01 August 2010
07:08 - Россия мухолифатининг Москва марказидаги акцияси ҳукуматни жиғибийрон қилди
Маълумки, тахминан бир йилдан бери Россия мухолифати Москва марказидаги Триумфал майдонда (собиқ Маяковский майдони) мамлакат конституциясининг йиғилишлар ўтказиш эркинлигига кафолат берувчи 31-чи моддасини ҳимоя қилиш шиори остида, 31 кунлик ойларнинг охирги куни “Стратегия-31” номли феълан норозилик акциялари ўтказмоқда. Лекин, Москва ҳукумати ҳар сафар айнан шу кунлари айнан шу майдонда ҳукумат тарафдорларининг турли тадбирларига рухсат бериб, шу баҳона билан мухолифатнинг аризаларига рад жавоби бермоқда. Мухолифат ҳам орқага чекинмасдан, оз сонли бўлса ҳам, пикет ёки митинг каби йиғилишлар ўтказиш ниятидан қайтмаяпти.

Кеча шундай акциялардан навбатдагиси бўлиб ўтди. Аввалги хабарлардан маълумки, бу тадбирга унинг ташаббусчилари Эдуард Лимонов ва Людмила Алексеева, “Бирдамлик” ҳаракатининг лидерларидан бири Борис Немцов, “Сўл фронт” ташкилотининг лидери Сергей Удальцов каби таниқли исмлар қатнашди.

Борис Немцов (расмда), Сергей Удальцов ва улар билан биргаликда 70 яқин акция иштирокчиси милиция бўлимига олиб кетилди, кейинчалик улар қўйиб юборилган. Борис Немцовни милиционерларга қаршилик кўрсатишда айблаб, кейинроқ маъмурий суд қилишса керак.

Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, ҳукумат қанчалик қаршилик кўрсатмасин, “Стратегия-31”акцияси борган сари кучайиб бормоқда. Айниқса кеча Триумфал майдонга йиғилганларнинг кўпчилиги ёшлар эканлиги кўзга ташланган.

Бошқа тарафдан, Россия ҳукмдори Владимир Путин Москва марказидаги чиқишларни тўхтатиб бўлмаётганидан жиғибийрон бўлаётганга ўхшайди. Ҳеч шубҳа йўқки, кеча айнан униннг бўйруғи билан собиқ вице-премьер Борис Немцовни ушлаб кетишган.

Аммо, кўриниб турибдики, мухолифатчиларни ҳукуматининг бу каби ўйинлари қўрқитмаяпти, молиявий-иқтисодий кризис туфайли курсиси анчагина титраб қолган Путин эса, дунёнинг кўзи олдида кескинроқ қадамлар қилишга қўрқмоқда. Лекин Борис Немцовнинг бу ҳолда ушлаб кетилиши натижасида, Путиннинг курсиси яна ҳам қаттиқроқ қимирлаб қолади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону