18 June 2010
02:04 - Қирғизистонда бугун тинчликка ўхшайди, энди нима бўлади? Туркистон тузиш каби кардинал ечим лозим.
Бугун Қирғизистоннинг жанубида янги миллатлараро тўқнашувлар ва талафотлар бўлгани ҳақида хабарлар йўқ. Аксинча, ҳамма хабарлар - тўқнаушвлар бўлмагани, маҳаллий ҳокимият ва Бишкекдан келган вакиллар ўзбек ва қирғизларни яраштириш учун икки миллат вакилларининг учрашувини ўтказишгани, инсоний ёрдам тарқатиш вақтидаги камчиликлар бўлаётгани ҳақидадир.

Табиий, ҳамма сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, эксперт ва журналистлар энди нима бўлиши ҳақида башоратлар ўйлаб топиш билан оворалар. Келтирилаётган ўта саёз аргументлар нуқтаи назаридан уларнинг ҳаммаси тўғридек кўринади.

Аммо, бр нарса аниқ. 1990 йилдан фарқли ўлароқ, ўзбек-қирғиз муносабатлари ташқи кўринишидан ҳам тезда яхши бўлиб кетолмайди. Муносабатлар яқин орада тузалмайди. Ҳозирги Вақтли ҳукумат, ундан кейин келадиган доимийси ва буюк мамлакатлар (Россия, АҚШ ва Хитой) ҳамда халқаро ташкилотлар (БМТ, ЕИ, ЕХҲТ) тезроқ бу бош оғриғидан расмиятчилик учунгина қутилиш мақсадида, Қирғизистоннинг жанубида яшовчи ўзбек ва қирғиз диаспорасининг ўзлари танлаган вакиллари ўртасида турли тадбирлар ўтказиб, ҳамма нарса “Окей” деб эълон қилишади ва янги портлаш бўлгунча муаммони унутишади.

Уруш қайтадан чиқмаслиги учун кардинал ўзгаришлар бўлиши керак. Авваламбор, икки тарафни бошқариб бўладиган шаклга олиб келиб, уларнинг уюшишига, ташкилотланишига эришиш керак. Расмиятчилик учун эмас, ҳақиқий уюшишга, ташкилотланишга эришиш керак. Буни диаспораларнинг ўзи қилиши керак.

Бор муаммоларни энг кардинал ечими эса - тезроқ Марказий Осиё Бирлиги, яъни келажакда Марказий Осиёни ягона давлат шаклига келтирадиган структура яратиш лозим. Аммо, бунинг учун керак бўлган энг муҳим икки омил бугун йўқ:

Биринчиси, Марказий Осиёда демократик муҳит йўқ.

Иккинчиси, Марказий Осиё мамлакатларининг бошида бу каби глобал муаммоларни тушунадиган сиёсий элита йўқ. Яъни, гап фақат ҳокимият бошида ўтирган ақлсиз диктаторчалар эмас, сиёсий элита ҳақида кетмоқда.

Ҳам демократик муҳит, ҳам сиёсий элитанинг яратилиши учун узоқ вақт керак. Унгача бўлган ўтиш вақти ичида турли миллатлараоро низолар чиқишининг олдини олиш мақсадида, унчалик хуш кўринмайдиган баъзи қадамлар қилиш керак бўлади. Буларнинг биринчи ва асосийси сифатида, руслар атайлаб нотўғри ўтказган чегаралар қисман бўлса ҳам тузатилиб ва тарихий адолат тикланиб, Ўш, Жалололобод, Чимкент (балки, Жамбул ҳам) ва Хўжанд вилоятлари Ўзбекистон назорати остига ўтиши шарт.

Бу мураккаб йўлдан борибгина, Марказий Осиё Бирлиги ёки Туркистон номли давлат тузиб, Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби буюк девлар орасида оёқда қололадиган ва ўз мавқеини ҳимоя қилоладиган буюк мамлакатга айланамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону