17 May 2006
03:00 - 23:00 - Энди Бойсунга "баҳор" келмайди - Масжидлардан сўнг черковлар эшигига ҳам қулф урилмоқда - Каримов Тожикистон Президентидан намуна оляптими? 18:00 - “Бугунги Андижон“ китобини ўқиб 12:00 - “Эзгулик”нинг Поп тум
23:00 - Энди Бойсунга "баҳор" келмайди

Бугун, 17 майда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида анъанавий "Бойсун баҳори" фольклор этнографик фестивали бошланиши керак эди. Одатда уч-тўрт кун давом этадиган мазкур анжуман ЮНЕСКО ташкилоти васийлигида ўтказилиб, унга Турғун Алиматов номидаги жамғарма, SMI продюссерлик гуруҳи ҳамда Бойсун маданиятини қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳомийлик қиларди. Мазкур фестиваль бу йилдан эътиборан ўтказилмайдиган бўлибди. Фаргона. Ру ахборот хизмати бу ҳақда таҳлилий мақола чоп этгач, мухбирларимиз "Бойсун баҳори"нинг қолдирилиши сабаблари билан қизиқди.

Туман ҳокимлигининг маданият бўлими ходими Тошкентдан шундай буйруқ келганини айтиди. Бунинг сабаби, Тошкент (МХХ деявериш мумкин) фестиваль қатнашчилари орасида қандайдир хорижий жамғарма маблағига ишлайдиган бир ансамбль борлигини аниқлангани эмиш. Бу борада ҳеч қандай савол-сўроқларга жавоб қайтармаслик кеарклиги ҳам айтилибди.

Тарқалиб кетган бу хабарга бугун раддия берган Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев ҳукумат томонидан бундай ишга қўл урилмаганини таъкидлаган. Ўзбекистон хукуматининг бу каби "раддия"ларию хурмача қилиқларини биз-ку тушунамиз, аммо халқ қўшиклари-ю урф-одатларини кўз-кўз қилиш учун фестивалга ошиққан Тунис, Монголия ва Ироқлик меҳмонлар тушунишармикан?!

Масжидлардан сўнг черковлар эшигига ҳам қулф урилмоқда

Бугун, 17 майда Самарканд вилояти Адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Самарқандда насронийларнинг икки черкови эшигига қулф урилди. Буларнинг бири насроний-адвенистларнинг еттинчи куни бўлса, иккинчиси, Самарқанд тугул мамлакатимизда анчагина машҳур бўлган Мираль протестантлик чероквидир. Адлия бошқармаси бу черковлар фаолиятининг тўхтатилишини ноқонуний миссионерлик ишлари билан изоҳламоқда.

Мухбирмизнинг таъкидлашича, Самарканд вилоятининг чекка туманларигача кириб борган бу диндорлар маҳкама қарори устидан судга мурожаат қилишни режалаштиришмоқда экан. Аммо ҳаракатнинг самарасига уларнинг ўзлари ҳам ишонишмайди.

Каримов Тожикистон Президентидан намуна оляптими?

Бугун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Республика прокуратураси қошида солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришни молиявий кузатувга олиш (финансовую разведку) бошқармасини тузди. Бу борадаги қарор оммавий ахборот воситаларида чоп этилди.

Бундай карорга келишдан мақсад Каримовнинг коррупциядан юрак олдирган халққа яқинлашуви ёки қандайдир сайловолди ўйинлар бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу усул Тожикистон тажрибасида самара бермаганини эслатиб қўйиш жоиз.

18:00 - “Бугунги Андижон“ китобини ўқиб

Каримов режими шу кунларда “Бугунги Андижон. Андижан сегодня. Andijan today“ деган китоб нашр этиб, Андижон қирғинининг бир йиллигини нишонлаган бўлди. Номидан кўриниб турганидек, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чиқарилган китоб Андижон вилоятининг ҳаётига бағишланган. Ундаги тарғибий мақолалар, албатта, бу ердаги камбағалчилик, ишсизлик ва қимматчиликдан, амалдорларнинг зўравонлигидан, ўтган йил май ойида оққан қонлардан эмас, балки “эркин ва фаровон“ турмушдан ҳикоя қилади, “бузғунчи кучларга эргашмаган“ андижонликларга тасаннолар айтади.

Китоб юксак полиграфик ижрода тайёрланган, рангли суратлар билан безатилган. Уни чоп этган “Ўзбекистон“ нашриёти ходимларининг айтишларича, асосан чет элликларга ҳадя қилишга мўлжалланган.

12:00 - “Эзгулик”нинг Поп туман раиси озодликка чиқди

Бугун олинган хабарга қараганда, Поплик миршаблар “Эзгулик”нинг шу тумандаги раиси, “бирликчи” Араббой Кодировни қўйиб юборишган. Унга қарши ўзи ишлайдиган ширкатнинг бир ҳужжатини қалбакилаштириш айбномаси билан жиноий иш очилгани, кейин унинг уйидан “Ҳаракат” журнали ва бир қатор сиёсий баёнотлар топилгач, Жиноят Кодексининг машҳур 159-чи моддаси (конституцион тузумга қарши бир нарсалар қилиш) ҳам қўшилганини 13 ва 15 май хабарларида билдиргандик.

15 май куни “Эзгулик” раиси Васила Иноят Поп туманига келиб, милиция раҳбарлари билан учрашган ва бу жиноий ишнинг мутлақо асоссиз, ҳатто уйдирма эканлигини исботлашга етарлича ҳужжатлар борлигини айтиб, Араббойни ҳимоя қилиш учун дунё жамоатчилигининг ёрдамига таянажкларини билдирганди. Васила Иноят Поп туманидан кетар кетмас Араббой Кодиров қўйиб юборилган. Унинг адвокати Қўчқор Сотволдиевнинг билдиришича, ишдан 159-чи модда билан қўйилган айбнома олиб ташланган. Бир неча кун ичида ҳужжатни сохталаштириш айномаси ҳам ҳеч бир асос бўлмагани сабабли олиб ташланса керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону