13 April 2023
19:11 - Сафдошимиз Лутфия Йўлдошева орқали Najmiddinbek Ermatov ёзган қуйидаги шеър бизга келди: ҚЎРБОШИЛАР ҚЎШИҒИ
Шимолдан ёғий келар
Талаб қилиб Туронни,
Минг аср эш бўлсак ҳам
Бизга қўшилмас қони,
Ўрнингдан қўзғал энди,
Туркий элнинг ўғлони,
Тулпорингга қамчи ур
Селдай қалқи, бовурим,
Бизлардан шон сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Туроннинг эр-у қизи
То азалдан мард келар,
Турклар дунё сўрар деб
Қадимдан бир шарт келар,
Душманга қул бўлганнинг
Авлоди номард келар,
То абад тинмасин-а
Мерос чархи, бовурим,
Бизлардан ор сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Тўтига ошно булбул
Чаманга арзимайди,
Душмандан қочиб ўлган
Кафанга арзимайди,
Мустабидга қул элат
Ватанга арзимайди,
Балки кўрар умрнинг
Келди гашти, бовурим,
Бизлардан ҳол сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Туркий элат бошида
Бегона тахт кўрмасин,
Бош эгар омонликни
Ўзига бахт кўрмасин,
Кун келиб фарзандини
Ёвга улфат кўрмасин,
Ўзлигинг кўрсатмоқнинг
Келди вақти, бовурим,
Бизлардан кор сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Бобомдан мерос ватан
Боламга мерос ўтсин,
Шуурига мангулик
Уйғотар овоз ўтсин,
Ёвга қаҳри қаттиқлик
Туркийларга хос ўтсин,
Кўзлардан олов ўтсин,
Ўтсин шахти, бовурим,
Бизлардан юрт сўрмоққа,
Авлод ҳақли, бовурим.

Юрт деб йўлга отладик
Буюкроқ сафар қайда,
Шу йўлда шаҳид кетсак
Бошқа бир зафар қайда,
Қул бўлган тирикликдан
Ортиқроқ хатар қайда,
Отланган ҳар йигитнинг
Шудир ахди, бовурим,
Бизлардан қон сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Агар ётга қўшилиб
Қондошлар сотса бизни,
Номимизга тупуриб
Хоиндек отса бизни,
Ўтмишидан юз буриб
Бир кун унутса бизни,
Яшамоқдан мани не,
Бу жон надир, бовурим?..
Бизлардан жон сўрмоққа
Ватан ҳақли, бовурим.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону