30 July 2006
03:00 - 23:30 - Абдураҳим Пўлат: Бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз! 22:30 -Дадахон Ҳасан устидан суд бошланмоқда 8:30 - 53-54-чи эркчилар сайтларини кечаги эътиқодларидан тозаладилар (янгиланган ве
23:30 - Абдураҳим Пўлат: Бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!

Бундан бир неча ой аввал “Ҳаракат” сайтига тарихий “Можара” фильмини қўйиш учун тайёрланаётганимизда, унга кириш сўзи сифатида “Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА” номли лавҳани ёзгандим ва уни “Ичимизда исмини ҳам билмадигимиз отахонлар, бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!” деган сўзлар билан тамомлагандим.

Ҳақиқатдан ҳам Дадахон ака мустақиллик ва ҳурриятга чорловчи қўшиқлари билан миллатимизни мустақиллик ва ҳуррият жангига чорлашди мисли кўрилмаган катта ҳисса қўшган одам ва шу сифати билан тарихимизда қолади.

“Бирлик” халқ ҳаракатини тузиш қарори шу инсоннинг уйида қабул қилингани қанчалик рамзий маъно ташишини ақли расо одамга ортиқа тушунтиришнинг ҳам кераги йўқ. “Бирлик” тузилгандан кейин Дадахон ака сиёсатчига айланди, аслида ҳали ҳам давом этаётган бу курашда ҳаммамиз каби хатоларга йўл қўйди. Бутун вужуди билан мустақилликка интилганлигит туфайли 1991 йили 31 августда муcтақиллик эълон қилингандан кейин “Эрк”чилар билан ҳамовоз бўлиб, режимга қарши курашни тўхтаиш лозимлигини шахсан менга ҳам гапиргандилар. “Айбсиз парвардигордир” деганларидек, бу каби хатоларни кўпчилик одам қилган ва қилиши мумкин. Аммо, муҳим бўлгани, Дадахон ака ҳеч қачон ўз ишончлари, ўз миллатларига хоинлик қилмадилар. Ҳали ҳам миллатимизни тўла ҳурриятга қовиштириш учун ўз йўллари билан курашни давом эттирмоқдалар.

Мен бугун Дадахон ака билан телефонда гаплашиб, эртaга устиларидан бошланадиган суд жараёни муносабати билан суҳбатлашдим. Шу кунларда “Можара” фильмини қайта кўриб, Дадахон аканинг қўшиғидаги «Қўшил бизнинг сафларга эй! Майли кетсин жон энди!» сўзлари остида Тошкентнинг кўча-майдонларини тўлдириб кетаётган ҳақиқий миллат фарзандларини кўриб кўзимга ёш келганини, ахир бир кун бу кадрларни бутун миллатимиз ҳам кўражагини ва ўз қаҳрамонлари ким эканлигини, Дадахон ака бу курашда қандай роль ўйнаганини тўғри баҳолашини айтдим, тарих саҳифаларида “Дадахон Ҳасан даврида Ислом Каримов деган президент бор эди деб” бугунги режимбошини ҳам эслаб юришса керак дедим, бироз кулишдик. Миллатнинг ҳуррияти учун кураш давом этаётгани, эртага бошланадиган суд жараёни ҳам шу курашнинг бир парчаси деган фикрда тўхтадик.

Суҳбат чоғида “Можара” фильми билан боғлиқ бир воқеани айтиб бердим. Бундан бир неча йил аввал Фарғона вилоятининг собиқ прокурори, кейинчалик бу вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган Авазхон Мухторов билан АҚШда қўшни бўлиб яшардик. Бир куни у киши “Можара” фильмини мендан олиб ўзи тамоша қилган ва уни Европа системасидан АҚШ системасига ўтказиб берганди. Фильмни қайтариб берар экан у киши шундай деди: “Бу фильмни сайтга қўйманглар. Мен ҳам кўп қатори “Бирлик” ва “Эрк” орасидаги салбий муносабатлар икки лидернинг шахсий адоватларига асосланган деган гапларни кўп эшитгандим ва умуман олганда ҳақиқат шундай деб билардим. Аммо, фильмни кўрган ҳар қандай одам Салойнинг қип-қизил сотқинлигини тушунади, ундан кейин мухолифатни бирлаштиришни уйламаслик ҳам мумкин, у билан фақат ўзи каби сотқинлар бирлашиши мумкин”.

Шу воқеани айтиб бўлгач, Дадахон акага мурожаат қилдим: “Ўша фильмни анчадан бери кўрмаган бўлсангиз керак. Замон ўтиши билан одамлар кўп нарсани унутадилар, эски воқеаларни бошқача таърифлашга ҳам тушадилар. Бу табиий нарса. Шу сабабали, Сиз билан биз ўша кунги воқеалар тўғрисида гапирганда, улар фильмга олинганини унутмасак яхши бўлади. Умумий дўстимиз Абдулазиз Маҳмудовнинг фильмида Сизнинг қўшиқларингиз остида муҳташам митинларни кўрсатувчи кадрлар қаторида “Бирлик”нинг бўлиниш мажлиси ва у мажлисда Салой Мадаминовнинг “митинг қилиш кўча чангитиш, биз бунинг ўрнига ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз” деган сўзларини кўрсатувчи кадрлар ҳам бор. Гап коммунистик ҳукумат тўғрисида кетмoқда эди. У кадрларни ҳеч ким йўқ қилолмайди. Шу сабабли, ўша кунги воқеаларни эсламоқчи бўлсак, уларга баҳо бермоқчи бўлсак, “Бирлик”нинг мағлубияти хоинлик натижаси эканлигини яширганимиз билан фойдаси йўқ”.

Суҳбатимиз охирида Дадахон акага: “Бардам бўлинг. Аввало Оллоҳ ёрдамчингиз бўлсин. Эртага суд бўлаётганда шуни унутмангки, биз ҳамма бирликчилар Сизнинг олдингиздамиз, руҳан Сиз билан биргамиз. Суд қандай қарор бермасин, бу - мавжуд режимнинг мағлубияти, биз билан Сизнинг ғалабамиздир”, дедим.

22:30 -Дадахон Ҳасан устидан суд бошланмоқда

Ўзбек ҳофизи ва шоири, “Бирлик”нинг асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан устидан эртага, 31 июль куни тушдан кейин суд бошланади. Унга қарши жиноят иши шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан очилган эди (бу ҳакда 12 ва 13 апрелдаги “Хабарлар“имизга қаранг).

Айблов хулосасига кўра, ҳофизга Ўзбекистон ЖКнинг З та моддасида кўзда тутилган айблар қўйилган. Масалан, улардан бири “Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳакоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа ОАВлардан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш“ деб (5 йилгача қамоқ, 158-модданинг 3-қисми), яна бири “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ...ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга... очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш“ (5 йилгача камоқ, 159-модданинг 1-қисми) деб аталади ва х.к.

Мухбиримиз ҳофиз устидан олиб бориладиган суд жараёнида қатнашади. Унинг суд залидан хабарларини кутинг.

8:30 - 53-54-чи эркчилар сайтларини кечаги эътиқодларидан тозаладилар (янгиланган версия)

25 июлда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида баёнот берган “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонда демократик ўзгаришларга таъсир этадиган факторлар устида тўхтаб, уларнинг асосийларидан бири сифатида мухолифат ичидаги ўзаро муносабатлар эканлигини айтган ва “Эрк” партиясининг 53-54-чилар деб танилиб қолган фракциясининг сайтларида эълон қилинган мақоладан қуйидаги парчани келтирган эди:

“Ғарбнинг куни битмоқда. У турли иллатлар ботқоғиа ботиб бўлган. Уларнинг аёллари 2 боладан бошқа туғолмайдилар ҳам. Хитой ҳам бошқа сабаблар билан чўкaди Фақат мусулмонлар ўсади. Чунки биз хадисларидаги “Ўзингиздан кўпайинг” сўзларига амал қилмоқдамиз, аёлларимиз энг камида 4 фарзанд туғмоқдалар. Келажак исломникидир. Яқинда Ғарб ҳам исломни тан олиб, Исломнинг ривожланишига ўзи бошчилик қилади”.

Бу сўзларга тўғридан-тўғри баҳо бермаган Абдураҳим Пўлат ўзининг бу баёнотидан кейин улар зудлик билан сайтлардан олиб ташланишини башорат қилганди. Шундай бўлди ҳам ва орадан бир кун ўтар ўтмас, улар 53-54-чиларнинг сайтларидан олиб ташланди.

Аслида бу сўзларда бунчалик қўрқишдан керакмиди? Йўқ, бу дин фанактиклари учун одддий гаплар. Дунёда нималар бўлаётганидан, дунёда бўлаётган тенденциялардан хабарсиз бўлган жоҳиллар шундай гапларни доим айтиб келган ва айтиб келаберадилар. Улар ўзлари ишонган нарсаларга ҳурматларини йўқотмайдилар ва эътиқодларини ўзгартимайдилар.

Лекин ҳар куни ҳам ташқи кўринишини ҳам эътиқодларини ўзгартиришга ўрганиб қолган 53-54-чилар энди кечагина мадҳ этган ўз динларига ҳиёнат қилиб, айтган сўзларидан воз кечдилар. Демак, улар бугун Исломнинг келажакда ҳамманинг дини бўлиши кераклиги хусусида иддаоларидан юз ўгирдилар. Мана, уларнинг ҳақиқий башараси.

Минг афсуски, бу одамлар учун муққаддас нарса йўқ. Дин, миллат, дўст, сафдошларини бир дақиқалик манфаатлари учун сотиб кетаберадилар. Ўз ёшларини эътиқод йўлида ўлимга ҳам тайёр бўладиган шаклда етиштирамиз деб ваъзхонлик қилсалар ҳам амалда уларни ҳам эътиқодсизлик ва хоинлик руҳида етиштирмоқдалар.

Тарихимизнинг узоқ ва яқин кунларида бунга исботлар кўп.

Бир вақтлар Салой Мадаминов 53-54 рақамли икки квартираю бир депутатлик мандати учун миллатини сотган ва бу гуруҳнинг анъаналарига асос солган эди.

1994-95 йиллари “Эрк”нинг ёшлари қаноти раиси бўлган, бу “юксак” лавозимга Истанбулда Салой Мадаминовнинг уйидаги мажлисда сайланган Паҳлавон Турсуновнинг (у ҳозир ББСда демократия тарғиботчиси), Сайлой Мадаминов ва бир қатор Истанбулда тарбия олиб келган “эрк”чи ёшлар террорист деб эълон қилинган кунлари тўсатдан Тошкентга қайтиб боргани ва унга ҳеч ким тегмагани сабабли бу ёшларни Каримов режимига “эрк”чи паҳлавоннинг ўзи тутиб берди деган асосли иддаолар ҳам ҳаммага маълум.

Швецияда яшаётган ёш 53-54-чилар Юсуф Расул, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожоновлар бир рус сайтига ўзлари билан муҳожирликда бир маҳалада турадиган сафдошларини у фақат “Бирлик” фаоли бўлгани учун қандай сотганларини шу кунларда ёзган эдик.

Мана бугун кўрмоқдамизки, улар дин-имонлари, кечаги эътиқодларидан ҳам осонликча юз ўгиришга тайёрлар.

1989 йили “Бирлик” бўлинганда, аввал 53-54-чилар бирга бўлиб, бир ҳафтадан кеийн хатоларини тан олиб яна “Бирлик”га қайтган Дадахон Ҳасан катта бир мажлисда шундай деган эди: “Бир зино қилган аёл бир умр фоҳиша бўлиб қолиши муқаррар бўлганидек, Муҳаммад Солих ва сафдошлари бир умр хоинлик билан яшашга маҳкумлар”.

Ҳофизнинг сўзлари қанчалик ҳақ эканлигига ҳозир ҳамма шоҳид бўлмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону