19 August 2006
03:00 - 22:00 - Абдураҳим Пўлат: Гулчеҳра опа аввал аёл, она, кейин сиёсатчилар ва Бин Ладеннинг кимлигини биладилар 15:00 - Борсакелмасда қурилишга бошланган янги қамоқхона хусусида
22:00 - Абдураҳим Пўлат: Гулчеҳра опа аввал аёл, она, кейин сиёсатчилар ва Бин Ладеннинг кимлигини биладилар

Гулчеҳра Нуруллаева билан бошқа ҳамма ёзувчилар каби “Бирлик” тузилгандан кейин танишдик. У киши Ташаббус Гуруҳида бўлмасалар ҳам тез кунда кўзга кўринган фаолларимиздан бирига айландилар. Ўша пайтдаги Ташаббус Гуруҳининг котибаси Гавҳар Норматовага миллатпарвар одамлар фаолиятимизга ёрдам бериш мақсадида, табиий, имкониятлари доирасида, пул ҳам ташлаб кетишарди. Гулчеҳра опа бир кун бир минг сўм берибдилар. Бу ўша вақт учун жуда катта пул эканини ҳамма билса керак. Ҳамма нарса пул билан ўлчанмайди. Аммо шундай бўлса ҳам, бу воқеа у кишининг буюк табиатини кўрсатувчи муҳим воқеалардан биридир.

1989 йил 28 майда “Бирлик”нинг Таъсис Қурултойида Гулчеҳра опа ташкилотнинг Марказий Кенгаши ва унинг Ҳайъатига аъзо бўлдилар. Бир оздан кейин 53-54-чиларнинг хоинлиги туфайли “Бирлик” бўлинди. “Бирлик” позициясида туриб, хоинларга энг собитқадамлик билан курашганларидан бири ҳам Гулчеҳра опа бўлдилар.

53-54-чиларнинг ўша пайтдаги асосий байроғи - менинг ёмон инсон эканлигимни кўрсатиш мақсадидаги бўлар бўлмас гаплар тарқатиш эди: Ишхонамда компартия ташкилотининг серетари бўлганмишман (улар буни иллат деб ҳисоблашар, айни замонда, коммунистик ҳукумат билан ҳамкорликка чақиришарди), институтимиз директори устидан анонимка ёзармишман ва ҳоказолар.

Ўша кунларда Гулчеҳра опа “Абдураҳим Пўлатга” номли шеър ёзгандилар. У “Бирлик” газетасида, кейинчалик “Ҳаракат” журналида (№ 2 (23), 2000) чоп этилган. Унда қуйидаги сатрлар ҳам бор:

Улар Сизга тенглашoлмайди,
Фикри эмас ҳаттo ним чoрак.
Шуҳрат излаб, чoпмай oмади,
Аламлидир уларда юрак.

Биллур кулга супинди сoчиб,
Лoйқалашдан кoшки тинсалар,
Kимликларин қўйдилар oчиб
Мен пoкиза билган кимсалар.

Беандиша, сурбет, жангари,
Oдамийлик уларга қаҳат.
Тухмат, ғийбат - тoпинганлари,
Устингиздан тўкарлар аxлат.

Тутoқаман ҳақсизликлардан,
Инжа кўнглим ея берар ранж.
Сизнинг эса руҳингиз бардам,
Зувалангиз чинданми пўлат.

Гулчеҳра опа “улар” деганда Салой Мадаминов бошчилигидаги 53-54-чиларни назарда тутганларини ҳамма тушунса керак. “Улар”га берилган баҳо қанчалик тўғри бўлганини эса, ҳозиргача кўриб турибмиз.

Мен Гулчеҳра опанинг “Аввал аёл, она, кейин сиёсатчиман” деган сўзларини киноя билан эслаётганим йўқ. Том аксига, мен опани шу сўзлари учун яна ҳам кўпроқ ҳурмат қиламан. Ҳамма шундай бўлиши керак деб ҳисоблайман.

Аёллар аввал аёл, эркаклар аввал эркак, сўнгра сиёсатчи бўлса, ёмон бўлмасди. 53-54-чиларнинг ичида биронта эркаги бўлмагани учун улар бир кун миллатпарвар, сўнгра миллатфуруш, бир кун коммунистларнинг хизматкори, кейин террорист, энди дин фанатиклари бўлиб юришибди. Яқин келажакда улар динфурушга айланишларига ҳам ҳеч шубҳам йўқ. Сайтларида бош 53-54-чининг 2050 йилгача бутун дунё мусулмонга айланиши ҳақидаги мақоласини эълон қилатуриб, бир танқиддан кейин уни апил-тапил олиб ташлашлари, фикримнинг йўналиши тўғрилигини кўрсатувчи илк далолатдир.

Гулчеҳра опа “Мен аввал аёл, она, кейин сиёсатчиман” деган сўзларини менга 1999 йил ноябрь ойининг охирларида Истанбулдан телефон қилганимда айтдилар. Ўшанда Женевадан Тошкентга кета туриб, бир неча кунга Истанбулда тўxтаган Толиб Ёқуб билан кўришиш учун бу ерга келган эдим.

Опанинг бундай дейишларига сабаб бўлган нарса, 53-54-нинг укаларидан бири Қашқадарёлик Юсуф Рўзимуродов билан биргаликда Киевдан тутиб келингани ва 1999 йилнинг февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқаси борликда айбланиб, узоқ йилга озодликдан маҳкум этилгани эди. Тақдирнинг ҳазилига қарангки, ўша ука “Бирлик”ни сотиш эвазига акаси олган 53-54 номерли квартираларнинг бирида яшаганди.

Мен ўша кунларда “Каримов ўзи берган ҳашаматли квартирани кичикроқ ҳужрага алмаштирибди, хоинларни ўзича жазолабди, аммо уларни миллат жазолаши керак” деб ёзган эдим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Миллат қаҳрамонларини қадрламаса, хоинларини жазоламаса, қулликдан чиқолмайди.

Гулчеҳра опa бу гапларимга қўшилмасдан, бу оғир кунларда ака-ука 53-54-чиларга тош отмаслик кераклигини айтардилар.

Опа менинг “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати ҳақидаги фикримга ҳам қўшилмадилар. Шунда уларга бир тажриба ўтказишни тавсия этдим. “Ҳаракат” журналининг охирги сонларидан бири ҳақида кичик бўлса ҳам бир лавҳа тайёрлаб, уни эфирга чиқартиришга уриниб кўринг, дедим. Бир неча ойдан кейин, 2000 йилнинг бошларида, яна телефон қилиб “Нима бўлди?” деган саволимга кутилган жавобни олдим: “Абдураҳимжон, билмайман, нима бўлмоқда. Эфирга бўлар бўлмас эшиттиришлар ҳам кетаверади. Аммо менинг журнал ҳақидаги репортажимни “берамиз, берамиз” деб секин аста йўққа чиқаришди”.

Гулчеҳра опа билан ҳозир ҳам вақти вақти билан телфонлашиб тураман. Бундан 2-3 ҳафта олдин ҳам гаплашдим. Охирги воқеалар ҳам ҳақида фирлашдик.

Яқинда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида бир одамнинг мақоласидан “Биз ёшларимизни шундай тарбиялашимиз керакки, уларни Оллаҳ номидан ўлимга юборсак, кетаберишлари керак” мазмунидаги сўзларни ўқиб берганимни айтдим ва “бу кимнинг сўзлари бўлиши мумкин?” деб сўрадим. “Абдураҳимжон, бу каби сўзларни Бин Ладен айтади-да” дедилар Гулчеҳра опа. Мен бу сўзлар 53-54 га оид эканлигини айтганимдаги қандай ҳайратга тушганларини мендек одам яхши ифодалаб беролмаса керак.

Сўнгра, 53-54-чиларнинг шахсан ўзим биладиган баъзи ишларини гапириб бериб, опага шундай маслахат бердим: “Сиз она сифатида, укаси қамоқда ётибди, дея акасига ачинишингизни тушунаман. Аммо, уларнинг ўзингиз ҳам жуда яхши биладиган хоинлиги туфайли қанчалаб оналар тул қолди, қанчалар оналар болаларининг дардида ёнди ва ёнмоқда. Ўша оналарни ҳам ўйлашимиз лозим. Хоинлар битмас экан, яна қанча оналарнинг бошига мусибатлар тушиши мумкинлиги ҳақида ўйлашимиз шарт. Баъзи масалаларда аввал сиёсатчи бўлмасак, юзлаб-минглаб оналарнинг бошига балолар келтиришимиз мумкин”.

Менимча, Гулчеҳра опа мени тушундилар.

Миллатфуруш 53-54-чиларнинг Озодлик ва ББСдаги ҳамтовоқларидан илтимос қилиш керак, бундай пок аёлларнинг оналик ҳиссиётлари билан ўйнаб, уларни ўз ўйинларида ишлатишмасин. Буларнинг ҳаммаси учун миллат ахир бир кун ҳаммадан жавоб сўрайди. Сўрамаса, қулликдан чиқолмайди. Ҳарҳолда унинг асл фарзандлари шундай бўлиши учун ҳаракат қилаберадилар.

Лекин оналар аввал она, сўнгра сиёсатчи бўлиб қолаберишгани яхши.

15:00 - Борсакелмасда қурилишга бошланган янги қамоқхона хусусида

Устюрт ясси тоғлигининг жануби шарқида, Қорақалпоғистондаги Қўнғирот туманининг Жаслик шаҳарчаси ҳудудида, мавжуд 64/71 рақамли қамоқхона ёнида умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун махсус қамоқхона қурила бошлагани ҳақидаги ҳабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Ўзбекистон расмийлари ҳам унинг келгуси йил охиригача, Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармони кучга киргунгача фойдаланишга топширилишини эътироф эттидилар.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан билдиришларича, янги қамоқхона лойиҳасида ўзга мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда бундай қамоқхоналарга қўйиладиган барча талаблар кўзда тутилган. Унда ишлаш учун махсус қўриқчилар ҳам тайёрланмоқда.

Географ ва геологлар Устюртнинг Жаслик жойлашган қисмини жуда оғир иқлимий-географик шароитда бўлгани учун Борсакелмас шўрхоги деб атайдилар. Бундан 3 йил муқаддам Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аянчли аҳвол билан танишган БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен шу ўта оғир шароитни назарда тутиб, Ўзбекистон ҳукуматига 64/71 рақамли қамоқхонани ёпишни тавсия қилган эди. Тавсия бажарилмади.

Энди кўриб турибмизки, ҳукумат борини ёпиш ўрнига янгисини қурмоқда. Албатта, бу ерга борувчилар кўп бўлади, лекин ундан қайтиб келиш бўлмайди. Янги қамоқхона ҳам Каримов номли Борсакелмас деб аталса, не ажаб!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону