29 April 2010
13:05 - Озорбайжонда демократик сайловлар ўтказиш мумкин бўлса, Ўзбекистонда ҳам мумкин
Мавжуд қонунлар доирасида Озорбайжонда демократик сайловлар ўтказса бўлади, дебди Венеция Комиссиясининг 20 йиллиги муносабати билан Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеясида ўтказилган мажлисда нутқ сўзлаган Комиссия раиси Жанни Букикки. Ҳатто, қонунлар мукаммал бўлмаса ҳам, деб қўшиб қўйибди у. Табиий, унинг бу сўзлари Озарбайжоннинг расмий ахборот воситалари томонидан олқишланиб тарқатилмоқда.

Джанни Букиккининг айтган фикри мутлақо тўғри, айни замонда, ножиддий. Чунки, агар мамлакатда демократик руҳ ҳукмрон бўлса, мамлакат раҳабарияти ҳам демократ руҳдаги, масалан Горбачев каби, инсонлардан иборат бўлса, қонунларсиз ҳам демократик сайловлар ўтказса бўлар. Горбачев эски, ҳали мукаммал бўлмаган Совет қонунлари доирасида етарлича демократик сайловлар ўтказган-ку! Аслида, нафақат СССР ва Озорбайжон, балки, Ўзбекистоннинг мавжуд қонунлари мукаммал бўлмаса ҳам, улар билан етарлича демократик сайловлар ўтказиш мумкин.

Ҳамма гап – бор қонунларнинг ишлаш-ишламаслигида. Горбачев бор қонунларни, баъзи камчиликлар билан бўлса ҳам, умуман олганда, демократиянинг фойдасига ишлатди. Озорбайжон ва Ўзбекистонда эса қонунларнинг бори ҳам ишламайди. Демак, қонунлар мукаммал бўлса ҳам ҳеч нарса ўзгармасди.

Жаноб Букикки буларни тушунмайдиган даражада аҳмоқ эмас. Лекин, Илҳом Алиев сингариларнинг олқишини олиш, тўғрироғи, Озорбайжондан Италияга арзонроқ табиий газ ундириш учун, демократиядан юз ўгиришга ҳам тайёр. Агарда у Озорбайжонда демократиянинг ривожланишини истаса, Илҳом Алиевга бор қонунларнинг ҳам ишлатилмаётганини эслатиб, уларни демократияни ривожлантириш йўлида ишлатишни талаб қилган бўларди.

Маълумки, Европа Кенгашига Европанинг ҳамма давлатлари, собиқ СССРнинг Европа қисмидаги республиклар ҳам, киради. Ўзбекистон кирмайди. Шундай бўлса ҳам, Европа Кенгаши демократик ташкилот сифатида Ўзбекистон раҳбариятидан мавжуд қонунларнинг ишлашини талаб қилса ёмон бўлмасди. Аммо, авваламбор бу ташкилот ўзини Жанни Букикки кабилардан тозалаши керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону