07 August 2006
03:00 - 23:30 - Америкаликлар осонликча қутулмайди - Қиргиз мулозими Тошкентда амалий ташриф билан бўлади 23:00 - Танишинг, Отаназар Орипов: Михаил Ардзиновнинг хизматкори (собиқ) 18:00 - Орифхўжабойлар замони келди - Ўзбек ёшлари ўu
23:30 - Америкаликлар осонликча қутулмайди

Бугун, 7 августда "Press-uz.info" ахборот хизмати АҚШнинг Ўзбекистондаги "Winrock International" ноҳукумат ташкилоти ваколатхонаси мансабдор шахслари устидан жиноят иши кўзғатилгани ҳақида хабар тарқатди. Бу маълумотни дастак қилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига қўнғироқ қилган мухбирларимизнинг мурожаатлари окибатсиз қолдирилди. "Press-uz.info" мухбирининг ёзишича, мазкур америка ташкилоти ваколатхонаси ходимлари устидан Тошкент шаҳар прокурорлиги Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 190-моддаси 2-кисми (Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) талаби билан (Бу ўринда гап ноширлик фаолияти ҳақида боряпти - Ҳаракат) жиноий иш қўзғатишган. Прокурорларнинг иддаосича, ваколатхона ўзбек халқининг азалий қадриятлари, диний анъаналарини бузиб кўрсатувчи бир неча китоб ва рисолаларни чоп этишни молиялаган, дейди мухбиримиз.

Шу йилнинг 26 июлида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шахар суди қарори билан ёпилган ташкилот маъмурлари энди жиноий "қилмишлари" эвазига ҳам жавоб беришига тўғри келади.

Қиргиз мулозими Тошкентда амалий ташриф билан бўлади

Шу йилнинг 24-25 август кунлари Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов Ўзбекистонга амалий ташриф билан келади. Бу хақда бир неча қирғиз нашрлари ёзиб ётишибди. Маълум бўлишича, "демократия оролчаси"нинг юқори мартабали мулозими Жекшенқуловнинг Бош вазир Феликс Кулов ҳузурида айтган гаплари Бишкекда қочқинликда бўлган юртдошларимизни ташвишлантиряпти. Яъни, Ташқи ишлар вазири Қирғиз-Ўзбек муносабатларига тўхтала туриб, шу пайтга қадар Ўзбекистон билан совуқ муносабатларнинг кескин ўзгаришига шаъма қилган. Гарчанд, дипломатларнинг бу оҳангдаги гаплари нормал ҳолат бўлса-да, бу ташрифнинг қирғиз махсус хизмати ўзбек қочқинларни тутиб бераётган бир пайтга тўғри келиши ташвишланарли холдир.

Жекшенқуловнинг таъкидлашича, у амалий ташриф ҳақидаги таклифни ўзбекистонлик ҳамкасбларидан олган. Бўлажак учрашувлар Ўзбекистон режими раҳбари Каримов ҳамда Бақиевларнинг шу йил охиридаги мулоқотларига замин ҳозирлайди.

23:00 - Танишинг, Отаназар Орипов: Михаил Ардзиновнинг хизматкори (собиқ)

Самад Мурод, “Эрк” демократик партиясининг раиси: Биз Қашқадарёлик миллатпарвар демократлар қайта қуриш йиллари “Эрк” номли жамият қурдик. Бироздан кейин “Эрк” партияси тузилгани хақида хабарлар келди. Ташкилотларимизнинг номида яқинлик бўлгани ҳам муҳим роль ўйнади ва биз унга коллектив равишда аъзо бўлдик. Партия Қурултойида Аҳмад Аъзам партиянинг Бош котиби, Отаназар Орипов котиб қилиб сайланганда, биз уларни яқиндан танимасдик, ўша пайтдаги раис Салай Мадаминовнинг таклифларини қабул этдик. Тез орада тушундикки, бу икки киши ташкилотчилик нималигидан ҳам хабарсиз бўлиб, Отаназар Орипов фақатгина раисимизнинг вилоятидан бўлгани учунгина бу лавозимга “лойиқ”, деб топилган экан. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун aъзоларимиз сони камида 5 минг киши бўлиши керак эди. Партияга расман аъзолар жалб қилиш кампанияси бошланиши билан бу икки кишининг кимлиги намоён бўлди. Биз фақат Қашқадарёдан 2,5 минг аъзо тўплаганимизда, қолган 10 вилоятдан ҳаммаси бўлиб 1 минг киши партияга аъзо бўлишганди. Кейин биз яна 1 минг аъзо тўпладик, қолганлар 500. Шу билан рўйхатдан ўтдик ҳам. Кейинчалик, рўйхатдан ўтиб бўлгач, партия аъзоларининг сони 12 мингга етди, шундан 7 мингги бизнинг Қашқадарёдан эди. “Эрк”нинг 52 минг аъзоси бор эди каби алжирашлар, Отаназар Орипов тарафидан ўз уқувсизлигини яшириш учун тарқатилиб келинди. Шу сабабли, 1994 йилдаги партия Қурултойида Истанбулдан туриб амр берган Салой Мадаминовнинг гапига ҳеч ким қулоқ солмади, мени Бош котиб этиб сайладилар. Менга қарши тазйиқлар бошланди, бироз фаолиятдан четлашган эдим, Салой Мадаминов партия Низомини бузиб, яна ҳамқишлоғини Бош котиб қилиб қўйди. Аммо, 2003 йилда ўтган партия Қурултойида ҳаммага ўз дунё қарашимни тушунтиролдим ва партия раислигига сайландим. Ишонаманки, ичида Отаназар Орипов бор бўлган гуруҳ ҳеч нарса қилолмайди ва ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, аниқроғи йўқ бўлиб бўлди.

Толиб Ёқубов, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси: Жамиятимиздан 1996 йилда чиқиб кетган Михаил Ардзинов бир гуруҳ “эрк”чилар билан оғиз-бурун ўпишиб, асосан жамиятимизга ва “Бирлик”га қарши курашиш билан машғул бўлди. Ўзларича бир жамият қурдилар, Ардзинов раис, Отаназар Орипов раис муовини бўлди. Икки куннинг бирида бу жамият мен ва Васила Иноятованинг КГБ эканлигини “фош” қилувчи баённомалар тарқатиш билан овора эди. Бу баёнотларнинг тагида ҳар доим Отаназарнинг имзоси ҳам бўларди. Бир кун Васила билан унинг уйига бордик ва навбатдаги уларнинг “ҳужжатини” ўртага қўйиб, бу қоғознинг бошидан оёқ иғво эканлигини, эркак киши бу каби кабиҳ ишлардан уялиши кераклигини айтдик. Бошини кўтаролмай қолган бу “эркак” қипқизил бўлиб кетди. Ўрисларнинг “қисқичбақадек қизил” деган сўзларининг маъносини шунда тушундим. Бир маҳал Отаназар бошини кўтарди, кўзлари ҳам қипқизил эди. Биз институт домласи бўлган бу инсон ички ғурури таъсири остида ўзини бир нарса қилиб қўймасин деб қўрқишга бошладик. Аммо, кўринишидан ҳеч қандай ғурури ҳам бўлмаган Отаназарнинг “Мен Ардзиновдан қўрқаман, унинг қоғозларига қўл қўймасам, у мени калтаклайди”, деган сўзлари қаршисида ҳайрон қолдик. Мана ўзини “Эрк” деб юрган партия Бош котибининг аҳволи.

Васила Иноят, “Эзгулик” жамиятининг раиси: 2001 йилдан аввал энг оғир дамларни бошимиздан кечираётганимизда, Ўзбекистонга Ғарб давлатларидан келган кўпчилик ҳайъатлар маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан кўришишарди. Инсон ҳуқуқлари жамиятидан биз Толиб Ёқубов билан борсак, бошқа жамиятдан Ардзинов ва Отаназар ака келишаради, тўғрироғи, Ардзинов Отаназар акани хизматкорими ёки малайими каби олиб келарди. Бечора Отаназар ака Ардзиновнинг қоғозларини кўтариб юришидан, унинг оғзига қараб туришидан ҳатто мен уялиб кетардим. Ҳар сафар меҳмонларга биринчи бўлиб бизнинг устимиздан ёзилган навбатдаги “иғвономани” топширишарди. Бу киши бирон бир ташкилий ишни эпалй олмаслигини ўша пайтда кўргандик. Кейинчалик, бир Қурултойни ҳам ўтказишолмади, “Эрк” партияси парчаланиб кетди. Бундай раҳбарлар билан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Абдураҳим Пўлат. “Бирлик” партиясининг раиси: Отаназар акани танимасдим, унинг Ардзиновга хизматкорлик қилиб юрганини ҳамма гапирарди. Шунча йил ўтишига қарамасдан бирон бир ташкилий иш қилмаган, бирон бир сиёсий мақола ёзмаган бу одам, 2-3 йил аввал қайсибир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотнинг таклифи билан Ўзбекистонлик ҳайъат ичида АҚШга келди. Ҳайъатда сафдошимиз Пўлат Охун ҳам борлиги туфайли, уларни Вашингтондаги бир-икки учрашувига бордим. Отаназар аканинг кўпчилик олдидаги “нутқларини” эшитиб мен ҳам ҳайрон қолдим. Фақат бир мисол келтираман. Миллий Демократия Фондидаги мажлисда Отаназар аканинг айтган гапларининг мазмуни шундай бўлди: “Ўзбекситонда мудҳиш қийноқлар бўлаётипти. Аммо биз улар ҳақида ёки кечикиб хабар оламиз ёки умуман олмаймиз. Шу сабали, дунё улардан хабарсиз. Агарда бу Фонд бизга грант бериб, компютерлар ажратса, биз уларни қамоқхоналарга ўрнатардик ва қийноқлар ҳақидаги хабарларни оператив шаклда олиб турардик”. Шунда мен аниқ бир фикрга келдим. Бу одамнинг эси жойида эмас. Қийноқлар остидаги одамларни яқинлари билан йиллаб кўриштирмайдиган, қанчадан қанча йигитларимиз ваҳшийларча ертўлаларда ўлдириб юборилаётган режимда, ривожланган давлатларда ҳам бўлмаган иш қилмоқчи ва бу ертўлаларга компютерлар қўймоқчи бу одам. “Эрк”нинг аввалги раиси Салой Мадаминовнинг ақл даражаси анча мунча одамларга маълум. Бош котиби ҳам ўзи каби эканлигидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан. Шу сабабли, яқинда Хельсинки Комиссиясида Отаназар ака бир нималар демоқчи бўлганда “Ҳар бир аҳмоқнинг гапини эшитиб ўтиришга вақтим йўқ” деб мажлисни тарк этган эдим. Ўзбекларни шарманда қиладиган гаплар гапирганларига ҳеч қандай шубҳам йўқ.

Юқоридаги фикрларни эшитган одамлар учун қуйидаги хабар ҳам қизиқ туюлса керак, дейди мухбиримиз. Бугун “Озодлик” радиосининг ўзбек программасида Дадахан Ҳасаннинг устидан олиб борилаётган суд жараёни ҳусусида эшиттириш бўлди. Унда қатнашганлар - “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосати Пўлат Охун, “Бирлик” асосчиларидан Абдуманноб Пўлат ва таниқли ҳуқуқ химоячиси Суръат Икромов бу ишга алоқадор конкрет гапларни гапиришар экан, эшиттиришнинг тўртинчи қатнашчиси Отаназар Орипов яна олди-қочди гапларни айтиш билан машғул эди. Бунга биринчи бўлиб чидай олмаган Суръат Икромв “Эрк” партияси куруқ гаплар билан шуғулланиши, ҳатто қамоққа тушиб қолган ўз аъзоларини ҳам ҳимоя қилишга қодир эмаслиги, ўзини ҳимоя қилолмаган партия қандай қилиб мамлакатга, миллатига ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, Отанaзар аканинг юқорида чизилган портрети тўғрилигини исботлаб берди. У кишига: “қачонгача ёлғон ва демагогия билан яшайсиз. Қачон бир фойдали иш қиласиз” деган гаплар ҳам айтилган ва тўғри қилинган.

Радио ходимлари кекса сиёсатчининг ҳурматини қилиб, бу суҳбатнинг энг кескин жойларини эфирга бермадилар. Балки тўғри қилдилар, 53-54-чилар лақабини олган собиқ эркчиларни энди тарбиялаб бўлмайди. Улар ҳозир ҳақиқий мухолифат тарафидан йўлнинг чеккасига улоқтириб ташландилар, бироз ўша ерларда сасиб кейин овозлари ўчса керак.

18:00 - Орифхўжабойлар замони келди

Ўтган аср бошида мустамлака Туркистон билан “Оқ подшо“ Россияси ўртасида чайқовчилик қилиб бойиб кетган Орифхўжабойнинг янги авлодлари пайдо бўлса керак.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида тузилган Иттифоқчилик шартномаси мева-сабзавот маҳсулотлари тайёрловчи-воситачилар жонига ора кирди. Ўзбекистон Россияга бундай маҳсулотлар юборишни, ЎзА хабарига кўра, 2005 йилнинг шу вақтидагига нисбатан 3 баравар оширибди. Ўтган 6 ой ичида Россияга 59 млн. долларлик 190260 тонна мева-сабазавот юборилган. 2005 йилда бу кўрсаткич 20 млн. 200 минг доллар эди.

Божхоначилар экспортга ҳали ҳам бўлса катта ҳалақит беришаётган экан. Агар божхона текширувлари янада соддалаштирилиб, транспорт-транзит жараёнлари тезкор мувофиқлаштирилса, Россияга ҳўл мева етказиб бериш яна ҳам ортиши айтилмоқда.

Ўзбек ёшлари ўқиш учун энди Хитойга юборилади

Ўзбекистон режимининг янги дўсти - Хитой ўзининг олий ўқув юртларида ўзбекистонлик талабаларни бепул ўқитиб берадиган бўлди. Уларнинг дастлабки гуруҳини Тошкентдаги Жаҳон тиллари университети ва Шарқшунослик институтида таҳсил олаётган талабалар ташкил этди. Бу талабалар Хитойнинг Шаньси вилоятидаги Сиам университетида ўқишни давом эттирадилар.

Ўзбекистонликларни Хитойда ўқитиш ташаббуси, “Жаҳон“ ахборот агентлигига кўра, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШХТ) нинг қароргоҳи Пекинда бўлган ижроия котибиятидан чиққан эмиш. Куни кеча, Хитой пойтахтида талабаларимизни қабул қилган ижроия котиб Чжань Де Гуань ўзбекистонлик талабалар сони йилдан йилга кўпайиб бориши тўғрисида баёнот берган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону