23 May 2006
03:00 - 23:30 - Киевдаги пикетнинг мавзуси: Ўзбекистон албатта ГУОМга қайтади 23:00 - Немис ишбилармонларига Ўзбекистондек “така“ сут берса, бас - Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (23 май, сешанба маълумоти) 9:00 - “Озодлик”нинг ходимлари саводсиз
23:30 - Киевдаги пикетнинг мавзуси: Ўзбекистон албатта ГУОМга қайтади

Кечаги хабаримизда эълон қилинганидек, бугун Украинада яшаётган ўзбек қочқинлари “Бирлик” Партиясининг Украина бўлими раҳбарлигида ГУОМ саммити ўтаётган Украина президенти қароргоҳи олдида пикет ташкил қилдилар. 22 киши қатнашган пикетда Каримовнинг ГУОМдан чиқиш қарори қораланди ва вақти келиб Ўзбекистон Каримовдан қутилиши ва Ўзбекистон ГУОМга қайтиши айтилди. Шу руҳдаги плакатлар кўтарилди.

Пикетчилар олдига чиққан Украина президенти Юшченконинг бош маслахатчиси Тарас Овчарук “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон билан суҳбатлашди ва пикетчиларнинг истак ва талабларини ўз ичига олган пресс-релиздан бир дастасини олиб, уларни саммит қатнашчиларига тарқатишга ваъда берди.

Бироздан кейин пикетчиларнини кузатаётган ўнлаб маҳаллий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ёнига саммитини сарой ичкарисидан туриб ёритаётган чет эл телевидениеларининг оператор ва журналистлари чиқдилар. Уларнинг ичида Туркия, Озарбайжон, АҚШ, Литва телевидениеларининг вакиллари бор эди. Улар Исмоил Дадажон ва бошқа “Бирлик” фаоллари билан суҳбатларни тасмага туширишди.

23:00 - Немис ишбилармонларига Ўзбекистондек “така“ сут берса, бас

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетган бўлса-да, лекин унинг аъзоларидан бири - Германия илик муносабатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми 326 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистон кўчаларида немисларнинг “Meрседес-Бенц“ русумли автобусларини ҳар қадамда учратиш мумкин.

Шундай автобусларни Ўзбекистонга миллионлаб евроларга пуллаётган немис ишбилармонлари куни кеча бу ерга келишди. Уларга Немис қўмитаси Шарқий иқтисодиётининг бошқаруви раиси Клаус Мангольд раҳбарлик қилмоқда. Мезбонлар немис меҳмонларини Самарқандга олиб бориб, бизнес-конференция ўтказишди ва роса ўйнатишди.

Бугун Оқсарой қароргоҳида уларни президент Каримов қабул қилди. Шу ҳақдаги расмий хабарга кўра, учрашув чоғида Каримов “Германия Ўзбекистоннинг нафақат Европа, балки дунёдаги энг йирик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаган.“

Кузатувчилар эса немислар Ўзбекистон режимига нисбатан “така бўлса-да, сути бўлсин“ қабилида иш тутаётганини таъкидламоқдалар.

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (23 май, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки баҳоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1221,39 сўм; 1 EВРО = 1556,78 сўм; 1 рубль = 45,24 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташки иктисодий алоқалар банки бахоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1231 сўм ва харид қилишда 1233 сўм; 1 EВРO = сотишда 1557 сўм ва харид қилишда 1577 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2288 сўм ва харид қилишда 2318 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1250 сўм ва харид қилишда 1270 сўм.

9:00 - “Озодлик”нинг ходимлари саводсиз эдилар, саводсизликча қолмоқдалар

22 май куни Москвада чиқадиган “Независимая газета” ўз мухбирлари Светлана Гамова ва Виктория Панфиловаларнинг қаламига оид “Каримов готов меняться” мақоласини эълон қилганди. Мақоланинг сарлавҳаси ўзбекчага “Каримов алмашишга тайёр” деб таржима қилинади. Ўрта-миёна мақоланинг муаллифлари бундай сарлавҳа билан Каримов ўз хавфсизлиги эвазига Ўзбекистонни Россияга сотаётганига имо қилиб, Каримов хавфсизлиги масаласини мамлакат бойликларига алмаштираётганини сўзламоқдалар. Бу мавзу мақоланинг ўзида ҳам етарлича очиқ ёритилган.

Аммо, бу мақолани кеча ўзларича шархлаган “Озодлик” радиосининг саводсиз ўзбек мухбирлари мақоланинг моҳиятини ҳам тушунишмаган ва унинг сарлавҳасини “Каримов ўзгаришга тайëр” деб таржима қилишган. Бечора радио!

Жойи келганда шуни эслатиш керакки, “Ҳаракат” журналининг 2006 йил 2-сонида “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноятнинг қуйидаги сўзлари бор: “Шу кунда мухолифатчиларнинг ягона минбари бўлган “Озодлик” ва “Би-би-си”ни, уларда на сиёсий на профессионал журналистик саводи бўлмаган одамлар ишлайди, бу радиоларда чиқиш обрўни оширмайди эмас, аксинча туширади деб, партиямиз раиси Абдураҳим Пўлат уларда чиқишни унчалик истамаяпти”.

“Озодлик” радиосининг кечаги таҳлилини эшитган одамлар Абдураҳим Пўлатнинг ҳақ эканлигини тан олмасдан бошқа иложлари йўқ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону