18 August 2006
03:00 - 24:00 - Абдураҳим Пўлат: Манманлигимнинг сабаблари бор 23:00 - Ўзбекистон телеэкранларида Андижонга қайтган қочқинлар 22:00 - Каримов марокашлик вазирни қабул қилди
24:00 - Абдураҳим Пўлат: Манманлигимнинг сабаблари бор

Ўз кучимга, тўғрироғи ўзим билан сафдошларимнинг, яна ҳам тўғрироғи “Бирлик”нинг кучига, фақатгина “Бирлик” мустақиллик ва демократия ғояларига содиқ қолган ҳолда амалда фаолият олиб бораётган ташкилот эканлигига ишонишимнинг сабаблари бор. Яъни, демоқчиманки, бирликчи сифатидаги манманлигим реалликка асосланган.

Бу реалликни кўрсатувчи бир неча мисол келтирмоқчиман.

1. 53-54-чилар тайёрлаган қурултой мен тараф бўлди

1989 йил 8 октябрдаги “Бирлик” Марказий Кенгашининг бўлиниш мажлисида кўпчилик, ўзини “Бирлик” асосчилари деб ҳисоблайдиган Дадахон Ҳасан, Салой Мадаминов, Усмон Азим, Зоҳир Аҳлам, Дилором Исоқова кабиларни эмас, менинг атрофимдагиларини қўллаб қувватлагани ҳақида кўп марта ёзилди. Ўша кунги мажлис тўла видеотасмага олингани ҳам айтилди.

Маълумки, ўшанда камчиликда қолган гуруҳ мажлисни ташлаб чиқиб кетди ва ўзини “Бирлик” деб атаб шу ном остида фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилди. Бу гуруҳни Каримов ҳукумати тўла қўллаб қувватлади ва уларга 11 ноябрда Қурултой ўтказишга рухсат берди.

Мавжуд шароитда бошқа йўлимиз йўқ бўлгани учун, биз ҳам шу Қурултойда иштирок этишга қарор бердик. Аммо, Қурултой тамомийла 53-54-чилар тарафидан тайёрланганди. Вилоятларда конференциялар ҳам ўтказилмади. Қурултойга делегатларни бу гуруҳ ўзи истаган, яъни ўзи ишонган одамлардан танлаб олди.

Улар аввалига мени Қурутойга киритмасликка қарор қилишди, аммо кейин антидемократикликда айбланмаслик учун, мен ва энг яқин сафдошларимга Қурултойга киришга рухсат беришди. Қурултойга танлаб келинган “ишончли” одамлари кўпчилик бўлгани учун, Абдураҳим ва атрофидагилари ҳеч нарса қилолмайди деган фикрга келишибди. Шундай бўлса ҳам бир шарт қўйишди. Мен раисликка даъвогар бўлмаслигим керак эди. Мен шундай ёзма ваъда ҳам беришга мажбур бўлдим.

Балки бу сатрларни ўқиётганлар кулиши мумкин, аслида, аҳволни фожеа деб таърифлаш лозим. Эндигина демократия учқунлари пайдо бўлишга бошлаган пайтда, эскича, совет типидаги, демократиянинг уруғи ҳам бўлмаган Қурултой тайёрланмоқда эди. Агар 53-54-чиларнинг режаси амала ошса, Ўзбекистонда эндигина оёққа турабошлаган демократия ўша пайтдаёқ йўқ қилинган бўларди ҳам.

Хуллас, Тошкентнинг Луначарский марказидаги эски кинотеатрда “Бирлик”нинг 2-чи Қурултойи бошланди. Мени ҳатто мажлис Ҳайъатига сайлатишмади. Номзодим таклиф қилинганда, мутлақо кўпчилик уни рад этди. Табиий, бу 53-54-чилар қандай “тайёргарчилик” кўрганини кўрсатмоқда эди.

53-54-чиларнинг режасига кўра, хўжа кўрсинга ўтказилаётган йиғилиш 2 соат ичида янги раҳбарият сайланиши билан битиши керак эди. Мени мажлис ҳайъатига ҳам сайламаган одамлар раҳбариятга ҳам киргазмасликлари ўз-ўзидан маълум эди.

Аммо мажлиснинг бориши 53-54-чилар чучварани хом санаб юришганини кўрсатди. Мен бир амаллаб сўз олиб одамларга бу нодемократик масхарабозликни бироз англатган эдим, тайёрлаб келинган одамлар исёнга ўтишди. Аввалдан тайёрларган сценарий бузиб юборилди. Шунда тушундимки, Горбачеанинг қайта қуриш сиёсати давомида бошланган демократик шамоллар бизнинг одамларга ҳам етиб келган экан. Бу - мағрурланишимиз керак бўлган воқеадир.

Қурултой қатнашчилари мажлис ҳайъатини менга ва тарафдорларимга истаганча гапириш учун имкон беришга мажбур қилишди. Гапирдик ва ҳамма нарсани йиғилганларга тушунтирдик. 2 соатга мўмжалланган мажлис 10 соатдан ортиқ давом этди. Уни эртага давом эттириш хусусида ҳам таклифлар бўлди. Лекин охир оқибатда Қурултой ўз ишини ўша куниёқ ярим кечаларда битказди. “Бирлик”да бир раис ўрнига раисдошлар сайланадиган бўлди.

Йиғилишнинг руҳи тамомийла ўзгарганди. Эрталаб мени мажлис ҳайъатига ҳам сайламаган одамлар мени раисдошлардан бири бўлишга мажбур қилабошладилар. Шунда Зоҳир Аълам сўз олиб, “Агар Абдураҳим Пўлат раисдошлардан бири бўлса, биз (у ашаддий 53-54-чиларни назарда тутмоқда эди) мажлисни тарк этамиз”, дея таҳдид қилди. Мен шундай жавоб бердим: “Мажлиснинг руҳидан кўриниб турибдики, мен раисдошлардан бири бўлсам, 5-6 кишигина мажлисини тарк этади. Аммо мен шуни ҳам истамайман. Номзодимни раисдошликка қўймайман”.

Ниҳоят 4 раисдош ва тахминан 60 кишилик Марказий Кенгаш сайланди. Аммо 3 раисдош ва Марказий Кенгаш аъзоларининг мутлақо кўпчилиги менинг яқин тарафдорларим эди. Буни кўрган 53-54-чилар кейинчалик фаолиятимизда иштирок этмадилар ва бир неча ойдан кейин “Эрк” халқ ҳаракати қурганларини эълон қилдилар, кейин у “Эрк” партиясига айлантирилди.

Хулоса шундан иборатки, 53-54-чилар ҳукумат ёрдамида мажлис қилиб ҳам “Бирлик”ни ўз тарафларига ўтказолмадилар. Тўғрироғи, ўшанда биз бунга йўл бермадик.

2. Турк ҳайъатининг ҳайрати

1992 йил 29 июнда менга қарши уюштирлиган суиқасддан кейин мухолифатга тазйиқлар оммавий кампанияга айланди. Кечагина ҳукуматга ўз таъсирини ҳам ўтказоладиган куч йўқ бўлди. Ҳатто учрашувларимизни яширинча ўтказадигаг бўлиб қолдик.

Ўша йил 1 декабрь куни менга телефон қилган ёзувчи, Ўзбекистон Маданият Фондининг раиси, ҳозир қамоқдаги Мамадали Маҳмудов кечқурун Москва (ҳозирги Чорсу) меҳмонхонасининг ресторанида бир гуруҳ Туркиялик сиёсатчи ва журналистлар ҳайъати учун дастурхон ёзаётганини айтди ва мени ҳам таклиф қилди.

Тахминан 10 кишилик ҳайъатга Туркиянинг “Миллиятчилик Ҳаракати Партияси” Истанбул ташкилотининг раиси Мустафо Шатирўғли бошчилик қилар экан. Қолганлар - бу партиянинг аъзолари ва бу партияга яқин бўлган газеталарнинг мухбирлари. Масалан, Ўртадоғи (Ўрта шарқ) газетасининг мухбири Явуз Селим Демироғ борлиги эсимда.

Гаплашиб ўтирдик, мен уларга “Бирлик”нинг тарихи, тазйиқлар остидаги фаолияти ҳақида гапириб бердим. Бироздан кейин кўрдимки, улар бир бирлари билан пичирлашиб нималарнидир гаплаша бошладилар. Кейин 1-2 кишидан бўлиб ташқарига ҳам чиқиб келдилар. Сўнгра Мустафо Шатирўғли гап бошлади. Ундан маълум бўлишича, Турк ҳайъати расман Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг оталиғида Тошкентда бир ҳафтача бўлибди. Вазирликнинг таклифи билан учрашувлар ўтказишибди. Ҳайъат аъзолари миллий руҳдаги мухолифат билан ҳам учрашиш ниятини билдиришган экaн, вазирлик уларни дарҳол “Эрк” партияси раҳбарларига рўпара қилибди. Салай Мадаминов билан ҳам кўришишган. Лекин на вазирлик ходимлари на “Эрк” раҳбарлари “Бирлик” каби ташкилотнинг борлигини ҳатто тилга олишмабди. “Энди тушундикки, - деб давом этти Шатирўғли, - ҳақиқий фаолият кўрсатаётган ташкилот “Бирлик” экан. Бизнинг партия Ўзбекистондаги миллатпарвар ташкилот бўлса берасиз дея икки минг доллар пул берган эди, уни кеча “Эрк” раисига топширдик. Ҳозир хатони тузатишнинг иложи йўқ. Биз ўзимиз, яъни ҳайъат аъзолари ўз чўнтагимиздан шу пулни йиғдик, уни Сизга топширмоқчиман”. Йўқ дейишимга қарамасдан, у менга 500 доллар пулни берди.

Буни тўғри тушуниш керак, мен бу ҳайъатнинг келганидан ҳам, улар кимгадир пул берганидан ҳам хабарим бўлмаган. Мамадалининг таклифини рад этолмай бу ерга келган ва уларга шунчаки ўз ишларимиз ҳақида гапирган эдим. Табиий, “Эрк” партияси раҳбарлари ҳам учрашув пайтида ўз фаолиятлари ҳақида гапиришган бўлса керак. Аммо, холис одамлар бизнинг фаолиятимизни устун деб топишди. Ваҳоланки, “Эрк” партиясига Тошкент марказидан ҳашаматли бино ажратилган, партия раҳбарияти учун ҳукумат тарафидан бир неча енгил автомобиль берилган, улар телефонлар билан, ҳатто ҳукуатнинг махсус телефони билан таъминланганлар, вилоятларда бу партиянинг фаолияти ҳукуматнинг ёрдамида олиб борилган. Бизга эса илтимосларимизга қарамасдан, бошқа нарсаларни қўйиб туринг, биронта хона беришмагани ҳам ҳақиқат.

Демак, шу шароитда ҳам айнан биз ҳақиқий фаолиятда бўлганмиз. Менинг ўзим ҳам шундай фикрда эдим, аммо, қайтариб айтаман, холис одамларнинг баҳоси биз учун жуда муҳим бўлди.

3. Туркиялик машҳур ёзувчининг ҳайрати

1992 йилнинг охирида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим. Аввал оилам билан бир неча ой Бокуда яшадик. У вақтда Элчибей президент эди. Танишларимиз бир амаллаб вақтнчалик яшашга жой топиб бериб, Элчибейнинг олдига киришни ва яхшироқ маскан сўрашни таклиф этдилар. Мен уларни рад этдим. “Уруш олиб бораётган бир мамлакат президентидан ёрдам сўраш уят”, дедим.

Кейин Туркияга кетишга мажбур бўлдик. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, 1993 йилнинг охири ёки 1994 йилнинг бошларида бир учрашувга таклиф қилишди. Ўша вақтда “Демократик Ёшлар Уюшмаси” номли ташкилот тузиш учун ҳаракат қилинaётганди. Бу хусусда газеталар ва телевидениедаги хабарлардан ҳам эшитгандим. Шу ташкилотнинг фаоллари билан учрашдик. Борганимдан кейин билдимки, улар фақат мени эмас, “Туркия” газетасининг машҳур бир ёзувчисини ҳам таклиф қилишибди. Унинг исмини, минг афсуски, ҳозир эслай олмадим. Аммо архивимдан унинг визит-картасини топиб, албатта бу эсдаликларимни унинг исми билан яқин кунларда тўлатиб қўяман. У Совет замонидан бошлаб Туркистонга бағишлаб китоблар ёзган, бир неча марта, охирги марта мустақилликдан кейин, Ўзбекистонни зиёрат қилган одам экан. Биринчи сўзни унга беришди. Аммо у “аввал маҳмондан эшитайлик” дея сўзни менга yзатди.

Ўзбекистон ҳақида, қайта қуриш йилларида бошланган миллий демократик ҳаракатларнинг тарихи, бугунги аҳволимиз ҳақида гапирдим. Туркиялик ёзувчи нималарни гапиришни режалаштирганини билмадиму, аммо у гапини ҳайратларини изҳор қилишдан бошлади. Унинг гаплари юқорида айтилган Мустафо Шатирўғлининг ҳикоясини эслатарди. Охирги марта у Ўзбекистонга борганда (1991 ёки 1992 йилни гапирди) уни ҳам Ташқи ишлар вазирлигининг ходимлари “Эрк” билан учраштиришбди. У бечора Ўзбекистонда бўлиб, ҳатто “Бирлик”нинг борлигини эшитмай қайтиб келибди. “Энди тугшундим, - деди у, - нима учун “Эрк” партияси раисига ҳатто сайловларда иштирок этишга рухсат беришибди, сизларни эса борликларингизни ҳам бекитишибди. Ҳукуматку майли, аммо учрашганимда ўзини демократ партия деб айтаётган “Эрк”нинг раиси ҳам сизлардан бир оғиз сўз очмади-я.”

У бола рухсат берилмаса, оғзини қўйиб туринг, бошқа жойини ҳам очмасди, деб ҳазил қилдим. Роса кулги бўлди.

Бу учрашув ҳам менинг ўзимга ва “Бирлик”га бўлган ишончимни яна ҳам мустаҳкам қилди. “Эрк”нинг қўғирчоқ партия эканлигини қўйиб туринг, бизнинг фаолиятларимиз ҳар қандай холис кузатувчилар тарафидан баҳоланганда, биз у партиядан ўлчаб бўлмас ва бекитиб бўлмас даражада юқори эдик. Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, ҳукумат бизни “Эрк” билан ҳам ёполмаганди.

Тўғри, ойни этак билан ёпиб бўлмайди, “Бирлик”нинг борлигини яширишга ҳукуматнинг ҳам кучи етмаган ва етмайди. Лекин шундай бўлса ҳам у бечоралар ҳалигача бу ниятларидан воз кечолмайдилар. Масалан, менинг исмимни Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида тилга олиш ҳам тақиқланган.

Ҳукумат, аниқроғи, унинг МХХ каби органлари бу ишга Озодлик, Америка Овози ва ББС радиоларининг ўзбек хизмати ходимларини ҳам тортишганига нима дейсиз. Бу бечоралар “Бирлик” сўзини ишлатмаслик учун қилган ҳаракатларини кўриб ҳайрон қоласан. Баъзида тамомийла “Бирлик” фаоллари томонидан уюштирилган воқеалар ҳақида репортажлар уюштиришга мажбур бўлишса ҳам, “Бирлик” сўзини ишлатмасдан ўтишади. Буларнинг ҳам нияти ойни этак билан ёпиш. Лекин этаклари кичкиналик қилади.

4. Ҳайратда қолиш навбати менга келганда

1994 йили бир Туркиялик танишим мени бир йиғилишга олиб борадиган бўлди. Диний йўналишдаги бир вақфнинг емакли тўплантисига (овқат ва мажлис баробар бўладиган йиғилиш) бордик. Мажлис жойига яқинлашиб қолганимизда “Сизга атайлаб олдиндан айтмаган эдим, аммо йиғилишда Ўзбекистоннинг собиқ муфтиси Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳам бўлади. Унга ҳам Сизнинг келишингиз айтилмаган”, деди у. Туркларнинг ичида ўзбек мухолифатчилари бир бирларини шундай ёмон кўришадики, бири борган ерга иккинчиси бормайди, деган гаплар юргани учун шундай қилишган экан. Мен кулдим ва Салой Мадаминовда шундай одат борлиги, бошқалар ичида бундай аҳмоқлик йўқлигини айтганимдан кейин, у бироз хотиржам бўлди.

Муфтий ҳазратлари билан эскидан танишман, бир маҳаллар бир округдан СССР халқ депутатлигига номзод бўлганмиз. Ўша пайтда Киров район ва Тошкент шаҳар коммунист партия ташкилотлари мени эмас, у кишини ғалаба қозонтириш учун қилган ишларини айтиб бериш учун алоҳида қисса ёзиш керак. Мен компартия аъзоси бўлганим, бу партиянинг аппарати ҳали ҳам атеистик бўлгани сабабли воқеанинг қанчалик ҳажвиябоп эканлигини ҳам ҳамма тушунса керак. Муфтийнинг мардлик қилган вақтлари ҳам бўлганини биламан. 1990 йили бизнинг истагимиз билан ўзбек ёшлари армия хизматини Ўзбекистонда ўтсин дея депутатлик қоғозида баёнот ёзиб берганлар.

Ўша куни туркларнинг йиғилишида эски воқеаларни ҳам эслаб гаплашиб ўтирдик. У киши “Менинг туркчам яхши эмас” дея у мажлисда гапирмади. Мен эса, Ўзбекистондаги воқеалар ҳақида гапирганимда, аввалига демократик ташкилотлар кучли бўлгани, дин уламолари ҳам бизни қўллаб қувватлагани, аммо Каримов ҳаммани бирма бир алдаб ўз томонига ўтказиб олгани ва тўла ғалаба қилгач, ҳаммани улоқтирганини алоҳида урғуладим.

Жойимга ўтирганимдан кейин муфти ҳазратлари: “Каримов ҳаммани алдай олган эмас” дедилар. Мени у киши ўзларини назарда тутмоқдалар деб тушундимда-да, бироз киноя билан сўрадим: “Ким экан ўша алданмаган”. Жавоб шундай бўлди: “Сиз”.

Тўғрисини айтиш керак, ўша мажлисда мен буни гапирмаган бўлсам ҳам, аслида шу фикрда эдим. Аммо, муфти ҳазратлари тарафидан қилинган бу эътироф мени ростдан ҳам ҳайрон қолдирди.

* * *

Бу каби мисолларни кўплаб келтиришим мумкин. Ҳаётимдаги бу воқеалар ўзимга жуда ишонишим, ҳатто баъзида манманлик қилишимга сабаб бўлаётганини тан оламан. Айни вақтда шуни ҳам биламанки, бу каби воқеалар мисолида кейинги авлод сиёсатчиларимиз етишади. Биз ўтган йўл шундай тажрибаларга бойки, уларни бошқалар билан ўртоқлашмаслик тўғри бўлмасди ҳам, деб ҳисоблайман.

23:00 - Ўзбекистон телеэкранларида Андижонга қайтган қочқинлар

Ўзбекистон режими Андижон қирғинидан жон сақлаб, қочқин мақоми билан хорижга кетган, сўнгра Ўзбекистонга қайтган шахслардан тарғибот воситаси сифатида фойдалана бошлади. Бугун, 18 август оқшомида “Ўзбекистон“ телевидениесининг “Ахборот“ дастури БМТ кўмагида Қирғизистондан Руминияга, сўнгра АҚШга борган ва бу ерда 8 ой яшаб, дастур диктори ибораси билан айтганда, “афсус-надоматлар билан“ Ўзбекистонга қайтган 67 ёшли Мақсуда Иброғимова, унинг 5 келини ва 3 ўғлини ўз томошабинларига намойиш этиб, гапиртирди.

Мухбир даъвосига кўра, аллақандай “даллолар“ бу андижонликларни “ўз уйи, шағри ва ватанидан чиқиб кетишга даъват этган“, “ўзини қонун ғимоячилари санагувчи маддоғлар тиш-тирноқлари билан уларнинг ортга қайтишига“ тўскинлик қилишган ва энди “даллол“ларнинг “асл башараси фош бўлган“ эмиш.

22:00 - Каримов марокашлик вазирни қабул қилди

Бугун Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов мамлакатимизга бир неча кунлик ташриф билан келган Марокаш подшоҳлиги қишлоқ хўжалиги, тараққиёт ва денгиз балиқчилиги вазири Мухаммад Лансерни қабул қилди. Вазир Каримовга ўз подшоҳи Муҳаммад Олтинчининг мактубини топшираркан, Ўзбекистон ва Марокаш ўртасидаги келгуси муносабатларга умид боғлади. Амалда борди-келди йўлга қўйилмаган, бирор соҳада ҳамкорлик ришталари боғланмаган бу Африка давлати мустақиллигимизни дунёда биринчилардан бўлиб тан олгани билан аҳамиятлидир. Расмий хабарда учрашув чоғида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилгани айтилади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону