26 July 2006
03:00 - 21:00 - Каримов Давлат мукофотларини таъсис этди 18:30 - 53-54-чи эркчиларнинг Туркияга қарши провокациялари 17:00 - Саидахрор Fуломовнинг янги, иккинчи лавозими 9:00 - АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида собиқ “эрк”чиларнинг жанжали
21:00 - Каримов Давлат мукофотларини таъсис этди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бугунги фармони билан ўтмишдаги Абу Райхон Бируний, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотларини тарихга айлантирди. Лекин фармонда бу мукофотлар билан тақдирланган лауреатларнинг мазкур мукофотлари ўз кучини сақлаб қолиниши айтилади.

Каримовнинг “Фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида“ги ушбу фармонига кўра, 2007 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда бир марта бериладиган фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик йўналишларида жами 6 та - 3 та 1-даражали ва 3 та 2-даражали Давлат мукофотлари таъсис этилади. Ҳар кайси 1-даражали Давлат мукофотининг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараварига (ҳозирги сўм курси бўйича 4400 $ га), ҳар қайси 2-даражали Давлат мукофотиники энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараварига (2650 $ га) тенг бўлади.

18:30 - 53-54-чи эркчиларнинг Туркияга қарши провокациялари

Маълумки, 1994-95 йиллари ўша пайтда ҳали бир бутун бўлган “Эрк” партиясининг раиси ва бошқа раҳбарлари бир гуруҳ ўзбек ёшларини гўёки тижоратга ўргатиш баҳонасида Туркияга олиб келиб, дунё миқёсидаги террорист Че Геварининг китобларидан фойдаланиб, уларни террорчиликка ўқитишган эди. Кейинчалик, бу “террористлар” Ўзбекистонда қўлга олингач, Ўзбекистон ва Туркия билан алоқалар бузилган. Туркияда ўқиётган минглаб ўзбек талабалари қайтариб олиб кетилганди. Ўша гуруҳ билан алоқа қилганларнинг ҳаммаси, ҳозир шубхали бир шаклда ББСда пайдо бўлган Паҳлавондан ташқари, ушланиб, қамоққа ташлангани ҳам маълум.

Яъни, бир сўз билан айтсак, эркчиларнинг ўша пайтдаги провокациялари, уларнинг нуқтаи назаридан, мувафаққиятли бўлганди. Кейинчали бир неча қисмга бўлиниб кетган “Эрк” партиясининг Салай Мадаминов бошчилигидаги 53-54-чилар деб номланган гуруҳи, ўша провокацияларидан руҳланиб бўлса керак, янги провокацияларга қўл урабошлади.

Аввалги хaбaрларимизда билдирганимиздек,улар мутлақо антиконституцион руҳдаги “Миллий Нажот Қўмитаси” номли қоғоздаги ташкилотни тузганларини эълон қилдилар. Уларнинг мақсади, тушуниб тушунмасдан бу қоғоздаги ташкилотни қўллаб қувватлашларини билдирган одамларни қаматиш ва буни “Эрк”нинг пропагандаси учун ишлатиш, шу тариқа арзон обрў орттириш эканлигига ҳеч шубҳа йўқ.

Аммо, ҳозир маълум бўлишича, бу кунларда АҚШда бўлган Салой Мадаминов “Миллий Нажот Қўмитаси” Туркияда офис очгани, уларнинг фаолияти Туркия ҳукумати тарафидан қўллаб қувватланаётгани, офиснинг ўзи эса, Туркия Миллий Истиҳборот Ташкилоти (АҚШдаги ЦРУ каби ташкилот) тарафидан қўриқланаётганини айтмоқда. Бу гапларни Отаназар Орипов бир неча ой аввал Москвага борганда кўпчиликнинг олдида (уларнинг ичида Баҳром Ҳамроев ҳам бўлган) гапирганди. Тошкентлик тадқиқотчи, ўзини Миллий Нажот Қўмитасининг Матбуот котиби деб атаётган Баҳодир Мусаев ва Москвада яшовчи бир ўзбек аёл журналисти ҳам бу гапларни очиқ гапирмоқдалар.

Бунинг устига, шу кунларда “Эрк”нинг 53-54-чи гуруҳига оида сайтларда Салой Мадаминовнинг Ғарб билан Ислом дунёсини тўғридан-тўғри урушга чақирувчи мақоласи пайдо бўлди. Миллий Нажот Қўмитисининг қароргоғи Туркияда жойлашгани, уни гўёки МИТ қўриқлаётгани, айни замонда. бу Қўмитанинг лидерлари Ғарб дунёсига қарши уруш очаётганлари, Туркия
ҳукуматини “исломчиликда”, “Ғарбга қарши бўлишда” айблаётган доираларнинг тегирмонига сув қуйиш, яна ҳам тўғрироғи Туркияга қарши провокациядир.

Мухбиримизга маълум бўлишича, “Бирлик” Партияси 53-54-чиларнинг Туркияга қарши бошлаган навбатдаги провокацияларини қораловчи очиқ Баёнот тайёрламоқда.

17:00 - Саидахрор Fуломовнинг янги, иккинчи лавозими

Ўзбекистон Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгашининг бугун, 26 июлда Тошкентда бўлган умумий йиғилишида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, академик, иқтисод фанлари доктори, профессор Саидахрор Fуломов шу Кенгашнинг раиси этиб сайланди.

С.Fуломов - тошкентлик, лекин президент Каримовга яқин. У Тошкент Иқтисодиёт университети (собиқ Халқ хўжалиги институти) нинг иқтисодий кибернетика факультети деканлигидан кўтарилиб, 1980-йиллар ўртасидан деярли ҳозиргача шу ўкув даргоҳига раҳбарлик қилган (1998–2004 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган). Яқинда Фанлар академиясига ўтказилган эди.

9:00 - АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида собиқ “эрк”чиларнинг жанжали

Кеча АҚШнинг қисқача номи Хельсинки Комиссияси деб номланган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Коммисиясида сўннги 2 йил ичида Ўзбекистонган бағишланган учинчи йиғилиш, аниқроғи, “Ўзбекистон: ўзгаришлар бўладими?” мавзуда брифинг ўтказилди. Брифингда расман нотиқлар сифатида “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат, “Эрк” партиси фракцияларидан бирининг раҳбари Салай Мадаминов, “Қуёшли Ўзбекистоним” номли қоғоздагина мақжуд бўлган коалиция раиси, ҳозир қамоқда бўлган Санжар Умарновнинг ўғли Ғулом Умаров ва АҚШлик таниқли профессор, Марказий Осиё бўйича мутахассис Марта Олкотт таклиф қилингандилар. Ҳозир ёз пайти, бунинг устига Ўзбекистонда сўнгги ойларда муҳокама қилишга аризийдиган бир иш бўлмагани сабабли, хўжа кўрсинга ўтказилган бу мажлисга кам одам келди. Энг муҳими, бу Коммиссиянинг аъзоларидан (9 нафар Сенат ва 9 нафар Вакиллар палатаси аъзоси) ҳеч ким келмади. Келганллар, асосан, Ўзбекистон масалалари билан шуғулланувчи ёки уларга қизиқуқвчи ташкилотларнинг энг паст даражали вакиллари эди.

Худди шуни аввалдан билгандек, бу йиғилишга 20 июлда таклиф олган “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат “Ҳар куни ранг ўзгартирадиган собиқ эркчи ва ҳеч ким танимайдиган Ғулом Умаровлар даврасида бўладиган бундай мажлисга қатнашиш истаги йўқлигини” билдирди. Аммо, у ҳозир хорижда яшаётган таниқли мухолифатчилар Муҳаммдбобир Маликов, Пўлат Охун, Исмоил Дадажон, Жаҳонгир Муҳаммад ва Ўзбекистондаги сафдоши Васила Иноят билан маслахатлашгач, бу мажлисдан бирлашган мухолифатнинг фикрларини эълон қилувчи минбар сифатида фойдаланиш учун унда қатнашишга рози бўлди.

Бу комиссиянинг аъзоси бўлмаса ҳам, унинг ташкилий ишларини олиб борувчи гуруҳнинг аъзоларидан бири тарафидан бошқарилган йиғилиш Абдураҳим Пўлатнинг маърузаси билан очилди. Унинг “Ўзбек мухолифатида бирлик йўқ бўлса ҳам у у курашмоқда, лекин Ғарбдан ёрдам йўқ” номли маърузасининг мазмуни шундай:

“Ўзбекистонда бўлиши шарт бўлган ўзгаришлар ҳақида гаплашганда, биз таъсир этишимиз мумкин бўлган 3 факторга эътиблор бериш лозим.

Биринчи. Ғарб давлатлари ва АҚШ Ўзбекистон режимининг кучи кетиб, демократия кучайса, ислом экстремистларининг мавқеи ошади ва Марказий Осиёда барқарорлик йўқолади, деган баҳона билан Ўзбекистон демократларига ёрдам бемаяптилар ҳисоб. Бу уларнинг ҳатоси. Чунки ўзбек демокртлари ҳокимиятга келсалар, ростдан ҳам бор бўлган, аммо кўпиртириб кўрсатилаётган радикализмни жиловлашга кучлари етади. Ўзбек демократлари буларни Ғарб давлатларига тушунтириш учун ҳаракат қилишлари лозим.

Иккинчи. 1992-94 йиллари томор қилинган ўзбек мухолифати 2003 йилга келиб қайтадан оёққа турди. “Бирлик” ўз қурултойини ўтказди ва партияни рўйхатдан ўтказиш ишларини бошлаб юборди. Ўзбекистондек диктатура шароитида қилиб бўлинмайдиган ишлар қилинди. Аммо Ғарбдан керакли ёрдам, минг афсуски, берилмади. “Бирлик” 2004 йилдаги парламент сайловларида ҳам қатнашишга уринди, яна диктатура шароитида қилиб бўлинмайдиган бўлиб кўринган ишлар қилинди, аммо, яна Ғарбдан ёрдам бўлмади.

Ҳозир бирлашиб бораётган мухолифат келаётган 2007 йил президентлик сайловларида якка ва умумий номзод билан қатнашишни мўлжалламоқда. Лекин мухолифатниниг билигини, ҳар доим бўлгани каби, Салой Мадаминов раҳбарлигидаги “Эрк”нинг бир фракцияси бузмоқда. Ички масалаларни ҳал этишга мухолифатнинг кучи етади Аммо. ёрдам ҳам керак. Хусусан, умуммухолифатнинг Қурултойини ўтказишда ва мухолифатнинг бирдан бир нашри бўлмиш “Ҳаракат” журналининг тиражини 3 мингдан 20 миннга кўпайтиришда ёрдам лозим.

Учинчи. Мухолифатни бирлаштириш масаласи. Бутун мухолифатни бирлаштириб бўлмайди. Чунки, демократик мухолифат билан бир қаторда исломий экстремистик мухолифат бор. Уларни бирлаштириш мумкин эмас. Демак, демократик мухолифатни бирлаштиришни гаплашиш керак. Ҳозир демократик мухолифат билашган дейиш муикин. Демократик фразеологияни ишлатсаларда, моҳиятан демократик бўлмаган гуруҳлар билан бирлашиш мумкин эмас.

Салой Мадаминов бошчилигидаги “Эрк”нинг бир фракцияси шулардан. Унинг раиси 1994 йида ўз партиясининг газетасида “Биз ўз ёшларимизни шундай тарбиялашимиз керакки, уларга Оллоҳ номидан буюрсак, ўйламасдан ўлимга кетаберишлари керак” деб ёзганини эслаш керак.

Аммо, баъзи одамлар бу гапларнинг айитилганига кўп вақт бўлганини гапирмоқдалар. Уларнинг фикрларига қўшилиш мумкин. Биз бу куннинг муаммолари билан яшашимиз ва келажакка қарашимиз керак. Мана қўлимизда “Эрк” сайтларида 26 июнда эълон қилинган “Бизга Қутқарувчи керак” номли мақола. Мақоланинг муаллифи, Ўзини “Эрк” партияси ёшлар қанотининг раисиман деган одам, аслида бу ном остида Салой Мадаминовнинг ўзи яшириниб ётганини тушуниш қийин эмас, шундай ёзади: “Ғарбнинг куни битмоқда. У турли иллатлар ботқоғиа ботиб бўлган. Уларнинг аёллари 2 боладан бошқа туғолмайдилар ҳам. Хитой ҳам бошқа сабаблар билан чўкaди Фақат мусулмонлар ўсади. Чунки биз хадисларидаги “Ўзингиздан кўпайинг” сўзларига амал қилмоқдамиз, аёлларимиз энг камида 4 фарзанд туғмоқдалар. Келажак исломникидир. Яқинда Ғарб ҳам исломни тан олиб, Исломнинг ривожланишига ўзи бошчилик қилади. 2050 йилга келиб, дунёда Ислом ҳукмрон бўлади. Ўша пайтда бизга лидерлар керак, улардан бири 2005 йилга келиб бор ёғи 100 ёшга кирадиган “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солихдир”

Мен, деди сўзининг охирида Абдураҳим Пўлат, ўзбек мухолифатининг тарқоқлигидан хавотирга тушиб, уни бирлаштириш учун қайғураётган одамлар шуни тушунишларини истардим. Демократик мухолифат бирлашиб бўлган. Сайловларга биргаликда таёрланмоқдамиз. Аммо биз “Эрк”нинг шу фракциясидаги фанaтик ва жоҳиллар билан бирга бўлолмамиз. Бизнинг йўларимиз бошқа бошқа.

Ўзбек демократлари АҚШ ва Ғарбнинг ёрдамига муҳтожлар.Аммо,ҳозирча, бу йўналишда у тарафдан қизиқиш кўрмаябсмиз. Умид қиламанки, менинг бугунги таклифларим жавобсиз қолмайди.

Кейин нутқ қилган Салай Мадаминов ҳар сўзининг бирида ўзини бир замонлар бир марта ишлатиб ташлаб юборган Ислом Каримовнинг номини айтиб, режимни қоралаш билан овора бўлди. У шунча йиллардан бери мухолифат айтаётган, “Эрк” ҳали Каримов билан ҳамкорлик қилиб юрган йиллари, “Бирлик” томонидан айтилган гапларни айтишдан нарига ўтолмади. “Эрк”нинг бу фракцияси нима қилаётгани, унинг келажакдаги планлари ҳақида гапиришни ҳам унутди. Унинг учун бутун Ўзбекистон - Каримов эди.

Санжар Умаров отасининг сўнгги йидаги фаолияти ҳақида қисқа гапириб, “Қуёшли коолиция” ўз ишини давом эттиражагини билдирди.

Профессор Марта Олкотт Ўзбекистонаги воқеаларга ҳар томонлама баҳо бариб, бу мамлакатда сиёсий инқилоблар бўлолмаслигини, Ғарб қўлидан келганча ўзбекларга ёрдам бериши кераклигини гапирди.

Сўнгра бошланган савол-жавоблар доирасида Салай Мадаминов билан йиғилишга келган Отаназар Орипов (ҳукуматнинг ҳеч бир тазйиқларисиз дунё кезиб юрган партиянинг собиқ Бош котиби) ва Сулаймон Муродов (партиянинг Самрақанд вилоятни ташкилотининг собиқ раҳбари) раисларининг имо-ишоралари билан ҳар доимгидек мажлисни тўпалонга айлантирш ҳаракатига тушганларини кўрган Абдураҳим Пўлат мажлисни тарк этди. Бироздан кейин мажлис бутунлай тарқалди

Авваллари ҳам билдирганимиздек, бу каби мажлисларда алоҳида қарорлар қабул қилинмайди. Комиссия аъзолари бу каби йиғилишларда ўзлари учун керакли маълумотларни оладилар. Йиғилишга келмаган Комиссия аъзоларига мажлис протоколлари етказиб берилади. Хуллас, Комиссия аъзолари шу каби мажлислар натижасида турли ўлкадардаги вазият билан яқиндан танишадилар.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону