05 August 2006
03:00 - 18:00 - Украинада янги давр бошланди - Ўлим жазоси яқин бир ярим йилда бекор қилиниши ҳам даргумон 16:00 - Ўзбекистон - энг бахтлилар юртими?
18:00 - Украинада янги давр бошланди

Бу мамлакатда Юлия Тимошенконинг Бош вазирликдан кетиши билан бошланган сиёсий кризис катта компромисслар ва зарғалдоқ инқилобчиларининг парчаланиши натижасида битгандек кўринмоқда. Балки, кризис бошқа шаклда давом этар, буни замон кўрсатади. Ҳарҳолда бу босқичадо президент Юшченко сиёсий кураш потенциали катта бўлган шахслигини кўрсатди.

Жараёнлар бундан кейин қандай кетиши - сиёсий гуруҳлар “Миллий Бирлик Универсали” деб номланган ҳужжатга қанчалик риоя қилишларига боғлиқ. Бу ҳужжат зарғалдоқчиларнинг ғалабаси ва Янукевичнинг мағлубияти сифатида кўринса ҳам, аслида, унинг мақоми аниқ эмас. Шу сабабли, мавжуд Украина Конституциясига кўра катта ваколатларга эга бўлган Янукевичда вақти келиб реванш олиш нияти туғилмасмикан? Агарда туғилса, Украинада кризис янгидан бошланади.

Бугун “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат партиянинг Украина бўлими раҳбари Улуғбек Зайнобиддинов билан телфон орқали шу масалалар хусусида суҳбатлашди. Улуғбекнинг айтишича, ҳозир Украина пойтахтининг марказий майдонларида турли партия ва ҳаракатлар тарафидан яратилган “чодир шаҳарчалари” тарқатилган. Ҳамма уй-уйига тарқалган, шаҳарда тинчлик хотиржамлик ҳукмрон. “Пора” партиясининг чодирлар шаҳарчасида ўз чодирига эга бўлган “Бирлик” фаоллари ҳам бугун уйларидалар.

Янукевичнинг янги ҳукуматида куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган вазирликлар зарғалдоқ инқилобчилари, яъни Юшченко одамларининг қўлида қолди. Демак, яқин келажакда ўзбек сиёсий қочқинларига муносабат ўзгармайди. Аммо илгарида нималар бўлишини тахмин қилиш қийин. Воқеаларни диққат билан кузатиб бориш ва уларнинг қандай ривожланишига қараб йўл тутиш лозим, деган фикрда тўхташди бирликчилар.

Ўлим жазоси яқин бир ярим йилда бекор қилиниши ҳам даргумон

Ўзбекистон Бош прокурорлиги прокурори Алишер Иброҳимовнинг “Ўзбекистон“ радиотелеканалига айтишича, мамлакатда ўлим жазосини бекор килиш муддати президент фармонида кўрсатилган 2008 йил 1 январидан ҳам анча нарига чўзилиши мумкин. Прокурорга кўра, “бунинг учун камида (!) 2–3 йил вақт керак бўлади.“

16:00 - Ўзбекистон - энг бахтлилар юртими?

Сўнгги кунларда жаҳон ахборот воситаларида МДҲ ҳудудида энг бахтли одамлар яшайдиган юрт Ўзбекистон экани ҳақидаги бир сенсация юриб қолди. Бунга сабаб Буюк Британиянинг Лейстер университети психологи Эндрю Уайт томонидан яратилган “Жаҳоннинг бахтли харитаси“ бўлди.

Ўзбекистон маъмурияти томонидан таъсис этилган ёшлар ҳаракати “Камолот“ (комсомолнинг ибтидоий нусхаси) нашри бўлмиш “Туркистон“ (Ўзбекистон комсомолларининг собиқ органи “Ёш Ленинчи”) газетаси бугунги, 5 август сонида ёзишича, Э.Уайт энг бахтли одамлар қайси мамлакатларда истиқомат қилишларини ўрганиш учун 178 давлатда социологик сўровнома ўтказган, бу “давлатлардаги соғликни сақлаш ва таълим тизимлари, моддий фаровонлик, миллатнинг ўзига хослиги, ҳаттоки ўлканинг табиатига алоҳида эътибор қаратган“. Натижада, данияликлар 1-, швейцарияликлар 2-, америкаликлар 23-, ўзбекистонликлар 80- (МДҲ мамлакатлари халқлари орасида 1-), хитойликлар 82-, японлар 90-, россияликлар 167-ўринларни эгаллашган. Энг паст поғоналарда Африкадаги айрим давлатлар турар экан.

“Бахтга эришиш йўллари ҳар хил бўлгани каби, бахт ҳақидаги тасаввур ҳам, унинг талқини ҳам турличадир“, - деб ёзган эди бундан 42 йил муқаддам “Бахт нима?“ деган мақоласида “Фан ва турмуш“ журнали. Шунинг учун Э.Уайт тадқиқотига (агар шундай деб аташга арзиса) жиддий қараш хато бўлур эди. Боз устига, ишсизлар сони миллион рақами билан ёзиладиган, иш топиш бахтига муяссар бўлганлар рамзий маош оладиган, шунинг учун юз минглаб ишга яроқли аҳоли хорижга чиқиб кетган, колаверса, ҳурфикрлилик қатағон қилинган, инсон ҳуқуқлари сўзда улуғланиб, амалда поймол этилаётган, порахўрлик гуркираган ва, ниҳоят, режимнинг бир ҳовуч шахслари учун ростдан ҳам бахт идеалига айланган Ўзбекистондаги каби режимларда яшаётган халқларга нисбатан муштарак бахтиёрлик ҳақида гапириш тентаклик ва кулгиликдир.

Бироқ Ўзбекистон МДҲ ҳудудидаги энг бахтли одамлар юрти экани тўғрисидаги иддао бугунги режим учун жуда керак эди, режим ундан ички тарғибот воситасида сифатида фойдаланишга ҳаракат қилиши табиий.

Бу масаланинг яна бир тарафи бор. Бахт ҳақидаги тасаввур турли эканлиги ғоят табиий, лекин диктатура шароитида одамлар бу тасаввурларини очиқ изҳор этабиладиларми? Бунинг устига бу тасаввур ҳам, бир тарафдан, режимнинг пропаганда воситалари таъсирида, иккинчи тарафдан, режимдан қўрқиш натижасида шаклланганлигини инкор этиб бўладими? Йўқ.

Шундай экан, Ўзбекистоннинг бахтлилар рўйхатида МДҲ ичида биринчи ўринни олиши, мамлакатимиз диктаторчиликда ҳам биринчи ўринда туришини кўрсатади, халос. “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат “Ўзбек мухолифатида принцип ўлароқ бирлик йўқ, аммо у барибир кучли” (“Ҳаракат” журнали № 3(60)б 2006) мақоласида айнан шуни иддао қилган эди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону