20 June 2006
03:00 - 23:30 - Президентнинг ўз сиёсатига номувофиқ қарори 19:00 - Парламентдаги семинар мавзуи: камбағалчиликни йўқотиш масаласи - Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (20 июнь, сешанба маълумоти) 10:00 - Ўзбек журналистикасининг &
23:30 - Президентнинг ўз сиёсатига номувофиқ қарори

Бугун, 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида"га Қарорга имзо чекди. Қарорга мувофик, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ахборот-кутубхона муассасалари ташкил этилиб, бу марказлар замонавий ахборот, адабиётлар билан бойитилади. Шунингдек, Халқ таълими, касб-хунар таълими негизидаги кутубхоналар ҳам мазкур карор талабларидан келиб чиқиб, ахборот-ресрслар билан бойитилади. Қарорда мазкур ислоҳотнинг амалиёти учун мутасадди идораларнинг вазифа ва мажбуриятлари қатъий белгиланиб, каттагина маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Аммо, дейди мухбиримиз, моҳиятига кўра, Президентнинг бу "олижаноб" қарори ўзи олиб бораётган сиёсатнинг тўла зидди бўлиб, мамлакатда бундай ислоҳотни амалга ошириш учун механизм йўқ. Яъни, режим ислоҳотларининг туб моҳияти жамиятни ҳар қандай ахборот ва маълумотлардан изоляциялашдир. Шубҳасиз, бу қарордан ҳам кўзланган асосий мақсад режим сиёсати тарғиботини объектив ахборотлардан узилиб қолган халқ онгига сингдириш бўлса керак.

19:00 - Парламентдаги семинар мавзуи: камбағалчиликни йўқотиш масаласи

Ўзбекистон расмийлари лексиконида “камбағал“ ёки “қашшоқ“ деган сўз йўқ. Ҳозирги режимнинг ижтимоий сиёсатини фош қилувчи бу сўзлар ўрнида коммунистик ўтмишнинг “кам таъминланган“ деган ибораси ишлатилади. Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси кеча камбағал ё кашшоқлар эмас, балки “кам таъминланганлар“ масаласига, аниқроғи, “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий мухофаза қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишнинг мавжуд амалиёти“га бағишланган семинар ўтказди.

Европа Иттифоқи Комиссиясининг ЕвропЭйд дастури доирасида ташкил қилинган мазкур семинар қатнашчилари эътиборига муҳтож аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга оид хориждаги ва Ўзбекистондаги амалиёт ҳавола этилди. Европалик эксперт О.Норманд Европа Иттифоқи мамлакатларида аҳолининг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлаш амалиёти ва шу соҳага оид тажриба ҳақида маъруза қилди.

Мехнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Зуҳра Ботирова, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Алишер Иноқов ва бошқа маҳаллий маърузачилар эса “бизнинг“ камбағалларимиз вазияти хориждагиларникига ўхшамаслигини иддао этдилар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиши керак бўлган қонунларни, Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасини пеш қилдилар. Уларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2,8 млн.пенсионер, 800 мингдан зиёд ногирон ва 67 мингдан ортиқ “кам таъминланган“ оилаларни давлат “боқаётган“ экан.

Республика ОАВларининг маълум қилишича, мазкур семинарда “кам таъминланган“ аҳоли қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни халқаро амалиётга мувофиқ такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар олға сурилган. Лекин қашшоқлик даражасини кўрсатувчи “истеъмолчилар корзинаси“, “яшаш минимуми“ каби мезон ва тушунчалар йўқ мамлакатда европалик мутахассиснинг гапларини тадбиқ этиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин!?

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (20 июнь, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки баҳоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1223,78 сўм; 1 EВРО = 1539,88 сўм; 1 рубль = 45,35 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташки иқтисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1222 сўм ва харид қилишда 1227 сўм; 1 EВРO = сотишда 1540 сўм ва харид қилишда 1560 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2257 сўм ва харид қилишда 2287 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1210 сўм ва харид қилишда 1230 сўм.

10:00 - Ўзбек журналистикасининг қора сони ёки 53-54-чилар ўз махарабозликларини Ўзбекистонга ташишдан қўрқмоқдалар

Бу партиянинг мухолифатни Каримовга сотиш эвазига 53-54 сонли квартиралар олган Салай Мадаминов бошчилигидаги гуруҳи юрт ташқарисида “Эрк” номли газета чиқаришга бошлаганини эълон қилган эди. Бу газетанинг фақат рус тилидаги биринчи сони Киевдаги “Бирлик” фаолларига ҳам етиб келгани ва бу ерда “Ҳаракат” журнали билан бирга тарқатилганини аввал билдирганмиз. Киевлик мухбирларимизнинг айтишича, газетанинг мақолаларида “Бирлик” раисига тош отиш одат қилиб олинган бўлса ҳам, Абдураҳим Пўлат ўз партияси фаоллари томонидан бу газетани тарқатилишига қаршилик қилмади. Аксинча, ҳеч бир сиёсий маъноси бўлмаган бу ҳақоратлар 53-54-чиларнинг ўзларини шарманда қилажагини айтди.

Бир оз вақтдан кейин “Эрк” газетасининг 2-чи сони Москвада пайдо бўлди, дейди маҳаллий мухбиримиз. Бу сон ҳам рус тилида бўлиб, Москвага бир дастагинаси етиб келган. Унинг биринчи сондан фарқи - “Бирлик” Партиясининг бирон марта ҳам тилга олинмаганидир.

Бу газета асосан 53-54-нинг улуғлигини кўз-кўз қилишга бағишланган бўлиб, унинг портретлари билан тўлатилган ва унинг бу партия номидан Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатилгани дабдабалар билан билдирилган.

Бу партиячанинг одамларини масхарабозлигига беш кетасан, деб ёзади Москвалик мухбиримиз содда ўзбек тилида. Ўзбекистон қонунлари бўйича президентликка номзодларни партия қурултойи кўрсатиши керак. Яна ўша қонунларга кўра, номзод кўрсатиш сайловлардан 65 кун аввал бошланиши ва 45 кун аввал тугаши лозим.

Сайлов нималигини, қонунлар нималигини билмайдиган бу лўттибозлар Ўзбекистон мухолифатини бутун дунёга шарманда қилиб бўлдилар. Энди ақллари кирабошлади шекилли, масхарабозликларини ҳеч бўлмаса ўзбеклардан яшириш йўлига ўтганга ўхшайдилар. Ўзини “Эрк” партияси 53-54 фракциясининг раҳбаримиз деб юрган одамлардан “бу газета Ўзбекистонга келдими, уни кўрсак бўладими” деб сўраган Тошкентлик мухбирларимиз саволларига маънили жавоб ололмадилар. Буни Отаназар Ориповдан сўраш кераклиги хусусида тушунтириш олдилар, халос.

Аслида улар тўғри қилишади. Чунки президентликка номзод кўрсатишдек муҳим сиёсий жараённинг мавжуд ҳукуматдан қолишмайдиган даражада масхарабозликка айтлантирилиши, бармоқ билан санаса бўладиган даражага тушиб қолган бошқа 53-54-чиларни ҳам роса кулгига қолдирган бўларди.

Ўзбек журналистикаси ҳали ҳеч қачон бундай шармандали иш қилмаган эди. Ўзбекистондаги ўзбек журналистлари режимдан қўрққанлари учун ҳар нарса қилишлари мумкин. Аммо ўзбек қонунларидан ҳам хабари бўлмаган эркчи журналистларнинг ўз иҳтиёрлари билан қилган бу саводсиз ишларига нима нейсиз?

Дарвоқе, бу хабарни “Озодлик” радиоси орқали бир неча тилда тарқатиб, ҳамқишлоқларини яна ҳам шарманда қилишда жонбозлик кўрсатган ака-ука Бобожоновлар профессионал ўзбек журналистикасининг обрўсини тўкаётганларини тушуниб етиб, истеъфога ўзлари чиқишадими, ёки чиқарилишни кутишадими? Балки улар баландроқ дарахт қидиришаётгандир? Ундай бўлса уларни сақлаб қолиш даркор. Зеро, ўзбек журналистикасининг зоопарки очилганда у ерга нималарнидир қўйиш керак бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону