08 June 2006
03:00 - 21:00 - Қашқадарёдан фақат Шовруқ ва Мурод каби мардлар эмас, мунофиқ қоратўлқинлар ҳам чиқиши мумкин 17:00 - Ўзбекистонда сайлов ҳозирликлари - Хитой ва Ўзбекистон йўли: “Ема, ичма, бўл бахи
21:00 - Қашқадарёдан фақат Шовруқ ва Мурод каби мардлар эмас, мунофиқ қоратўлқинлар ҳам чиқиши мумкин

Ўзбекистоннинг ҳар бир ери каби Қашқадарё ҳам тарихимизга кирган қаҳрамонлари билан мағрурланишга ҳаққи бор. Ҳозирги замонимизнинг қаҳрамонлари ҳақида гапирсак, биринчи навбатада, Ўзбекистоннинг мутақилиги учун курашиб, 2001 йили мустақил режим зиндoнида ваҳшийларча ўлдирилган Шовруқ Рўзимуродов ва бугун ҳам зиндонда ётган Мурод Жўраевларни эслаймиз. Уларни ўз эътиқодларидан чекинмаганлари учун, ўз халқларини қулликдан қутқариш учун ҳеч чекинмасдан курашганлари учун йўқ қилмоқдалар.

Мардларнинг бу ҳолга тушишида миллат хоинларининг ҳам роли борлигини унутмайлик. Шу кунларда сайтимиздаги “Можара” фильмини кўрганлар бу хоинларни эслаб қолган бўлсалар керак. Каримовнинг топшириғини бажариб “Бирлик” халқ ҳаракатини бўлганларни миллат ҳеч қачон эсдан чиқармайди. Христиан дунёсида сотқинликни ифода этиш учун “30 кумуш танга” ибораси ишлатилади. Бизда сотқинликнинг рамзи “53-54” рақамлари бўлиб қолмоқда. “Эрк” партияси бир фракциясининг раиси Салай Мадаминов ва унинг тарафдорларини хозир ҳамма ерда мухолифатчилар шу рақамлар билан тилга олишаётгани энди ҳеч кимга сир эмас.

Ҳозир шу 53-54-чилардан бирининг портретини чизмоқчимиз. Бу Қашқадарёлик журналист Тўлқин Қораев. У 2002-2003 йиллари Қашқадарёлик мухолифатчилар бирлашишга ҳаракат қилишаётганда, уларнинг қаторида турган ва Салой Мадаминовни қоралаган. Абдураҳим Пўлатнинг айтишича, ўша пайтда Тўлқин Қораевдан келган хат-хабарларда Салой Мадаминовга нисбатан нафрат бурқиб турарди. Чунки Тўлқин ҳам ҳамма қатори 53-54 номли бу хоиннинг қилаётган ишлари ўзбек халқининг манфаатларига қарши эканлигини жуда яхши тушунарди.

Аммо бугун Тўлқин Қораев шамолга қараб қаддини ростлайдиган флюгерга айланди. Тўғрисини айтса, шамолга қараб эмас, унинг қандай материаллашишига қараб. Бу мубоғала эмас. Тўлқиннинг бугунги ёзувларига қаранг. Кеча xоин деган одамини бугун “миллатнинг отасига”, “демократга” айлантирмоқчи. Бундай одамларни 53-54-чи дейиш ҳам, масаланинг моҳиятини очмайди. Уни мунофиқ деймизми? Аммо, мунофиқлик ҳам бу каби одамларнинг олдида “лол” қоладиган нарса. Мунофиқнинг квадрати десакмикан?

Энг яхши, бундайларни “қоратўлқинлар” дейишдир. Улар нафақат устимизга “қораликни” олиб келадилар, балки, шу “қоралик” тўлқинларида халқимизни чўктиришга ҳаракат қиладилар. Аммо, бу 53-54-чилару қоратўлқинлар шуни билишлари керакки, ўзбек халқи тарихида кўпни кўрди. Вақти келиб, у кабиларни ҳам керакли жойига ўтказиб кўяди, Ўзбекистон журналистикасини қоратўлқинлардан тозалайди.

17:00 - Ўзбекистонда сайлов ҳозирликлари

Мухолифат доираларида Ўзбекистон президентлиги сайлови тўғрисида гап бошланган бўлса-да, расмий Тошкент бу сайлов тўғрисида ҳали сукут сақламоқда. Сукутни июль ойида бузса керак.

Гап шундаки, республикада май-июнь ойлари - махалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслахатчилари сайловлари ўтказилаётган ойлар. Ҳозир ҳокимликлар ва уларнинг ташкилий-назорат бўлимлари, маъмурий органлар кучи сиёсий тадбир деб каралаётган шу сайловларга ташланган. Буни катта сайлов олдидан ўзига хос репитиция дейиш мумкин.

Норасмий манбаларга кўра, президент сайлови учун тайёргарликлар аслида президент девони ва Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси доирасида аллақачон бошлаб юборилган. ЎзА агентлигининг хабарига кўра, 6 июнь куни шундай тадбирлардан бири - Марказий Сайлов Комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлди. Комиссия раиси Мирзаулуғбек Абдусаломов бошқарган бу мажлисда бу ташкилотнинг янги таҳрирдаги Регламенти лойиҳаси, 2006 йилнинг 2-ярмига (ўкинг: президент сайлови кампаниясига) мўлжалланган иш режаси ҳакидаги масалалар кўриб чиқилган.

Ўзбек сайловчиларининг ҳуқуқий маданияти, хорижий давлатлар тажрибаси каби масалалар ҳам мажлис мавзуи бўлган. Бўлгуси сайлов бўйича аник чора-тадбирлар белгиланган, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Хитой ва Ўзбекистон йўли: “Ема, ичма, бўл бахил. Бой бўлмасанг мен кафил“

Хитой коммунистларининг раҳбарларидан бири - Хитой Компартияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитасининг аъзоси Ли Чанчунь бошчилигидаги ҳайъат Тошкентга келгани ва Каримов томонидан қабул қилингани ҳақида илгари хабар берган эдик. Ўзбекистон режими ўз меҳмонига катта илтифот кўрсатди. Қонунчилик палатаси раиси Эркин Ҳалилов меҳмоннукарлик қилди. Чанчунь Тошкент Авиация бирлашмаси ва Ўзбекистон Давлат санъат музейига олиб борилди, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талаба ва ўқитувчилари билан учраштирилди. Хитой ҳайъатига катта зиёфат берилди.

Хуллас, хушомадларнинг кети узилмади. Ахир, Хитой дегани сернуфуз, иқтисодий “мўъжиза“ содир этиб, йилдан-йилга бойиб бораётган, боз устига, Ўзбекистон режимини қўллаб-қувватлаб турган мамлакат бўлгач, унинг вакиллари “ҳурмат“ини жойига қўйиш керак-да. Каримов хитойлик меҳмони билан учрашувда, Ўзбекистон - Хитой муносабатларининг бугунги ҳолатини, алоқаларнинг ҳозирги суръатини юксак баҳолаши ва қадрлашини айтди, Ўзбекистоннинг “ўзига хос ва ўзига мос йўли“ Хитойникидан узоқ эмаслигини эътироф қилди.

Сўнгги вақтларда айрим “арбоб“ларимиз орасида эса “Модомики биз Хитой билан стратегик ҳамкор эканмиз, демак, Ўзбекистонни бойитишни ҳам Хитойдан ўрганишимиз керак“ деган ғоя ўралашиб юрибди. Аслида Ўзбекистон режими бу хато ғоя йўлига аллақачонлароқ тушиб олган.

Мутахассислар Хитойдаги иқтисодий ўсиш миллионларча миришкор ишчи қўлларнинг деярли текин меҳнати ҳисобига бўлаётганини яхши англайдилар. Ўзбекистонда ҳам меҳнат кишисидек қадри ерга урилган кимса ва меҳнат баҳосидек сув текин нарса бўлмаса керак. Шунинг учун Ўзбекистон меҳнат аҳли ўз Ватанидан бошқа юртларга иш излаб кетмоқда. Хитойда ҳам аҳвол худди шундай.

Гапни мухтасар қилиб, ўша “арбоб“ларга Москвада чиқадиган “Аргументы и факты“ ҳафталиги сайтидаги (http://www.aif.ru/online/aif/1334/45_01) “Секрет “чудес“ Поднебесной. Почему из “богатого Китая“ едут на заработки в “бедную Россию“?“ сарлавҳали мақолани ўқишни маслахат берамиз. Уни ўқиган киши халқимизнинг бир шахсга нисбат бериб айтилган, лекин давлат миқёсига ҳам кўчирса бўладиган “Ема, ичма, бўл бахил. Бой бўлмасанг, мен кафил“ нақли қанчалар тўғри эканига иқрор бўлади.

8:30 - Абдураҳим Пўлат: Азада ҳам миллат тақдирини ўйлашга мажбурмиз

Аввалги хабарларимиздан бирида “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг Самарқанд ташкилоти раиси Сулаймон Мурод 41 ёшли ўғлидан фожиали шаклда айрилиб қолганини билдиргандик. Ўтган шанба куни, 3 июнда, Вашингтон шаҳри яқинида яшайдиган бир гуруҳ мухолифатчилар - Абдуманноб Пўлат (ҳуқуқ ҳимоячиси), Муҳаммад Бобир Маликов (Озод деҳқонлар партиясининг раиси), Жоҳонгир Муҳаммад (Демократик Ўзбекистон конгресининг раиси) ва Абдураҳим Пўлат (“Бирлик” Партиясининг раиси) Нью Жерси штатидаги “Улу жоме” масжидида ўтказилган 7-чи кун фотиҳа маросимига қатнашдилар.

Сўнгги йилларнинг азоблари ва ўғлининг ўлими зарбаси остида эзилган 64 ёшдаги Сулаймон Мурод мункиллаган чолга ўхшар, ҳаммага ёши 70га яқинлашиб қолганини сўзларди. У ўғли, қўли гул хирург Ғайратнинг ўз касби билан ўзбек миллатига хизмат қилиш ўрнига Америкада мардикорчилик қилишга мажбур бўлганидан куюнар, бунинг сабабчиси Ўзбекистонда ўрнатилган режим эканлигини гапирарди. Ғайрат Америкада бензин ташийдиган катта цистернали машинанинг ҳайдовчиси экани, у машинани ҳайдаб кетаётганда, бензин тўла цистерна ағдарилиб кетгани натижасида ҳалок бўлганини айтиш керак.

Ҳамма қатори Сулаймон акага ҳамдард эканлиги, унинг бошига тушган бу кулфат қанчалик оғирлигини хис этиши, бундай дард ҳар биримизнинг бошимизга тушиши мумкинлигини айтиб, унга тасалли беришга ҳаракат қилган Абдураҳим Пўлат, бошқалардан фарқли ўлароқ, масалага сиёсий тус бериб, Ғайратнинг ўлими Ўзбекистонда диктатура ўрнатилиши натижаси ҳам эканлиги, дииктатура эса бир вақтлар “Бирлик”ни Каримовнинг топшириғи билан парчалаган бўлғуси “эрк”чиларнинг, демак, Сулоймон Муроднинг ҳам айби билан мустаҳкамланганини айтиб, баъзиларнинг фикрига кўра, ўлганнинг устига тепгандек бўлибди.

Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари шунчалик ноанъанавий эдики, улар тезда Тошкентга қадар етиб келди. Мухбиримиз, бўлиб ўтган гапларни унинг ўзидан эшитишга қарор қилди. Қуйида Абдураҳим Пўлатнинг сўзлари:

Мен Сулаймон акага, ғам қанчалик оғир бўлмасин, Сиз матонатли бўлишингиз керак, бунга мажбурсиз ҳам, деб гап бошладим. Чунки, эндигана болаларимни оёққа қўйдим. уларнинг ташвишидан қутилдим деган бўлсангиз керак, аммо энди Ғайратнинг болаларини оёққа қўйиш ҳам Сизнинг бўйнингизда. Одам ўзини қария қилиб эмас, ёш қилиб кўрсатишга интилиши керак, ўзингизни ўзингиз психологик ейишингиз билан ҳеч нарса ўзгармайди. Сиз эндигана 60 ёшдан ўтдим дейиш ўрнига 70 га яқинлашганингизни қайта-қайта гапиришингиз билан ҳам ўзингизни психологик эзмоқдасиз.

Ҳали олдимизда кўп ишлар бор. Ҳам шахсий ҳаётимизда, ҳам сиёсий жабҳада. Биз ўзбеклар бундай аза кунлари ҳам сиёсат ҳақида, миллат ва ватан тақдири устида ўйлаш, гапиришга мажбурмиз. Чунки 21 асрнинг бошида ўз миллатини автомат ва пулемётлар билан ўққа тутишгача борган ваҳший режим бор мамлакатимизда. Андижонда юзлаб бегуноҳ одамлар қонга ботирилди, ундан олдин ҳам қанчадан қанча йигитларимиз ваҳшийларча ўлдирилганди, уларнинг ичида ҳаммамизнинг дўстимиз Шовруқ Рўзимуродов бор. Миллатнинг гуллари бўлмиш минглаб ёшларимиз зиндонларда чиритилмоқда. Бу бизга Оллоҳ берган кўргуликми? Йўқ, бу ўз хатоларимиз туфайли елкамизга ўзимиз миндирган режимнинг жиноятларидир.

Шуларни ҳаммасини ҳисобга олиб, Сизга қанчалик оғир бўлмасин, бугун бу аза куни ҳам оғир сўзларни айтишни миллатимиз олдидаги бурчим деб ҳисоблайман.

Ўғлингизни ўлимининг асл сабаби автоҳалокат эмас, унинг асл сабаби - бундан 17 йил аввал ҳокимиятга келиш арафасидаги турган “Бирлик”ни сиз бўлғучи “эрк”чилар Салой Мадаминов бошчилигида Каримовга сотишингиз ва бунининг натижасида бугунги мавжуд режимнинг мустаҳкамланишидир. Ўғлингиз, режимнинг минглаб қурбонлари қаторига қўйшилди. Бу режимни эса бошимизга сиз “эрк”чилар олиб келгансиз. Миллатимиз берилган қурбонлар қатори, буни ҳам ҳеч қачон унутмайди. Биз ўтмишнинг бу мудҳиш хатоларидан сабоқ чиқармасак, ҳеч қачон миллат бўлолмаймиз, қулликдан қутулолмаймиз.

Сулаймон акага айтган бу сўзларим ўша кунги фотиҳа қатнашчиларининг кўпчилиги тарафидан бошқачароқ шархланажагини аввалдан билардим. Уйлайманки, миллатимизнинг кўпчилиги ҳам буни шундай ифодалайди. Аммо, мен бу ерда илгарилари ҳам кўп марта айтган сўзларимни қайтараман. Ҳа, Ўзбекистонда ҳали кўпчилик мен каби ўйламаётгани учун шундай ночор аҳволдамиз, қўшни мамлакатларнинг кулгисига қолиб, ҳам қулликдa ҳам қашшоқликда ўтирибмиз. Йигитларимиз зиндонларда чиритилиши, аёлларимиз ўзини сотишгача етиб борганига тоқат қилиб турибмиз. Кўпчилик мен каби ўйлашга бошлагандан кейингина диктатурани енголамиз. Мен камчиликни кўпчиликка айлантиролишимизга ишонаман.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону