24 May 2006
03:00 - 10:00 - Мухолифатнинг 1989 йилда қандай парчалангани ҳақидаги фильмни сайтимизда кўринг 3:00 - Нодира Ҳидоятова озодликка чиқди - Мўътабар Тожибоева пикетларини судда давом эттирмоқда - Бечора вазир ётокхонада яшар
10:00 - Мухолифатнинг 1989 йилда қандай парчалангани ҳақидаги фильмни сайтимизда кўринг

Куни кеча “Ҳаракат” сайтига “Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989 йилда коммунистик ҳукуматнинг гумашталари тарафидан қандай парчаланганини ҳужжатли кадрлар воситасида кўрсатувчи “Можара” фильми қўйилди. Ўзбекистоннинг кечаги кунидан йўлга чиқиб бугунини англамоқчи бўлганлар бу фильмни кўришлари шарт.

Уни кўриш учун “ТАРИХИЙ ФИЛЬМ” бўлимига киринг. Ўша бўлимда фильм тамошабинлари учун қуйидаги Кириш сўзи ҳам бор.

Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА


Ҳар бир мамлакат, ҳар бир миллатнинг тарихида сўнгсизга қадар қоладиган, миллат тарафидан ҳеч бир замон унутилмайдиган буюк воқеалар бор. Бундай воқеаларнинг мисоли сифатида муҳим жанг ёки урушдаги ғалаба ёки мағлубият, мустақилликка эришиш, мамлакатнинг келажагини ўзгартирувчи прогрессив инқилоблар, ёки аксинча, мамлакатни қоронғуликка судрашга йўл очган мағлубият ва сотқинликларни кўрсатиш мумкин.

Аммо, бир қарашда, оламшумулликни қўйиб туринг, эртага бировнинг эсида қолишини ўйламаганимиз оддий воқеалар борки, улар ҳам халқнинг тарихида абадий қолади. Бундай воқеалар, кўпинча, бир одамнинг шахсий мардлиги, миллатниннг юрагида из қолдирадиган бир нечта оддий сўзларидан иборат бўлиши мумкин.

Сиз ҳозир кўрадиган “Можарa” фильми миллатимизнинг яқин тарихига оид муҳим воқеаларга бой. Аммо, уларнинг ичида бир воқеа ўзбекларнинг тарихида умрбод қолади. Миллат бор экан, у ўз фарзандларини шу воқеани эслатиб тарбиялайди.

Бу қандай воқеа?

“Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989 йил 1 октябрь куни ўтказилган митингининг талаби битта эди: “Ўзбек тили давлат тили бўлсин!” Бундай бўлишини истамаган, демак, митингни ўзига қарши акция деб ҳисоблаган Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ўша куни эрталабданоқ митинг ўтказилиши эълон қилинган ҳозирги Мустақиллик (эски номи – Ленин) майдонини қатор-қатор милиционер ва аскарлар билан ўраб олган, ҳеч кимни майдонга яқинлаштиришмас, одамларни каттароқ гуруҳларга тўпланишга ҳам йўл қўймасликка ҳаракат қиларди.

Лекин бу ерга тўпланган минглаб ўзбекларни ҳеч ким тўхтатолмади. Улар милиция ва аскарларнинг қаторларини “Бирлик!”, “Бирлик!” деган ҳайқириқлар остида бузиб майдонга кирдилар. Ўзларини миллатнинг бир қисми деб ҳисоблаган бир қатор милиционерлар ортиқча қаршиликсиз одамларни майдонга ўтказиб юборишса-да, манқуртлари қаршилик кўрсатишди, баъзи митингчиларни калтаклашди, ҳатто, қон тўкишди.

“Можара” фильмини кўраётганда ўша милиция ва аскарларнинг қаторларини ёриб кирганлар орасида бир гуруҳ оппоқ соқолли боболаримизни кўриб, ҳар кимнинг кўзидан ёш келиши табиий.

Улар бу минтингда нима қилмоқдалар?

Савога жавобни кейинги кадрлардан топасиз.

Қаршингизда экранга милиционерлар тарафидан калтакланган мўйсафид чол чиқади ва миллати уйғур эканлигини ҳам таъкидлаб, қуйидаги сўзларини айтади: “Мен бу ерга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим”.

Қаранг, отахон “Тилимизга давлат тили мақоми берилсин”, “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” деган расмий шиорларни айтмайди, у “Тилим учун келдим”, дейди халос. Аммо, бундан улуғ сўзлар борми ўзи бу дунёда? Ҳа, отахонамиз тортиб олинаётган тилимизни қайтариб олиш ҳақида оддий сўзларни гапиради. Унинг сўзларини буюклиги уларнинг оддийлигидадир.

Машҳур ўзбек кинорежиссери Абдулазиз Маҳмудов тарафидан тасмага туширилган бу кадрлар ўзбекларнинг миллат эканлигини кўрсатувчи рамз сифатида умрбод қолади...

Шу билан бир қаторда фильмда “бошқа” ўзбекларни кўрасиз. Улар, яъни, салой мадамин (муҳаммад солих), усмон азим, зоҳир аълам, мирза кенжабек, тоҳир каримларга кўра, Абдураҳим Пўлат сафдошлари билан ташкил этган митинглар миллатни қон тўкишга олиб боради, митинг қилиш – кўча чангитишдир. Каримовга ёлланган бу “бошқаларнинг” фаолияти туфайли, “Бирлик” энг кучга тўлган пайтда парчаланди, натижада, бугун халқимиз ўша Каримовнинг қулига айлантирилди.

Албатта, бу фильмнинг асосий қисми “юқоридагиларга ёқмай қолган Абдураҳим Пўлатовни” бўлғуси эркчилар томонидан халқ ҳаракатидан четлаштириш учун жон-жаҳд билан қилган уринишлари ҳақида. Аммо, уни четлаштириш учун қўлларини шимариб Каримовга хизмат қилганлар ўткинчи нарсалардир.

Ҳа, шундай, улар - нарсалардир.

“Мен бу митингга ўз Тилим, Ватаним, Миллатим учун келдим” деган отахонлар боқийдир. Нaвоий кўчасини тўлдириб келаётган “бирлик”чилар ҳамда уларнинг муҳташам намойишини кўраётиб, кўзингизга яна бир марта ёш келиб турган пайтда жаранглаётган Дадхон Ҳасаннинг қўшиғидаги қуйидаги сўзлар боқийдир:

Оқибат адо бўлур,
Ўз тилин йўқотган эл.
Кўзингни оч ўзбегим,
Уйғон энди, ён энди.
Қўшил бизнинг сафларга, эй!
Майли кетсин жон энди!

Ҳақиқатдан ҳам, бу фильм бизни “жон кетса ҳам, миллат бўлишга чорлайди”. Бизни чорловчилар борми, демак, биз миллатмиз!

3:00 - Нодира Ҳидоятова озодликка чиқди

Кеча, 23 майда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг аппелация ҳайъати бундан бир муддат илгари йирик иқтисодий жиноятларда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган "Серқуёш Ўзбекистон" коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятовани "расман" озодликка чиқарди. Нодиранинг озод қилингани ҳақидаги хабарни унинг қариндошлари тасдиқлашди. Аммо жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди котибияти бу борада изоҳ беришни истамаяпти.

Албатта, Ҳидоятованинг "расман" озодликка чиққанига урғу бераётганимизнинг боиси бор. Етти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, суд залидан қўйиб юборилган бу "сиёсатчи"нинг қамоқда ўтиргани шубҳали. Ҳатто аввал сайтимизда норасмий манбага таяниб, унинг очиқда юргани борасида маълумот ҳам бергандик. Бу орада ҳукумат Нодира билан ўзаро "ҳисоб-китоб" қилибди, давлат хазинасига 120 миллион сўм дан ортиқ маблағ ундирилибди, деган хабарлар хам тарқалди.

Мўътабар Тожибоева пикетларини судда давом эттирмоқда

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси М. Тожибоева ҳимоячиларининг шикояти ҳамда вилоят прокурори Б. Қўқонбоевнинг протести асосида бошланган суд маҳкамалари судьяларни довдиратиб қўйди. Мўътабарнинг яқин дугонаси, ўзи хорижда туриб суд жараёнларини ёритаётган журналист Матлуба Азаматованинг ёзишича, Тожибоева суд жараёни пайтида кутилмаганда қўйнидан одмигина плакат чиқариб, пикетни бошлаб юборган. Лаб бўёги билан Андижон воқеаларининг асосий айбдори - республика прокуратураси" деб ёзилган бу плакатни бир неча дақиқа кўтариб турган.

Мухбиримизнинг таъкидлашича, Мўътабар Тожибоеванинг маҳкама жараёнларига биринчи инстанциядаги каби аксарият ҳолларда кузатувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари қўйилмаяпти. Аммо унинг ҳимоячисининг таъкидлашича, махбуса сўрокларга фавқулодда тийраклик ва эътибор билан жавоб қайтармоқда. Баъзи ўринларда суд ҳайъатини инсофга чақириб, ҳақоратли дашномлар билан сийламоқда.

Аксарият ҳуқуқ ҳимоячиларидан фарқли ўлароқ, Мўътабар Андижон қатлиомида ҳам, бошка зулм ва зўровонликларда ҳам Ислом Каримов шахсини айблаб кўрсатмайди. Суд жараёнларида ҳам худди шундай позицияда турибди, дейди мухбиримиз. Аммо бундай ўзига хос эҳтиёткорлик ҳуқуқ ҳимоячисини балолардан асраб қололмаса керак.

Бечора вазир ётокхонада яшаркан!

22 майда Ўзбекистон Олий Ҳарбий судида жиноят иши кўрилиши керак бўлган собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовнинг яшаш манзили Ўзбекистон Фанлар Академиясиг Ядро-физика интитутининг Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек посёлкасида жойлашган оилавий ётоқхонаси бўлиб чиқди. Гўёки, уч хонали кўримсизгина манзилда "исиқомат қилиб келган" бу қарияни хукумат йирик микдорда талон-тарожга йўл қўйганликда айбламоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону