10 June 2010
05:53 - “Эзгулик”: Прокурор коррупциядан шикоят қилган ноҳукумат ташкилотининг раҳбарига таҳдид қилмоқда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти кеча тарқатган релизи орқали ўзи сингари ноҳукумат-нотижорат ташкилотнинг манфаатларини ҳимоя қилишга уринган.

Релизда таъкдланишича, бошқа жуда кўп ноҳукумат ташкилотларида бўлгани каби, Тошкент шаҳар ногирон гемофилия беморлари жамиятиининг мустақиллиги ҳам орзулигича қолмоқда. Жамият бошқаруви тизгини асосан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Гемотология ва қон қуйиш институти маъмурияти кўлида бўлиб, жамиятга келаётган халаро гуманитар ёрдамлар юқори турувчи раҳбарлар томонидан талон-тарож қилиниб, ёрдамлар жамият аъзолари бўлган беморларга қадар етиб келмаяпти.

Масалан:

- Халқаро Гемофилия Федерацияси томонидан ўзбекисонлик беморлар учун гуманитар кўмак сифатида ажратилган бир неча юзлаб нархи фалон пул турадиган “Альфанат 220 Ме” флаконларининг божхонадан ўтганлиги бўйича ҳужжатлар, тегишли реестрларда қайд қилингани ҳақида маълумотлар бор, лекин флакон қурғурнинг ўзи йўқ.

- Гемофилия ва қон қуйиш депрессия маркази касалхонаси ичида мактаб ишлаётгани хусусида ҳужжатлар бор, марказ хориждан қарийб 40 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари олган, лекин бунинг дардмандларга шафоати йўқ.

- Марказга хориждан гуманитар ёрдам сифатида ускуналар келтирилган, лекин уни ўрнатишни хоҳлашмаяпти.

- Ўтган йили Туркия билан мия суягини ўтказиш бўйича бўлим ташкил қилишга келишилган, турклар пулини тўлаган, лекин бўлим йўқ. Марказ ходимларининг ана шундай “фаолияти” оқибатида юртимизда гепатит С, В хасталиги билан оғриган беморлар 90 фоизга ортибди.

Худди шу аҳвол хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят қилиб, ўзи таҳдидлар домида қолиб кетган собиқ раис Дилшод Эргашев “Эзгулик”ка келди. Унинг таъкидлашича, айнан унинг шикоятлари ортидан муассасага текширишга борган Тошкент шаҳар прокуратураси прокурори Зуҳра Париева агар шикоятбозликни тўхтатмаса, унинг ўзини жиноий жавобарликка тортиш билан пўписа қилибди. Қонунбузарлик ҳақида хабар бериб, балога қолган собиқ раис “Эзгулик” орқали жамоатчиликдан кўмак сўрамоқда. Унинг мақсади жамиятга аъзо гемофил беморларга имкон қадар ёрдам бериш, уларнинг ризқини хомталаш қилаётган коррупционерларни қонун қўлига топшириш.

Бинобарин, Дилшод Эргашев гемофил хасталарнинг бугунги аҳволини кўрсатиш мақсадида “Эзгулик” жамиятига бир неча материал ва диск, видео ёзувлар тақдим этган. Хасталар, уларга муносабат борасидаги интервьюларни топширган.

“Эзгулик” прокурорнинг Дилшод Эргашевга таҳдидона хатти-ҳаракатлари юзасидан Бош прокуратура маъмуриятидан изоҳ талаб қилди ва Дилшод Эргашевнинг ўзига қонунбузарликларни фош этиш масаласида кўмак беришга ваъда берди.

Релизнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб-сайтида — www.ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону