26 May 2006
03:00 - 23:00 - "Эзгулик" Андижон қатлиоми борасидаги ҳисоботини такдим этди - Французлар ҳам Адлия "ғамхўрлиги"дан бенасиб қолмади 9:00 - "Counterpart International" осонликча қутулмайди - Режимбоши аламини Абайдан олди
23:00 - "Эзгулик" Андижон қатлиоми борасидаги ҳисоботини такдим этди

Бугун, 26 майда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти АҚШнинг мамлакатдаги элчилигида ўзининг Андижон қатлиоми борасидаги ҳисоботнинг (доклади) тақдимотини ўтказди. АҚШ, Франция, Германия сингари давлатлар элчиликларининг вакиллари ташриф буюрган бу тақдимотда "Эзгулик" жамиятининг фаолияти, мамлакатда бўлаётган тазйиқ ва таъқиблар, Андижон фожеаси манзаралари ҳақида сўз борди. Тақдимотда иштирок этган жамият раиси Васила Иноят ҳамда ташкилотнинг Тошкент вилояти кенгаши раиси Абдураҳмон Ташанов дипломатларнинг сўроқларига жавоб бердилар.

Андижон фожиаси борасидаги бу янги рақам ва далилларни тарқатиш "Эзгулик" учун қимматга тушисини таҳмин этсак-да, уни бир соат ҳам сақлаб туришга ҳаққимиз йўк, дейди Васила Иноят. Зеро, ҳар бир фактни қўлга киритиш учун катта йўқотишлар беришимизга тўғри келган. Ҳукумат биримизни қамаган, отган, биримиз хорижда жон сақлаяпмиз.

Мўъжаз китобча шаклидаги рангли-безакли бу рисолада ҳукумат манфаатларига зид ўлароқ, нобуд бўлган, бедарак кетган, ҳам қалбида, ҳам танасида режим зирхлари ўчмас из қолдирган бир неча юзлаб юртдошларимизнинг исми-шарифлари ошкор қилинган, уларнинг тақдири борасидаги маълумотлар, "Эзгулик" жамиятининг мавжуд вазият бўйича тушунтириш ва тавсиялари бор. Бу ерда Андижон катлиомини фош этувчи суратларга ҳам ер берилган.

Французлар ҳам Адлия "ғамхўрлиги"дан бенасиб қолмади

Бугун, 26 майда Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда фаолият олиб борувчи COFUTIS (Centre Operationnel Franco-Uzbek pour le Traitement des Images Sattelitaires) ташкилоти ваколатхонаси раҳбариятига ёзма огоҳлантириш берди. Асосан аэрокосмик тадқиқотлар натижасида олинадиган тасвирларни қайта ишловчи бу Ўзбек-Француз маркази тегишли статистик маълумотларни тақдим этмаслик, молиявий қонунбузарликлар юзасидан огоҳлантириляпти.

Штаб-квартираси Парижда бўлган бу ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасига Эрик Кокини раҳбарлик қилади. 1995 йилдан бери Ўзбекистонда ҳам фаолият олиб бораётган COFUTIS мамлакат қишлоқ хўжалиги ва табиатни мухофаза қилиш соҳасида бир канча лойиҳаларни амалга оширган. Ваколатхона ходимига кўра, бу марказ ҳам Америка ташкилотлари ваколатхоналарига қисматдош бўлиши мумкин.

9:00 - "Counterpart International" осонликча қутулмайди

Бугун, 25 майда Тошкент шаҳар прокуратураси "Counterpart International" нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимларига нисбатан жиноят иши қўзгатганини маълум қилди. Тегишли лицензиясиз ноширлик фаолияти билан шуғулланганликда айбланаётган бу Америка ташкилоти бундан бирмунча муқаддам фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг қарори билан ёпилганди.

Адлия ходимларига кўра, бу ташкилот вакиллари ўзларининг Қўкон, Наманган каби Ўзбекистониннг бир қатор шаҳарларида ноқонуний фаолият олиб борганларини бўйниларига олган ва уларнинг фаолиятини ёпиш ҳақидаги суд қарорига эътироз билдирмаганлар. Ҳатто ташкилотнинг Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Дэвид Холидей кўч-кўронини йиғиштира бошлаган.

Режимбоши аламини Абайдан олди

Шу кунларда феъли тез-тез айниб турадиган Ислом Каримов Қозоғистон ҳукуматига нисбатан яна тўнини тескари кийиб олди. Кузатувчиларнинг фикрича, режимбошини Назарбоевнинг Россия Президенти Путин билан Сочида олиб борган аҳдлашувлари ғазаблантирган. "Коммерсант" газетасининг ёзишича, Қозоғистон ҳукумати бу учрашувдан сўнг Россияга газ экспорти нархини уч баравар (куб метри - 140 АҚШ долларига яқин)га оширган. Аммо Россия газ экспорти миқдорини куни кеча яна 10 фоизга оширган Ўзбекистон билан эски нархларда ҳисоб-китоб қилмокда.

Номини очиқламасликни сўраган Ўзбекистон марказий газеталардан бирининг бош муҳаррири Қозоғистон ҳақидаги ҳар қандай матриални чоп этишнинг таъқиқлангани, бунга эҳтиёж бўлган тақдирда масала Президент девони аралашуви билан ҳал қилинишини билдирди. Ўша бош муҳаррир ҳатто пойтахтдаги буюк қозоқ адиби Абай (Қўнонбоев) номи билан аталувчи кўчанинг Ботир Зокиров номига алмаштирилгани-ю, бу ҳақдаги маълумотнинг оммавий нашрларда берилмаслигини ҳам қозоқларга нисбатан аразларнинг бошлангани билан изоҳлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону