26 October 2009
22:26 - “Эзгулик”нинг бир фаолига ўткир сурункали сил, бошқасига қийноқ таҳдид солмоқда! (Пресс-релиз № 44, 26.10.2009)
Бу пресс-релизда “Эзгулик” жамиятининг фаоллари Дилмурод Саййид ва Абдурасул Худойназаровнинг тақдири бўйича хавотирлик билдирилади.

Маълумки, Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди ҳукми билан товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган “Эзгулик”чи журналист Дилмурод Саййид (Саидов)нинг аҳволи оғир. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖЭИББ тизимидаги 64/49-муассасада (Навоий вилояти Қизилтепа шаҳри) сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячисининг яширин формадаги ўткир сурункали сил хасталиги хуруж қилган. Муассаса маъмурияти, шифокорлари томонидан ўтказилган текширувларда гўёки соғлом деб топилган маҳбус тезликда ҳимоячилари билан учрашишни талаб қилмоқда.

Ўтган йили Бекобод шаҳридаги 64/21-муассасада қўлланилган қийноқлар ва жазо изоляторлари оқибатида ўз жонига қасд қилиб, бахтли тасодиф туфайлигина омон қолган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ангрен шаҳар бўлими собиқ раиси Абдурасул Худойназаровга яна муттасил қийноқлар қўлланилмоқда. Товламачилик ва пора олиш эпизоди билан қамалган, 2005 йилдан бери мамлакат ҳукумати томонидан чиқарилган бир неча амнистиялар мурувватидан бебаҳра қолаётган маҳбус яна жазо изоляторида навбатдаги жаримани ўтаб чиққан.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жазони ижро этиш жойларида қонун бажарилишини назорат қилиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятидан изоҳ талаб қилади. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячи жамиятларини жамиятимиз фаолларининг ҳимоясига ундайди.

Пресс-релизнинг тўла матни билан жамиятнинг сайтида танишинг – www.ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону