб бундай мукофотлар берилаётгани сабаб уларнинг қадр-қиммати тушиб бораётганини айтмоқдалар.

Каримов юбилей объектларини қабул қилишга асъаса-дабдаба билан ўзи бормоқда. Шу мақсадда у ўтган жума куни, кечқурун яна пойтахт кўчаларида бўлди. Сўнгги йилларда анча ўзгарган Алишер Навоий номидаги Миллий боғ (собиқ Комсомол кўли) ҳудудида янги қурилган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносидаги суҳбатида тарихда Амир Темур каби ном қолдириш нияти борлигини яширмади ва бунда узундан-узоқ қочирим иборалар қўлланди. “Биз, бугунги замон раҳбарлари, - у ҳоким бўладими, вазир ёки бошка раҳбар бўладими, - (бунёдкорлик борасида) Амир Темур каби бўлишларини хоҳлардим. ...Авлодларимиз бугун қураётган биноларимизни кўриб, қандай (яхши) сўзлар билан эсласа, бу - менинг орзуим, керак бўлса, бу - менинг армоним“, - деди Каримов.

Юнусободдаги янги қуриб битказилган “Универсал“ спорт комплексида Каримов ёш спортчилар билан учрашиб, у ёшларни деб буюк давлат қураётганини, ёшлар нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом бўлишлари кераклигини, ёшликдан иймонни бутун тутишлик ва муқаддас дину эътиқодга ҳеч қачон хиёнат килмаслик, аксинча, унга садоқатли бўлиш кераклигини уқтирди “Амир Темур бобомизни доим эслаб юринглар, - деди Каримов. - Бизлар кимнинг авлодимиз? Ҳеч кимга бўш келманглар, жумладан спорт майдонларида ҳам. “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз“ деган шиор билан яшаш керак.“

Бу ерда Каримовни Ўзбекистон мултимиллиардери Мираброр Усмонов Ўзбекистон Футбол федерациясининг раиси сифатида (у Алматов ўрнига бўлган) “Пахтакор“ стадионининг янги лойиҳаси билан таништирди. Президентга кўра, бу стадион меъморий ечими ва бетакрорлиги билан Марказий Осиёда ягона бўлиши керак.

Албатта, дейди мухбиримиз, Каримов охирги пайтда ҳатто Россияда диктатор Сталинни қайтдан улуғлаш белгилари пайдо бўлганидан рағбатланиб, халқ менинг ҳам барча золимликларимни унутади, одамлар мени - замонимда қурилган иншоотлар муносабати билан хотирлайдилар, деб ўйлаётган бўлса ажаб эмас. У янглишади. Россиядаги воқеалар ҳам вақтинчалик шамолларнинг натижаси. Сталин тарихда ГУЛАГи билан, Каримов эса, Жаслиги билан қолади. Агар қолса.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону