07 June 2006
03:00 - 19:00 - Валютафурушлар бозори синди 10:30 - Каримовнинг зиндонидаги Мурод Жўраев, социолог Баҳодир Мусаев ва “Озодлик” радиоси 7:00 - Сайтимизга қўйилган “Можара” фильми ҳақида 6:00 - “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг ма
19:00 - Валютафурушлар бозори синди

Шу кунларда Ўзбекистонда хорижий валюталарга,хусусан, АҚШ долларига талаб кескин пасайди. Ўзбекистон иқтисодининг асосий ричаги бўлган тужжорларнинг сиқувга олиниши, қўшни мамлакатлар чегараларида юзага келган вазият, ҳукуматнинг чегара ҳудудларидаги бозорларга йўлни тўсиши шу вазиятни келтириб чикарди.

Кейинги икки ҳафтада, дейди мухбиримиз, АҚШ долларнинг харид курса 1230 сўмдан 1210 сўмгача тушди. Ҳукуматнинг валюта айрибошлаш шаҳобчалари эса фуқароларга сўм етказиб беролмаяпти. Қора бозорда долларга нисбатан сўровнинг пасайиши гарчанд ўзбек сўмининг инфляция муаммосини юмшатаётгандай бўлса-да, бозорларда товарлар камёблиги ортидан келадиган қимматчилик аҳоли яқин келажакда муаммолар чиқариши мумкин.

Бугун қорабозорда долларнинг нархи 1200 сўмдан ҳам тушиб кетганинга ўзим гувоҳ бўлдим, дейди мухбиримиз.

10:30 - Каримовнинг зиндонидаги Мурод Жўраев, социолог Баҳодир Мусаев ва “Озодлик” радиоси

“Ҳаракат” журналининг ҳозир тайёрланаётган 2006 йил 3(60) сонида қашқадарёлик собиқ “эрк”чи, ҳозирда “Бирлик” Партияси шу вилоят ташкилотининг раиси Дайнов Ташановнинг “Бундай қила кўрма, болам, буёғи оз қолди!..” номли мақоласи чоп этилади. Бу мақола ўзини социолог, мустақил олим деб таништирса ҳам, аслида бировларнинг истаги ва пули эвазига тарихни ва бугунги кунларнинг ҳақиқатини сохталаштиришни касб қилган Баҳодир Мусаевнинг собиқ Ўзбекистон халқ депутати, мамлакатимизнинг мустақиллиги ва демократия учун курашган оташин инсон, шу кунда режим зиндонида ётган Мурод Жўраевнинг ҳаётига оид фактларни ёлғонлар билан аралаштириб рус сайтларида чиқарган мақолаларига қарши ёзилган.

Дайнов Ташанов 1990-2002 йиллари “Эрк” партиясининг Қашқадарё вилоят ташкилотининг раиси бўлган ва ўша пайтда шу вилоятдаги Муборак шаҳар Советининг раиси бўлиб ишлаган Мурод Жўраевни шахсан танийди. Унинг ўз мақоласида ёзишича, Мурод Жўраев ҳеч қачон “Эрк” пратияси аъзоси бўлмаган ва партия раҳбариятининг бу партияга кириш хусусидаги таклифларини рад этиб келган. Унинг “Эрк” партияси аъзоси бўлган бошқа депутутлар (Ойгул Маматова, Жаҳонгир Муҳаммад, Насрулло Саид ва б.) билан биргаликда парламентдан ҳайдалиши демократларга қарши бошланган умумий кампаниянинг бир қисмидир халос.

Мурод Жўраев парламентдан чиқарилгач, у раислик қилаётган Муборак шаҳар Совети йўқ қилинган. У қамалиш хавфи остида Қозоғистонда яшаган. Балки у шу пайида “Эрк” партиясига аъзо бўлгандир? Дайнов Ташанов бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг шу сўзларини келтиради: “Мурод Жўраевни у парламентга сайланган кунлардан бери танийман. У ўзи раислик қилаётган шаҳар Советида коммунистик партия аъзоларининг аъзолигини тўхтатириб қўйишга жазм қилишгача борган мард йигит эди. Мен Муборакда бўлиб ҳам унинг ишлари билан танишганман. Бир қанча халқаро конференцияларда “Бирлик” номидан унинг фаолияти хусусида рус тилида “Демократия ороли” номли брошюра ҳам тарқатганмиз (муаллифлари – Анвар Усмон ва Абдуманноб Пўлат). Чақириқларимизга қарамасдан у “Бирлик” халқ ҳаракатига аъзо бўлмаган. У билан охирги марта 1993 йилнинг сўнгида Истанбулда кўришдик. Боймирза Ҳайитнинг туғилган кунига бағишланган йиғилишга бирга иштирок этдик. У ўшанда, мен буни сўрамасам ҳам, “Эрк” партиясига аъзо эмаслигини, “Эрк” раиси билан баъзибир тижорий тусдаги ишларни биргаликда қилаётганини қайта қайта таъкидларди. Бу гаплардан ўша пайтда Истанбулда яшаётган “эрк”чи Жахонгир Муҳаммад (у кейинчалик бу партиядан чиққан) ҳам хабардор. Бир неча ойдан кейин Мурод Жўраевни “Эрк” партияси фаоллари Дилором Исоқова ва Юсуф Рўзимуродов Олма-Ота шаҳрида Ўзбекистон МХХ ходимларига тутиб беришганини эшитдим. У судда ҳам бу партияга аъзо эмаслигини такрорлаганини биламан. Мурод тарафидан тижоратни ўрганиш учун Истанбулга юборилган қашқадарёлик йигитларни у ерда яшаётган “Эрк” раҳбарлари террорчиликга ўрганиш ишларига тортишган экан ”.

Шундай бўлишига қарамасдан нима учун “Эрк” раҳбарлари ва ҳеч нарсани билмаса ҳам уларнинг ноғорасига ўйнаётган Баҳодир Мусаев Мурод Жўраевнинг бу партияга аъзо эканлигини гапиришдан чарчамайдилар?

Дайнов Ташанов бу саволларга жавоб қидириб яқинда Муборок шаҳрига борди ва Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека билан учрашди. Бу аёлнинг айтган гапларидан сочлар тикка бўлиши ҳеч гап эмас. Мана унинг баъзибир сўзлари: “Бир неча бор Мурод акамни етаклаган дўстлардан ёрдам сўраб Тошкентга бордим. Дилором Исоқова мени Отаназар Ориповнинг уйига олиб борди. Данғиллама кошонадан бошини чиқарган совуқ башаранинг “Қўлим бир тийин кўрган бўлса, худо урсин” деб қасамхўрлик қилгани капалагимни учирди… Кимлардир орқали Муҳаммад Солих билан ҳам боғландим. У киши ҳам бир тийин тугул бир оғиз ширин сўзини ҳам раво кўрмади. Қўйнига илон бўлиб кирган Мурод аканинг собиқ дўстлари эримни тириклайин гўрга тиқди... Мурод ака умуман “Эрк”ка кирмаганлар, у киши мендан ҳеч нарсани яширмайди. Мен аллақочон Муҳаммад Солиҳ ва унинг тарфдорларидан ҳеч қандай ёрдам кутмайман, иложини топсанг, Абдураҳим Пўлатов билан боғлан, деганди менга. Мурод аканинг “дўстлари” Абдураҳим Пўлатов билан боғланишга ҳаракат қилганимда у кишини мендан яширишди. Тўсатдан йўлимизда Михаил Ардзинов деган ҳуқуқ ҳимоячиси чиқиб қолди. Дилором Исоқова мени Мурод Жўревнинг хотини, деб таништирди. Олижаноб инсон Михаил Ардзинов кўп бўлмаса-да, Мурод ака учун 8 килограмм атрофида передача бозордан харид қилиб берди. Ошхонада овқатлантирди, йўлкира берди. У инсонни умрбод эслаб юраман, бошқа на маҳалла, на қўни-қўшни ва на мухолифат, ҳеч кимдан бир тийин ҳам, бир оғиз ширин сўз ҳам олмаганман”.

Мурод Жўраевнинг рафиқаси билан кўришиш ҳам юқоридаги саволга жавоб бермади. Ва бошқа саволлар туғилди. Нима учун “Эрк” партиясининг чет элда яшаётган раҳбарлари бирон марта ҳам халқаро ташкилотлар орқали Мурод Жўраев масаласини кўтаришмади? Нима учун унинг ўзи каби оиласини ҳам унутишди? Нима учун Мурод Жўраевнинг навбатдаги қамоқ муддати яқинлашиши билан “эрк”чилар Баҳодир Мусаев кабилар ва “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ёрдамида унинг “Эрк”чи эканлиги эслаб қолишади?

Саволни шундай қўйсакгина Мурод Жўраевнинг тақдири атрофидаги ўйинларни тушуниш мумкин. Аслида, “Эрк”чилар Мурод Жўраевнинг озод бўлишини исташмайди. Агар у қамоқдан чиқса, Салай Мадаминов ва унинг атрофидагилар террор ишига аралашгани унинг сўзлари билан исботини топади. Шу сабабли ҳамма томонидан унутилган ва муддати келиши билан автоматик шаклда озод қилиниши керак бўлган Мурод Жўраевнинг иши ҳар сафар қамoқ муддати тугашидан бироз аввал ёлғон-яшиқ гаплар билан “Озодлик” ва Баҳодир Мусаевлар орқали жиддий шаклда сиёсатлаштирилади ва ҳокимиятдагилар унинг қамоқ муддатини чўзиб қўядилар. Аммо уни озод қилдириш учун ҳеч бир амалий қадам қилинмайди.

Баҳодир Мусаев яқинда “Центразия” сайтида гўёки Мурод Жўраевнинг аёлига асосланиб шундай дейди: “Агар Мурод ҳамма ишларда Муҳаммад Солихни айбласа, уни қўйиб юборишарди, аммо у буни истамаяпти”. Дайнов Ташанов билан суҳбатида эса, Холбека бунинг тамомийла тескарисини айтган: “Мурод ака қамоқдан чиқиш учун ҳар нарсага тайёр. У хатто Каримовга илтимоснома ҳам ёзди. Аммо чиқаришмаяпти”.

Дайнов Ташанов Холбека билан кўришиб келгач ва “Эрк” раҳбарлари Мурод Жўраевнинг ҳаёти устида қандай ўйинлар қилишаётгани маълум бўлгач, “Бирлик” дарҳол Мурод Жўраевнинг оиласига моддий ёрдам бериш қарорини олди. Шу кунларда ҳуқуқ ҳимоячиси “Эзгулик” жамияти Мурод Жўраевнинг иши билан шуғулланишга бошлайди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Дайнов Ташанов 2002 йили мухолифатни бирлаштириш хусусида “Эрк” ва “Бирлик” партияларининг раисларига мурожаат қилди. Унинг мурожаати Қашқадарё ва Сурхондарё мухолифатчиларининг умумий мажлисида қўллаб қувватланди, сайтларда эълон қилинди, Абдураҳим Пўлатдан ижобий жавоб келди. Аммо, ҳали у пайтда бўлинмаган “Эрк” раиси суст қолди. Шундан кейин “Эрк” партияси вилоят ташкилотининг асосий қисми ўз раиси билан “Бирлик”га қўшилди.

7:00 - Сайтимизга қўйилган “Можара” фильми ҳақида

Шу йил 23 май куни сайтимизга “Бирлик” халқ ҳаракати энг кучга тўлиб турган вақтда бўлғуси “Эрк” раҳбарлари бошчилигида Каримовнинг топшириғи билан қандай парчаланганини намойиш қилувчи “Можара” фильмини қўйган эдик. Ўқувчиларимиз қайси система билан жиҳозланган компютерлари борлигига қараб, фильмни тўғридан тўғри сайтдан ёки уни ўз компютерларига ёзиб олиб кўришлари мумкин эди.

Биз буни эълон қилмасак ҳам аввалдан билардикки, фильмнинг сайт хотирасида эгаллаб турган жойи катта бўлгани учун, уни бошқа компютерларга ёзиб олиш ҳам, уни тўғридан тўғри сайтда кўриш ҳам сайтимиз учун кўп ҳаражатли бўлади. Аммо, биз фильм сайт ўқувчиларида бунчалик қизиқиш уйғотaди деб ўйламагандик. Фильм сайтга қўйилгандан кейин ўтган 10 кун ичида, тахминан 1000 га яқин киши бу фильмни тўла ёки қисман тамоша қилган ёки ўз компютерига ёзиб олган. Буларнинг ҳаражати сайтимиз учун тахминан 1500 АҚШ долларига тенг бўлди.

Моддий қийинчиликлардан келиб чиқиб, сайт маъмурияти фильмни вақтинча сайтдан олиб қўйишга мажбур бўлди. Бунинг учун ўқувчиларимиздан узр сўраш билан бирга шуни маълум қилмоқ истаймиз.

Ҳозир ҳаражатларни камайтириш ёки уларни қоплаш йўлларини изламоқдамиз. Бир оз вақтдан кейин, машҳур ўзбек шоири Шукруллонинг Салой Мадаминов ва унинг сафдошларига хитобан: “Бу КГБнинг иши, халқ ҳаракатини тамом қилдингиз” деган тарихий сўзларини ҳам ўз ичига олган “Можара” фильмини қайтадан кўриш имконига эга бўласиз.

6:00 - “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг мажлисига етиб келолмаганларинг саргузаштлари

3 июнда ўтказилиши режалаштирилган “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг мажлиси кворум бўлмагани сабабли ўтказилмаганини илгари хабар бергандик. Бугунгача олинган маълумаотлар бирликчиларнинг ўша кунги саргузаштларинигина эмас, мамлакатимиздаги сиёсий аҳволни етарлича ёритиб беради.

“Бирлик” раисининг ўринбосарлари Ҳамдам Сулаймонов (Қўқон) ва Ҳолиқназар Ғаниев (Самарқанд) ҳамда партиянинг Андижон вилоят ташкилоти раиси Акбар Орипов маҳаллий милиция ходимларининг тазйиқлари остида ўша куни уйдан чиқмасдан ўтиришга мажбур бўлдилар. “Бирлик”нинг Андижон хунрезлигини қораловчи баёнотини тарқатгани учун 3 йилга ҳукм қилиниб, шартли озодликка чиарилган Ҳамдам Сулаймонов ва Акбар Орипов қамалиш таҳдиди остида бўлсалар, ўтган йили 2 марта махсус хизматлар тарафидан ўғирланиб кетилган Ҳолиқназар Ғаниевга бу воқеалар қайтарилиши мумкинлиги билан таҳдид қилинган.

Партиянинг Хоразмлик Марказий Кенгаш аъзолари Комилжон Жуманиёзов ва Раъно Отамуродова бир амаллаб Тошкентга етиб келганларида, уларни Ипподром олдидаги автовакзалда кутишмоқда экан. Миршаблар бир автобус пассажирлар билан мутлақо ишлари бўлмасдан, айнан бирликчиларнинг ҳужжатларини текширишни лозим топишибди ва ҳужжатлар шубҳали дея уларни энг яқин милиция бўлимига оли келишибди. Уларни бу ерда бир неча соат ушлаб туришгач, ҳужжатлар Хивада текширилиши керак деб, уларга бир миршабни қўшиб ва ҳужжатларни шу миршабга бериб, бирликчиларни (миршаб билан бирга, табиий) Хивага жўнатишган. Уларни Хива миршабхонасида ҳам бир неча соат ушлаб туриб, 4 июнь куни қўйиб юборишган.

Жиззахлик Марказий Кенгаш аъзолари Улуғбек Ҳайдаров ва Мамаражаб Назаровни Зомин туманида автобусдан туширишган ва кечгача сабабсиз ушлаб туриб, кейин қўйиб юборишган.

“Бирлик” партиясининг Бухоро вилоят ташкилоти раиси Саидбурхон Кодиров Тошкентга қараб йўлга чиққач, шаҳар автовокзалида ушланган ва мирашаблар томонидан мажбуран уйига олиб келиб қўйилган ва уйдан чиқмаслик шарти билангина очиқда қолдирилаётгани билдирилган.

“Бирлик” Партияси Тошкент шаҳара ташкилотининг раиси Ҳайитбой Абдуллаев эрталаб Марказий Кенгаш Мажлисига кетаётганини айтиб уйидан чиққан ва ғойиб бўлган. Кейин маълум бўлишича, уни миршаблар кўчада ушлаб Шайхонтовур милиция бўлимига олиб келишган ва қонунга зид равишда кечгача ушлаб туришган.

Партиянинг Марказий Кенгаш аъзоси (Тошкент вилоятидан) Руҳиддин Комилов эрталабдан кечгача Паркент туман милиция бошқармасида мажбуран ушлаб ўтирилган.

Аввал ҳам хабар берилганидек, Марказий кенгашнинг Фарғона вилоятидан аъзолари Адҳам Муҳиддинов (вилоят ташкилоти раиси) ва Эргашбой Қўшматов Қўқондан Тошкент тарафга йўлга чиқиб, 30 км юрганларидан кейин милиция тарафидан тўтатилиб, Қўқонга қайтариб олиб кетилган, Қашқадарёлик Зулфиқор Мирзақулов эса уйидан чиқарилмаган.

Эслатиб ўтамиз, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг 38 аъзоси бўлиб, улардан 10 нафари юрт ташқарисида яшамоқда. Хабаримиздан кўриниб турганидек, мажлисда қатнашиш ниятида бўлган 13 киши милиция таъқиби остида қолган. Марказий Кенгашнинг бошқа аъзолари ҳақида ҳали маълумот олингани йўқ.

2:00 - “Бирлик”нинг Крим ташкилоти президентликка умумий номзод тарафдори

Кеча Кримнинг маркази Боғчасаройда “Бирлик” Партиясининг маҳаллий ташкилоти умумий мажлисини ўтказди. Йигирмага яқин партия фаолининг йиғилишини ташкилот раиси Иномжон Бобожонов бошқарди. Кун тартибидаги ягона савол 2007 йилда бўладиган президентлик сайловлари эди.

“Бирлик”нинг Қрим ташкилоти сайловларга мухолифатдан якка ва умумий номзод билан қатнашиш фикрини қўллаб қувватлади ва ҳамма демократик ташкилотларни бу фикр атрофида бирлашишга чақирди.

Ислом Каримов хитойлик коммунистни қабул қилди

6 июнда тарқатилган расмий хабарга кўра, Оқсарой кароргоҳида президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Компартияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюросининг доимий аъзоси Ли Чан Чун бошчилигидаги Хитой ҳайъатини қабул килди. Учрашув чоғида Ўзбекистон режимини ҳам маънан, айрим доираларда амалий қўллаб-қувватлаётган бу давлат вакилига иззат-икром кўрсатилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон-Хитой муносабатларида ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 485 миллион АҚШ долларига етгани, бу миқдор Андижон қатлиомидан сўнг қарийб 202 фоизга ўсгани қайд этилади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону