05 August 2009
17:25 - Бишкекда ўзбек қочқинлари йўқолди
Бошпана сўраб БМТ қочқинлар идорасига мурожаат қилган Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси Қирғизистон пойтахти Бишкекда бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2009 йил 30 июлдан бери бедарак йўқолган Санжар Худойберганов ва унинг 11 яшар ўғли Сарварбек Эркинзода Ўзбекистонга мажбуран жўнатиб юборилган бўлиши мумкинлиги хусусида ташвиш билдириб, 4 август куни баёнот эълон қилди.

Ҳужжатда билдирилишича, Ўзбекистонда таъқиб ва тазйиқларга учрашдан қўрқиб 2008 йилда Қирғизистонга қочиб келган Санжар Худойберганов бошпана берилишини сўраб Қочқинлар бўйича БМТ идорасига мурожжат қилган аммо унинг иши шу пайтгача ҳал бўлмаган.

Санжар Худойберганов ва ўғлини охирги марта 30 июлда улар Қирғизистон Миграция ва меҳнат қўмитасидан уйга қайтаётганларида кўришган.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси эса айни пайтда бу ахборот юзасидан шарҳ бериши мумкин бўлган ходимларнинг иш жойида эмаслигини ва шу боис бу ҳақда маълумот берилмаслигини билдирмоқда.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ўтган йилнинг сентябрида Қирғизистон ҳукуматини расман тан олинган андижонлик қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилган эди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 93 - сессиясида масаласи тилга олинган ўзбекистонлик тўрт қочқин Жаҳонгир Мақсудов, Одил Раҳимов, Ёқуб Тошбоев ва Расулжон Пирматовлар, қўмита текширувлари натижасига кўра, Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборилган.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари эса 2005-2009 йиллар давомида ўнга яқин ўзбекистонлик қочқин Қирғизистон ҳудудида қўлга олиниб, ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилгани ҳақида маълумотлар борлигини айтадилар. // Озодлик радиоси

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону