27 December 2009
01:51 - ЕХҲТ кузатувчилари “Эзгулик” вакиллари билан учрашди
Кеча ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг мамлакатимиздаги парламент сайловларини баҳолаш бўйича миссияси раҳбари ўринбосари Клаудия Волмер (Германия) ҳамда миссия таҳлилчиси Симеон Апостолов (Болгария) Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятида бўлди. Меҳмонлар билан сўзлашган жамиятнинг Марказий бошқаруви аъзоси Абдураҳмон Ташанов ҳамда жамият ва “Бирлик” партиясининг Тошкент шаҳар бўлимлари раиси Ҳайит Абдуллаев бу йилги сайловлар, унинг қандай бораётгани ва мамлакат ҳаётидаги сиёсий аҳамияти борасида сўзлаб берди.

“Эзгулик”чилар мамлакатдаги ҳар қандай вазият, у инсон ҳуқуқлари бўладими-бошқами, сиёсат билан боғлиқ экани, вазиятни ўзгартириш учун албатта сиёсий ислоҳотлар қилиш лозимлигини таъкидлади. Бу эса сиёсий мухолифатсиз амалга ошмаслигини айтиб, шу боисдан ҳам кўпчилиги “Бирлик”чилар бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари ўтган галги сайловларда ташаббус гуруҳлари орқали бир неча номзодлар билан қатнашишга уринганини эътироф этишди.

Алоҳида айтиш керакки, миссия вакиллари “Эзгулик”чиларнинг сайловларда холис кузатувчи бўла олмаслиги, уларнинг ўзига хос сиёсий қараш ва амбициялари борлиги, бу эса халқаро меъёрларга тўғри келмаслигини сезишаётганини яширмадилар. "Эзгулик" ва "Бирлик" фаоллари бу иддаонинг унчалик тўғри эмаслиги, ҳуқуқ ҳимоячилари учун шахсларнинг ва ҳатто гуруҳларнинг, демак, сиёсий партияларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишига доир ҳеч қандай халқаро меъёр ва чегаралар йўқлигини айтишди.

Учрашув расмиятчиликдан холироқ, жонли ва бир қадар мунозарали ўтган бўлса-да, миссия аъзолари ундан кўп ахборот ва яхши таассурот олганини айтди, дейди мухбиримиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону