08 August 2006
03:00 - 17:00 - Янги қарор Ўзбекистон фанида тартиб ўрнатармикан?- Андижон хунрезлиги: қон изини хотирадан ювиб бўлмас

17:00 - Янги қарор Ўзбекистон фанида тартиб ўрнатармикан?

Бугун президент Каримов “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарор чиқарди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини мувофиқлаштириш кенгаши ва унинг ижрочи органлари тугатилиб, ҳукумат қошида Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ташкил этилади.

Қарорда республикадаги илмий-техника салоҳияти даражаси ортиб бораётган талабларга жавоб беролмаётгани, давлат илмий-техника дастурлари чуқур ва ҳар томонлама экспертизасиз, кенг муҳокама қилинмай шакллантирилаётгани ва амалга оширилаётгани, ажратилган маблағлардан самарасиз фойдаланилаётгани эътироф этилади ҳамда мазкур ўзгариш турмушда фаннинг ролини кучайтириш, илмий тадқиқотлар, технологик ва конструкторлик ишланмалари даражаси, сифати ва долзарблигини ошириш, улардан самарали фойдаланиш учун шароит яратиш мақсадида қилинаётганлиги айтилади.

Қўмита таркибига Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Солихов (қўмита раиси), Фанлар академияси Иссиқлик физикаси бўлими раҳбари Пўлат Ҳабибуллаев, Фанлар академияси Қоракалпогистон бўлими раиси Нагмат Аимбетов, Миллий университет ректори Fофиржон Муҳамедов, “Ижтимоий фикр“ жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раъно Убайдуллаева ва бошқалар, жами 42 киши киритилган.

Андижон хунрезлиги: қон изини хотирадан ювиб бўлмас

Ўзбекистон режими ўтган йилдаги 13 май Андижон хунрезлигига ташланган, бошлиқлари буйруғи билан ўз халқига ўқ отган аскарлар ёдидан қон изларини ўчириш учун ҳамма чораларни кўрмоқда. Ҳукумат 6 август куни “ўз ёни“дан пул сарфлаб, шундай аскарлардан бири - Ўзбекистон Шарқий ҳарбий округининг махсус қидирув-разведка взводида хизмат қилган хатирчилик кичик сержант Нодирбек Жалиловнинг никоҳ тўйини ўтказиб берди.

13 майда, ЎзА агентлиги ибораси билан айтганда, “Андижон шаҳридаги Чўлпон номли кинотеатр ёнига жойлаштирилган блок-постда жанговар вазифани аъло даражада бажариб, ...“Жасорат“ медали билан тақдирланган“ бу йигитнинг никоҳ тўйи Навоий вилояти Хатирчи туманининг Олмазор қишлоғида бўлибди. Тўйда Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов, мудофаа вазири Руслан Мирзаев, Навоий вилояти ҳокими Б.Рўзиев ва бошқа расмийлар қатнашибди.

Қон ювилар, лекин қон изини хотирадан ювиб бўлармикан?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону