25 July 2006
03:00 - 23:00 - Каримовнинг ер участкаларини хусусийлаштириш борасидаги фармони - Рустам Қурбонов Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланди 22:00 - Режимбошининг меҳмонўстлиги ўзбек қочқинларини хавотирга солмоқда - Сурхан
23:00 - Каримовнинг ер участкаларини хусусийлаштириш борасидаги фармони

Ерни хусусийлаштиришга ҳамиша қарши бўлиб келган Ўзбекистон президенти Каримов бугун бир қадам ортга чекинди. 25 июлда у “Юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида“ги фармонга имзо чекди. Фармонга кўра, янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда шундай тартиб ўрнатиладики, юридик шахслар, резидентлар (ерлик фуқаролар) мулкий ҳуқуқ асосида ўзларига қарашли ёки улар томонидан хусусийлаштириладиган бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини айрим шартлар асосида хусусийлаштириш хуқуқига эга бўладилар. Бунда хусусийлаштириш бозор қийматидан келиб чиқиб, мулкка эгалик хуқуқи расмийлаштирилган холда ва ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Фармонда ушбу ер участкалари хусусийлаштирилмаган тақдирда 2008 йилнинг 1 январигача 30–50 йил муддатга ижарага қайтадан расмийлаштирилиши лозимлиги айтилган. Лекин бунда ижара хуқуқи шартномада кўрсатилган муддати тугамасдан тўхтатилиши ёки ижарага олинган ер участкаси майдони қискартирилиши хам мумкин.

Шунингдек, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари (резидентлари) га якка тартибда уй-жой куриш ва тураржой биносига хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш хуқуқи хам берилади.

Рустам Қурбонов Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланди

"Ўзбектуризм" миллий компанияси хамда Миллий Олимпия қўмитаси раиси бўлиб ишлаб келган Рустам Қурбонов президент фармони билан бугун Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланди. Асли тошкентлик бу одам мамлакатдаги норасмий тўдаларнинг (мафия) яқин хамкори сифатида ном чиқарган. Мамлакатдаги катта-кичик спорт федерацияларининг рахбаридир. Хатто якин ўтмишда Президентнинг Маданият вазирлиги билан "Ўзбектуризм" компаниясини бирлаштириш режасидан қайтара олган. Яъни, Маданият вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт ишлари кўмитасини кўшиб, мўмайгина даромад манбаи бўлган ўз компанияси яхлитлигини асраб қолган.

22:00 - Режимбошининг меҳмонўстлиги ўзбек қочқинларини хавотирга солмоқда

Бугун, 25 июлда Қирҳизистон Президенти матбуот воизлари тарқатган хабарга кўра, Қурманбек Бақиев шу йилнинг охирига қадар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб кетишни мўлжаллаяпти. Яқинда Ислом Каримов билан телефонда гаплашган Бақиев шундай қарорга келган. Аммо унинг бу қарори Андижон қирғинидан сўнг аксарияти Қирғизистондан қўним топган қочоқларнинг кўнглига ваҳм оралатди. Сабаби, Бақиев матбуотчиларига бу қирғиннинг бошида турган Каримов билан халқаро терроризм ва ҳар хил диний-экстремистик ҳаракатларга қарши курашда иккала давлатнинг кучларини бирлаштиришга ваъда берганини айтган.

Қирғиз ҳукуматининг кейинги пайтлардаги оёқ олишидан мусофирдаги юртдошларимизга осон бўлмаслиги кўриниб қолаётир, дейди мухбиримиз. Шундоғам экстремизм иддаоси билан ушлаб берилаётган ёки "ўгирлаб кетиш"га имконият яратилаётган Андижон қочоқларининг аҳволи яна ҳам ёмонлашиши мумкин..

Сурхандарё вилоят ҳокими ўринбосарининг қамалишига оид тафсилотлар

Ўтган йили сайтимизда Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Холбой Рамазоновнинг юз миллион сўм миқдорида пора олаётганида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар қилгандик. Мана орадан бир йилча вақт ўтиб, суд мажлислари ниҳоясига етди ва ҳоким ўринбосари 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олий суд матбуот хизматига кўра, Холбой Рамазонов фуқаро Б. Суюндиковдан "БЧ Сурхон-Термиз" фирмасининг коллеж қурилишида эълон қилинган тендерда ғолиблик учун 90 минг АҚШ доллари миқдорида пора таъма қилган. Фуқаро бу ҳолат юзасидан МХХга хабар бериб, ҳоким ўринбосарини ушлаб берган.

Мазкур ҳолат ҳақида сўровлар олиб борган сурходарёлик мухбирларимиз, аслида ҳоким ўринбосари мамлакатдаги тартибни поймол қилиб, тендер танловларидан пора сифатида олинажак "фоиз"ларни бўлишмагани учун қамоққа олинганини айтяпти. Маълум бўлишича, Рамазонов икки миллиард сўмлик лойиҳадан олинадиган 5 фоизни, яъни юз миллион сўмни бир ўзи ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Агар бу одам ҳам қатъий қоидага айланган тартибни бузмай, юкоридагиларнинг улушига хиёнат қилмаганида Нексия автомабили ҳамда 50 минг АҚШ доллари тортиб олинмас, ўзи эса озодликда айшини суриб юрарди.

Тендер можароси боглик кўргазмалар, жиноий халқанинг учи мамлакатдаги энг катта раҳбарларгача боғлангани учун ҳам суд маҳкамалари бир йилдан ортиқ давом этди. Судда берилган жиноятчилик билан боғлиқ кўрсатмалар, гувоҳликлар ўз вақтида "бартараф" этилиб, ёлғиз Рамазоновнинг ўзи панжара ортига жўнатилди, дейди мухбиримиз.

16:00 - Сурхандарё вилоят ҳокими ўринбосари қамалди

Мансабида 3 йилгина ишлаган Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Холбой Рамазонов ёш бўлгани сабабли бошка “наҳанг“лар каби етарли “тажриба“си, қолаверса, кучли халоскори йўқлиги учунми, асфаласофилин бўлди. Сурхондарё вилоят жиноий ишлар суди уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда давлат мулкини ўмарганликда, катта миқдорда пора олиш жиноятларини содир этганликда айбдор деб топди ва 11 йилга озодликдан маҳрум этди. Шу жиноий ишни катта мақола килиб ёритган бугунги “Халқ сўзи“ газетаси “амалидан шахсий манфаати йўлида фойдаланаётганлар“ Рамазоновга чиқарилган ҳукмдан ўзларига сабоқ олишларини маслахат беради.

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (25 июль, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий Банки баҳоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1226,83 сўм; 1 EВРО = 1552,31 сўм; 1 рубль = 45,59 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташки иқтисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1225 сўм ва харид қилишда 1228 сўм; 1 EВРO = сотишда 1553 сўм ва харид қилишда 1573 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2275 сўм ва харид қилишда 2305 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1220 сўм ва харид қилишда 1235 сўм.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону