31 July 2006
03:00 -
23:00 - Бечора "Ҳизбут"лар, ниқоб таққан прокурор ва парвойи палак судья 21:00 - Андижонликларнинг саволига режимбошининг ўзи жавоб бериши керак! 20:00 - Дадахон Ҳасан суд курсисида
23:00 - Бечора "Ҳизбут"лар, ниқоб таққан прокурор ва парвойи палак судья

Бугун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани суди биносида вилоят суди судьяси Шарипов раислигида вилоятнинг Янгийўл туманида қўлга олиниб, маҳкамага тортилган 14 кишининг устидан суд жараёни бошланди. Маҳкамада Абдураҳмонов, ака-ука Асадов, ака-ука Дониёров ва бошқалар Ўзбекистонинг конституциявий режимига тажаовуз қилиш, террористик ва сепаратистик ташкилотлар тузиш ва бошқа жиддий айбловлар билан судланмоқда. Мазкур гуруҳдаги айбланувчилар 29 нафар бўлиб, уларнинг 15 таси устидан эртага жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ тумани судида маҳкама бошланади.

Бугунги суд мажлиси фавқулодда ғайри табиий ўтди, дейди мухбиримизга судланувчиларнинг адвокати Хуршид Азимов. Панжара ортидаги 14 айбланувчининг 7 нафари ўткир сурункали сил (туберклёз) касалига чалинган бўлиб, ҳатто ўрниларида туролмаганлар. Уларнинг икки нафари суд залидаги полга қон аралаш балғам қусган. Бу ҳолатдан хавфсираган давлат айбловчиси (прокурор) Агзамхўжаев, суд котиби ва маслахатчилари оғиз-бурунларига ниқоб тақиб олганлар. Мазкур ҳолат бўйича адвокатларнинг судьяга арзи эътиборсиз қолдирилиб, суд мажлиси давом эттирилган.

Суд ва прокурорнинг инсоний қиёфаларини йўқотганини хис қилдим, судда кузатувчи сифатида ўтиришнинг ўзи-да даҳшатли эди, дейди HRW вакиласи Умида Ниёзова. Аслида судланувчилар нима учун сўроқ бераётганини билишмайди. Гўё, улар қандайдир варақалар тарқатишганмиш. Аммо варақада нима ёзилган, унинг конституцион режимга қанчалик даҳли бор, буниси қоронғи. Нима бўлганда ҳам суд давом этмоқда. Айбланувчилар учун прокурор тап тортмай 12 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосини сўраяпти.

21:00 - Андижонликларнинг саволига режимбошининг ўзи жавоб бериши керак!

Бугун, 31 июлда Андижон вилояти ҳокимлигининг матбуотчилари вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиевнинг андижонликлар саволларига жавоб қайтаргани, сўроқ-жавоблар асосан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар теграсида кечгани ҳақидаги суюнчинамо хабарни тарқатдилар. Маълум бўлишича, вилоятда чоп этилувчи "Андижоннома" газетаси ходимлари ташаббуси билан ўтказилган бу мулоқот учун узоқ тайёргарлик кўрилган. Суҳбат, сўров, мурожаатлар чоғида Андижоннинг фожиали май воқеалари хусусида гап очилиб кетмаслиги учун керакли чоралар кўрилган. Шундай бўлшига қарамасдан, телефон орқали хоким билан уланишга муваффак бўлганлар ичида ҳоким ва Президентдан Андижон қирғини борасида изоҳ талаб килганлар ҳам бўлипти..

Исми-шарифини сир тутишимизни ҳокимлик ходими мазкур мулоқотлар ташкил қилиниши Тошкентда режалаштирилгани, уни МХХ идораси тўла назоратга олиб, кузатиб борганини айтади. Маълум бўлишича, бундай "халқ ичига кириб бориш"лар бошка вилоятларда ҳам уюштирилиб, мунтазам олиб бориларкан.

20:00 - Дадахон Ҳасан суд курсисида

Бугун соат 15 да Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг “иш“ини кўришни бошлади. Бугунги суд мажлиси суд жараёнини тайёрлашдан иборат бўлди ва 45 дақиқагина давом этди.

Судга судланувчининг ўзи ва ҳимоячилари - Суръат Икромов ва Руҳиддин Комиловдан бошка ҳеч ким киритилмади. Улар судья Илхом Жалолов дан судланувчининг яқинлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар суд залига киритилишини илтимос қилдилар. Судья ҳимоячиларнинг бу илтимосларини кўриб чиқишга рози бўлди ва суд жараёнини 4 август, соат 15 гача кечиктирди. Дадахон Ҳасан озодликда қолмоқда.

Хўш, маъмурлар ҳофизни қандай қилмишлари учун айбламоқдалар? Бу ҳақда аниқ тасаввур хосил қилиш учун кейинги хабарларимизда Миллий Хавфсизлик Хизмати терговчилари чиқарган “Айблов хулосаси“нинг кириш қисмини беришга ҳаракат қиламиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону