29 April 2006
03:00 - 22:00 - Абдураҳим Пўлат: Бишкекдаги митингдан Ўзбекистон мухолифатига дарс
22:00 - Абдураҳим Пўлат: Бишкекдаги митингдан Ўзбекистон мухолифатига дарс

Бугун Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек ўтган йилги “Лола инқилоби” кунларини эслатарди. Инқилобдан кейин ўтган 1 йил ичида мамлакатда сиёсий-иқтисодий ислоҳoтлар ўтказилмагани, оддий одамларнинг ҳаётида деярли ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар юз бермаганидан норози бўлган янги ҳокимиятнинг янги мухолифлари 15 минг кишилик норозилик митинги ўтказдилар. Митингни шиори ҳамма нарса айтиб турибди - “Демократик ислоҳoтлар учун”.

Бу ерда икки нарсани алоҳида урғулаш керак. Биринчидан, ҳатто, Қирғизистон каби кичик бир давлатда ҳам эски режимдан қолган иллатларни тезлик билан тузатиб бўлмаслигини жиддий сиёсатчилар яхши тушунадилар. Иккинчидан, ҳеч бир мамлакатнинг аҳолиси, демак, мухолифати ҳам, янги ҳокимиятга чексиз вақт бериб, ўзгаришларнинг натижаларини кутиб ўтирмайди, том аксича, “эртаси” кунидан янги ҳукуматдан ижобий натижалар талаб қилишга бошлайди.

Бу иккала айтилган нарса ҳам аксиомадир. Демак, ҳар қандай ҳокимият бу аксиомаларни ҳисобга олиб ҳаракат қилиши керак.

Янги ҳокимиятнинг одатда икки йўли бор. Биринчиси, жиддий ўзгаришларни дарҳол қилиб бўлмаслигини билган ва танқидий чиқишлардан қўрққан янги ҳокимият, ишни демократияни ўз тушунчасига кўра бироз сиқиб қўйишдан бошлайди. Лекин одатда бундай йўл аста секин демократияни бутунлай йўқ қилишга олиб келади. Масалан. Ўзбекистонда Ислом Каримов, Россияда Владимир Путин шундай боши берк йўлга кириб қолдилар.

Иккинчи йўл – халқ билан, мухолифат билан очиқ мулоқатда бўлиш, муамоларни биргаликда ҳал қилишга чақириш, халқ ва мухолифатнинг дарҳол натижалар талаб қилишига чидаш, керак бўлса, ҳокимиятни турли инқилобларсиз тарк этишга тайёр бўлиш.

Ўзбекистоннинг ҳозирги демократик мухолифати Қириғизистон ва Украинада бўлаётган воқеалардан жиддий хулосалар чиқариши керак. Яъни, мавжуд диктаторлик режимини конституцион йўл билан четлатиш натижасида демократик мухолифатнинг ҳокимиятга келиши дарҳол ҳамма муаммоларни ҳал қилмайди.

Ҳозир ҳокимиятда бўлиб, кейин мухолифатга ўтадиганлар, халқни талаш натижасида яратиб олган иқтисодий имкониятларидан ва жамиятнинг узоқ вақт натижалар кутиш истаги бўлмаслигидан фойдаланиб, дарҳол янги ҳокимиятга қарши ҳар қандай усуллар билан, энг муҳими, биздан фарқли ўлароқ, нодемократик йўллар билан ҳам, жанг бошлайдилар.

Бундай шароитда демократик ҳукуматнинг янги мухолифат билан курашга тайёр-тайёрмаслиги, унинг ички жипслиги энг муҳим омилга айланади. Демак, биз ҳозирданоқ мухолифатнинг стратегик йўлини белгилаб олиб, шу йўл атрофида бирлашишимиз, жипслашимиз шарт. Акс ҳолда, яъни ўткинчи масалалар атрофидагина бирлашсак, масалан, Каримовни йиқитиш ғояси атрофида, у йиқилган куннинг эртасигаёқ мухолифатнинг ички муаммолари гирдобида қоламиз. Ана унда - мамлакатнинг, миллатнинг манфаатларидан келиб чиқадиган ишларни ўйлашга ҳам вақт қолмайди.

“Ҳаракат” журналининг 2005 йил 4-сонида “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақола эълон қилинган. Бу мақола “Бирлик” Партиясининг жуда кўп фаоллари ва ҳатто бошқа мухолиф партияларнинг аъзолари билан қилинган суҳбатлар натижасида ёзилган. Шу сабабли уни демократик мухолифат стратегиясининг илк лойиҳаси сифатида кўриш мумкин.

Мен ҳамма мухолифат вакилларини шу мақола билан яқинда танишиб, мухолифатнинг стратегисини яратиш устидаги ишга қўшилишга чақираман. Биз шундай стратегия яратсакгина, ҳокимиятга келгандан кейин ҳам бир тан бир жон бўлиб уни бажариш билан машғул бўлардик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону