21 June 2006
03:00 - 23:30 - “Ҳаракат” журналининг навбатдаги, 60-сони сайтга қўйилди - Французлар ҳам ўзбек уранига ишқибоз - Осиё Тараққиёт Банки билан икки грант шартномаси имзоланди 18:30 - Хьюман Райтс Вотч: Ўзбекистонда ўзгача ф
23:30 - “Ҳаракат” журналининг навбатдаги, 60-сони сайтга қўйилди

Бугун “Ҳаракат” журналининг бу йилги 3-чи, журнал яратилгандан бери 60-чи сони сайтимизга қўйилди. Ўзбекистон ҳукуматидан мустақил бўлиб, амалда Ўзбекистонда тарқатилаётганбу ягона нашрнинг бу сонидаги 2 мақолага ўқувчиларнинг диққатини алоҳида қаратмоқ лозим.

Биринчиси - “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг қаламига мансуб бўлган “Ўзбек мухолифатида принцип ўлароқ бирлик йўқ, аммо у барибир кучли“ мақоласидир. Унда ўзбек мухолифатининг бирлашолмаслиги, лидерлар орасидаги келишмовчиликлардан эмаслиги, мухолифатнинг турли қанотлари ўртасида, баъзида ярашиб бўлмайдиган даражада конфронтацияга сабаб бўлган фарқликлар борлиги аниқ тарихий фактлар билан кўрсатиб берилади. “Эрк” партиясининг 53-54-чилар деб танила бошлаган фракцияси 16 йилллик тарихида миллатчиликдан демократияга, кейин террорчиликка, сўнгра эса ислом фанатиклари билан ҳамкорлик қилишгача боргани, “Бирлик” эса демократик идеалларидан ҳеч қачон воз кечмагани алоҳида урғуланади.

Шунга қарамай, ўзбек мухолифати халқдан илдиз отган кучли демократик ташкилотдир, деб таъкидлаган мақола муаллифи, унинг кучи нимада эканлигини асослаб беради ҳам. Мақоланинг сўнгида 2007 йилда бўладиган президент сайловларига тайёрланиш борасида демократик мухолифатни умумий номзод ғояси остида бирлаштириш истагидагилар билан қандай иш олиб борилаётгани ҳам тилга олинган.

Иккинчи материал – “Эзгулик” жамияти тарафидан Андижондаги қонли воқеаларнинг бир йиллиги муносабати билан тайёрланган ҳисоботдир. Шуни алоҳида айтиш керакки, бугун Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган кўплаб ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлардан биронтаси бундай буюк ишга қўл уришга ҳам журъат қилолмади. “Эзгулик” бу ҳисоботи билан ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот эканлигини яна бир намойиш қилди. Майда-чуйда мониторинчилик қилиб юрган ҳуқуқ ҳимоячилари “Эзгулик”дан дарс олсалар ёмон бўлмасди.

Французлар ҳам ўзбек уранига ишқибоз

"Cogema" француз компанияси ўзбек уранига оғиз солмоқда, деб хабар беради мухбиримиз. Маълум бўлишича, Франциянинг бу йирик компанияси нодир стратегик хомашё заҳирасига эга бўлган Ўзбекистон бозоридан ўрин эгалламоқчи. Компания шу мақсадда Франция ва Ўзбекистон президентлари томонидан имзоланган истиқболдаги ҳамкорлик ҳақидаги битимни орқа қилиб, Ўзбекистон раҳбариятига лойиҳасини тақдим этган. Аммо Ўзбекистон тарафининг бу борадаги жавоби бирмунча мужмал бўлиб, баъзи манбаларда бу таклифнинг ҳатто рад этилгани айтилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида "Cogema" Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан Марказий Қизилқумда қўшма фаолият юритиш юзасидан ҳамкорлик режаларини тузган. Ҳатто ўша пайтларда бу компания мамлакатнинг ўзида иссиқлик энергияси олиш мақсадида уранни бойитиш, бу қимматбаҳо металл заҳираларини излаб топиш бўйича режаларини такдим этган экан. Аммо бу таклифларнинг натижаси қандай тугагани қоронғи, сабаби, Ўзбекистоннинг уран сиёсати борасидаги маълумотлари (бошқа нодир металларники сингари) ошкор қилинмайди. Геология Давлат қўмитаси маълумотига кўра, уран монополисти бўлган Навоий тоғ-кон металлургия комбинати 2004 йилда 2,016 тонна, 2005 йилда эса 2,301 тонна кимматбахо иссиқлик энегияси манбаини қазиб олишга улгурган.

Ўзбекистон уран хомашёси заҳиралари бўйича дунёда еттинчи, уни экспорт килиш бўйича эса учинчи ўринни эгаллайди. Оммавий ахборот воситаларида таъкидланаётганидек, уран экспорти эски ўзанига қайтмоқда. Яъни, Андижон қирғинидан сўнг ўзбек уранига яна Россия эгалик қиляпти.

Осиё Тараққиёт Банки билан икки грант шартномаси имзоланди

21 июнда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида бу банк томонидан Ўзбекистон маориф соҳасига ажратилган икки грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Биринчиси 1,5 миллион АҚШ доллари, иккинчиси 400 минг АҚШ долларидан иборат икки шартномани Ўзбекист Халқ таълими вазири ўринбосари У.Мусаев ва банкнинг Директорлар кенгаши ижрочи директори Чол Хви Ли имзоладилар. Маросимда Жаҳон банки, БМТнинг Болалар жамғармаси, ЮНЕСКО ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчилиги вакиллари иштирок этишди.

Мазкур грант маблағлари мактаб ва тарбия муассасаларида таълим олаётган имконияти чекланган болалар тарбияси ҳамда маорифдаги ислоҳотлар равнақига сарфланади, дейди мухбиримиз.

18:30 - Хьюман Райтс Вотч: Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларга қарши жиноий ишлар очиш кенгаймоқда

Бу ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотнинг бугун тарқатилган баёнотида, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сидарёлик фаоллари Аъзам Фармонов ва Алишер Караматов Янгиер шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрим этилгани, айни замонда, жамиятнинг Қашқадарй бўлими раиси Ёдгор Турлибеков милиция тарафидан бир неча кундан бери ноқонуний ушлаб турилгани айтилган.

Баёнотда Хьюман Райтс Вотчнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Холли Картнернинг “Ўзбекистон ҳокимияти ҳуқуқ ҳимоячиларини жазолаш йўли билан ўзгача фикрловчиларнинг оғзини ёпмоқчи”, деган сўзлари бор.

Ёдгор Турлибековнинг ушланишининг сабаблари ҳақида сайтимизда аввал хабар бергандик. Хьюман Райтс Вотчнинг баёнотидан маълум бўлишича, Аъзам Фармонов (Жамиятнинг раиси Толиб Ёқубовнинг куёви) ва Алишер Караматов сохта банкнотлар қилиш ва уларни сотиш каби сохта айлар асосида жазоланган.

17:30 - “Давра кенгаши” Жануб бўлимининг мажлиси

Бугун Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Ўзбекистон умуммухолифат “Давра кенгаши” Жануб бўлимининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда қуйидагилар қатнашдилар: Рустамов Абдужалил, Холдаров Исроилжон, Мухторов Жамшидбек, Анорхон Хамдамова, Акбаров Гуломжон, Ўш КУУ медицина факультети, даволаш ишлари бўлими талабаси, «Қонун ва тартиб» ҳуқуқ ташкилоти раиси Иззатилла Раҳматиллаев, шу униветситетдан яна 6 талаба ва ЎШГУдан 2 талаба. Мажлисда биринчи марта “Бирлик” Партияси вакили сифатида Акбар Орипов иштирок этди.

Кун тартибида “Давра Кенгаши” Жануб бўлими (ДКЖБ) раҳбариятига ўзгартириш киритиш, Умуммухолифат Қурултойи чақирилишига муносабат билдириш ва “Сайлов-2007” дан келиб чиқадиган вазифалар масалалари бор эди.
.
Биринчи масала юзасидан гапирган Жануб бўлимининг мувофиқлаштирувчиси Исроил Холдаров йиғилганларни “Давра Кенгаши”нинг мувофиқлаштирувчиси Пўлат Охуновнинг хати билан таништирди. Хат мазмуни кўпчилик томонидан маъкулланди, ДКЖБ раиси Абдужалил Рустамов вазифасидан озод этилди ва иқтисодий масалалар бўлими раислигига сайланди. Чунки, “Давра Кенгаши” тузиш вақтида қабул қилинган ҳужжатларда раислик лавозими назарда тутилмаган.

ДКЖБ нинг мувофиқлаштирувчиси этиб Исроилжон Холдаров сайланди. Шундан сўнг у ДКЖБга “Бирлик” Партиясидан вакил бўлиб келган Акбар Ориповни таништирди.

Иккинчи масала юзасидан Жамшид Мухторов сўзлади. У “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган мухолифатнинг умумий Қурултойини чақириш ҳақидаги хабарни ўқиб эшиттирди. Бунинг айни муддао эканлигини ҳамма тарафидан эътироф этилди. Нотиқ Қурултойга делегат қилиб ДКЖБ мувофиқлаштирувчиси, “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг Андижон вилоят ташкилоти раиси Исроил Холдаровнинг номзодини кўрсатди. Номзод бир овоздан тасдиқланди.

Учинчи масала юзасидан Исроил Холдаров сўз олди. У сайлов масаласида ҳар қандай вриантларга тайёр туриш кераклигини, бу ўринда ҳукумат томонидан кўрсатиладиган найрангли вариантлар ҳам назарда тутилиши лозимлигини гапирди. Мухолифат бир номзод кўрсатса, у қайси ташкилотдан бўлади, ташаббус гуруҳлари тузиладими, деган саволлар устида тўхтаган нотиқ, бу ишни ҳозирдан бошлаш кераклигини урғулади. “Бу ноқонуний бўлмайди. Ташаббус гуруҳларни рўйхатга олиш сайловга 70 кун қолганда тугайди. Менимча раҳбарларимиз (ҳарҳолда “Эрк” раҳбарлари назарда тутилаётган бўлса керак, - “Ҳаракат) бундан бехабарга ўхшайди. Агар сайлов компанияси сайловга 3 ой қолганда эълон қилинса, ташаббус гуруҳларини тузиш 20 кунда тугалланиши керак. Бу муддат жуда оз. Шунинг учун ташаббус гуруҳларини шакллантиришни ҳозирдан бошлаш керак”, деди у сўзининг охирида.

Кун тартибининг шу масаласи юзасидан сўзлаган Рустамов Абдужалил (“Эрк”нинг Қўқон шаҳридаги етакчиси), хусусан, Муҳаммад Солих номзоди ҳақида шундай гапирди: “Номзодни кўрсатиб қўйиш осон. Хўш, ундан кейин нима қилинади. Кураш олиб бориладими ёки йўқми? Агар кураш олиб борилса, у қайси кучлар билан олиб борилади, у қандай бўлади? Ташаббус гуруҳи тузиладими? Мана шу масалаларни ҳал килиб олиш зарур. Умуман олганда, унинг номзоди қандай кўрсатилгани ва бу жабҳада қандай кураш олиб бориш масалаларида қоронғи жойлар кўп. Мана шуларга ойдинлик киритиш керак”.

Шу масала юзасидан Озод деҳқонлар партиясининг вакили, ДКЖБнинг Ёшлар билан ишлаш бўлими раиси Жамшид Мухторов гапирди. Мен, деди у, Муҳаммад Солих номзодига қарши эмасман. Бироқ, бу ишнинг қонуний асослари ҳақида ҳам хеч нарса дея олмайман. Чамамда у ва унинг тарафдорлари Ўзбекистонда сайлов умуман бўлмайди, деган фикрдалар шекилли. Менимча Тошкентда битта ташаббус гуруҳи ташкил қилиниб, вилоятлардан аъзолар жалб этилиши керак. Бу ташаббус гуруҳи мамлакат ичкарисидан бирор кишини президентликка муносиб номзод қилиб кўрсатиши керак. Бу иш иложи борича тез бошланиши керак. Аслида ҳамма вилоятларда ташаббус гуруҳлари тузилса яхши бўлар эди. Лекин бу катта маблағ талаб қилинади”.

ДКЖБнинг йиғилишида иштирок этган Ўш шаҳрида фаолият олиб борувчи «Қонун ва тартиб» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси Иззатилла Рахматиллаев қуйидагиларни гапирди: “Биз Қиргизистонликлар Ўзбекистондаги сайлов жараёнларига бевосита таъсир кўрсата олмаймиз. Бироқ қўл қовуштириб ҳам тура олмаймиз. Биз сайлов жараёнларига билвосита таъсир кўрсатиш ниятидамиз. Фақат бизнинг ташкилот эмас, балки барча ташкилотларнинг нияти шу. Биз Ўзбекистондаги демократик жараёнларнинг тезлашишидан манфаатдормиз. Сайлов масаласида эса, бизнингча, ичкаридан бирор лидерни танлаб, ўшани сайлаш учун кураш олиб бориш керак. Ана ушанда қонуний бўлади. Биз эса қўлимиздан келадиган барча ёрдамни беришга тайёрмиз”.

Бу масала бўйича шундай қарорлар қабул қилинди: 1. Муҳаммад Солихнинг номзоди бўйича аниқлик киритиш “Эрк” партияси раҳбариятидан сўралсин. 2. “Сайлов-2007” кампаниясида олиб бориладиган ишлар ва сайловда қатнашиш йўналишларига аниқлик киритиш “Давра Кенгаш”ининг мувофиқлаштирувчиси Пўлат Охуновдан сўралсин.

16:00 - Гулнора Каримованинг илмиёна тадбири

Президент Каримовнинг тўнғич кизи Гулнора кеча Тошкентда Сиёсий тадқиқотлар марказининг директори сифатида давра суҳбати ташкил қилди. Давра суҳбатининг илмиёна мавзуи “Замонавий ахборот майдонининг шаклланиши: медия ҳудудини ташкил этишда ахборот технологиялари, системали ёндошув ва минтакавий хусусиятларнинг роли“ деб аталди.

Давра суҳбатига, табиий, амалдору амалсиз кўп одам йиғилди. Улар орасида Ўзбекистон ОАВларини юргизаётганлар, амал илинжида юрган мутахассислар, ОАВларга даҳлдор фанлар вакиллари, мағрибу машриқнинг 11 мамлакатидан меҳмонга чақирилган экспертлар бор эди. Учрашувда Бош вазир ўринбосари, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори Орипов ҳам иштирок этди.

Сиёсий фанлар доктори илмий даражасини ҳам қўлга киритиб улугурган Г.Каримова давра суҳбатини очар экан, ҳозирги ахборот-коммуникация технологиялари жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг муҳим омили - ОАВлар орқали ахборот олиш имкониятини тобора кенгайтираётганидан гапирди. Отаси каби, уни ҳам ташвишлантираётган нарса - бу ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда қатнашган ЎзА мухбири учрашувда ахборот жамиятлари жадал шаклланаётган, глобал ва минтақавий хавфсизликка нисбатан янги таҳдидлар ва янги муаммолар пайдо бўлаётган ҳозирги шароитда етакчи ОАВларнинг стратегиясига оид масалалар муҳокама қилинди, деб ёзди. Шу мухбирга кўра, хорижлик меҳмонлар “учрашув қатнашчиларини ОАВларнинг жамият билан алоқаси, жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги таъсири каби йўналишларда ўз мамлакатларининг назарий ва амалий ютуқлари билан таништирганлар.“

Москва Бухоро авиақатнови йўлга қўйилди

Шу кунларда Ўзбекистонинг Бухоро шаҳридан Россия пойтахтига тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди. Ҳафтанинг шанба кунлари амалга ошадиган мазкур рейслар "AirUnion" авиакомпаниясига қарашли "ТУ-154 М" самолёти орқали амалга оширилади. Бу учоқ 300 нафар йўловчини манзилга элтолади.

"AirUnion", дейди мухбиримиз, Россияда ўзига хос монополияни ташкил этган йирик компания бўлиб, у ўзида "Красноярские авиалинии", "Домодедовские авиалинии", "Самара", "Омскавиа" ҳамда "Сибавиатранс" сингари компанияларни бирлаштирган. Компания маъмуриятига кўра, кейинги ой бошидан Бухорои шарифдан Санкт-Петербургга ҳам учоқлар парвоз қила бошлайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону