28 August 2009
00:37 - Ўзбекистон Тезкор Ҳаракат Коллектив Кучлари масаласида нега инжиқлик қилмоқда?
Бугун Москвада бошланган Тезкор Ҳаракат Коллектив Кучларнинг (ТҲКК) машқларида Ўзбекистон ва Белорусия иштирок этмаётгани ёзилмоқда ва бунга турли сабаблар қидирилмоқда. Аслида, ҳамма тушунадики, муаммо Ўзбекистон ва Белорусиянинг бу машқларда қатнашмаётганида эмас, чунки бу икки мамлакат Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо бўлса ҳам, айнан шу ташкилот тарафидан тузилган ТҲКК ҳақидаги қарорни имзолашмаган. Демак, муаммо – нимага бу икки мамлакат бу қарорни имзолашмаганида ва ТҲККдан четда қолишаётганида.

Белорусия учун бу масалада жиддий муаммо йўқ. Чуқур иқтисодий инқироз туфайли Ғарбга яқинроқ бўлишга интилаётган Лукашенко баъзи инжиқликлари туфайли шу йил 14 июнда Москвада ўтказилган КХШТ саммитига келмади ва ТҲКК ҳақидаги шартномани имзолай олмади. Принцип нуқтаи назаридан Белорусиянинг ТҲККга ҳеч қандай эътирози йўқ. Бугун Сочида Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашган Александр Лукашенко бу фикрни расман тасдиқлади ва кутиш керакки, яқинда Белорусия ТҲККга қўшилади.

Хўш, Ўзбекистон нима қилади?

Рус ва мустақил ўзбек экспертларининг бир овоздан “Ислом Карим Россия ва АҚШ орасида сиёсий манёврлар қилиб, ўзига, яъни Ўзбекистонга фойдали бўлган йўллар қидирмоқда, у ҳозир яна АҚШ билан яқинлашишга ҳаракат қилмоқда” каби иддаолари мутлақо хато ва ҳеч қандай жиддий факт ёки аргументга асосланмайди.

Гап шундаки, Россия АҚШни дунё масштабидаги рақиби ва ҳатто душмани сифатида кўрса ҳам, Афғонистон масаласида тамомийла уни қўллаб-қувватлайди. Путин ва унинг командаси АҚШ Афғонистонда иложи борича кўп куч ва вақтини йўқотишини истайди, аммо булар тактик нарсалар. Стратегик планда Россия Афғонистонда АҚШ тарафдори. Чунки, Афғонистондан келаётган ислом эмкстремизми ва наркотиклар оқимининг хавфи Россия учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Шундай экан, Москванинг, аниқроғи Лубянканинг вассали бўлмиш Ислом Карим Афғонистон билан боғлиқ маслаларда ўз хўжайинларининг амрини бажараётганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унутмайликки, бир маҳаллар Хонободнинг АҚШ қўшинларидан олиб қўйилиши Андижон воқеаларидан кейин тахти қулашга бошлаган Ислом Каримни қутқариб қолиш учун қилинган мажбурий тактик қадам эди. Манас ҳаво базасининг АҚШдан олиб қўйилмагани ҳам Россиянинг қарори.

Шундай шароитда, Ислом Карим ТҲКК масаласиди инжиқлик қилаётганини тушуниш қийинроқ. Аммо, мумкин.

Маълумки, ҳамма вассаллар ўз патронлари олдида маълум маслаларда инжиқлик қилганлар ва қиладилар. Чунки, стратегик бўлмаган масалаларда уларнинг ҳам ўз шахсий манфаатлари бор. Масалан, Гулнора Каримованинг бизнеси учун Россиянинг қандайдир қонун ёки нормалари ва ҳатто қандайдир шахслари тўсиқ бўлаётган бўлса, Ислом Карим уларнинг олиб ташланишини истаётган бўлиши ғоят табиий. Шундай қилинса, Россия албатта буни қилади, Ислом Карим тезда бориб ТҲККга доир ҳамма ҳужжатларни имзолаб келади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону