14 February 2022
02:17 - АҚШ раҳбари Жо Байден Россиянинг хўжайини Владимир Путинни огоҳлантирди, Киевда эвакуация режаси тасдиқланди! Украина атрофидаги сўнгги хабарлар!
АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан кеча бир соат давомида телефонда музокара олиб борибди ва уни россияликлар Украинага бостириб киришининг оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантирибди.

Киев мэри Виталий Кличко эса Россия тез орада ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар туфайли шаҳар ҳокимияти аҳолини эвакуация қилиш режасини тасдиқлагани ҳақида хабар берибди. Ғарб мамлакатлари элчихоналари ходимларини олиб кетмоқда, президент Владимир Зеленский эса “эҳтимолий босқинҳ” ҳақида маълумотлар жудаям кўпайиб кетганидан шикоят қилибди.

Шанба куни кечқурун АҚШ Президенти бир соатга яқин вақт давомида Россия етакчиси билан телефон орқали гаплашиб, Оқ Уй томонидан тарқатилган баёнотда қайд этилишича, у россиялик ҳамкасбини босқин рўй берган тақдирда, “АҚШ иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда қатъий жавоб қайтариб, Россияни жуда қиммат тўлов қилишга мажбурлаши” ҳақида огоҳлантирибди.

Америка администрациясининг қайд этишича, “ЖоБайден президент Владимир Путинга, гарчи АҚШ бундан буён ҳам дипломатия билан шуғулланишни давом эттиришга тайёр бўлса-да”, улар “бошқа сценарийларга ҳам тайёрлиги”ни айтибди.

Бу ҳақда Владимир Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълумот беришича, россияликлар президенти Оқ Уй раҳбари билан “Украинани ҳарбийлаштириш, уни замонавий қуроллар билан кучайтириш, шунингдек Ғарб давлатларининг Украина хавфсизлик кучлари томонидан Донбасс ва Қримга нисбатан эҳтимолий провокациясини рағбатлантириши”оқибатлари ҳақида гаплашибди. Шунингдек, Владимир Путин Киев Донбассдаги инқирозни бартараф этиш бўйича Минск келишувини яна бир бор саботаж қилгани ҳақида айтибди.

Росссия президенти ёрдамчиси, суҳбатнинг моҳиятини “мувозанатли ва ишбилармонлик” руҳида деб атабди. Унинг айтишича, Владимир Путин Россия яқин орада АҚШ ва НАТОнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича жавобларига расман муносабат билдиришини маълум қилибди.

Аввалроқ, Оқ Уй Америка икки президент ўртасида мулоқотни шанба куни ўтказишни талаби қилгани, видеоконференцияни душанба куни ўтказишни режалаштирган Россия томони бу талабга кўнгани ҳақида маълум қилинганди.

Шундан кўп вақт ўтмай Пентагон икки мамлакат мудофаа вазирлари - Ллойд Остин ва Сергей Шойгу ўртасида ҳам телефон мулоқоти ўтказилганини хабар қилибди. Америка томони хабарномасида айтилишича, “улар Қрим ва Украина атрофида Россия қўшинлари ошиб бораётганини муҳокама қилган”.

Бундан ташқари, шу куни Россия президенти яна бир бор телефон орқали французлар етакчиси Эммануэл Макрон билан мулоқот қилган, бу президентлар ҳафта бошида Москвада қарийб олти соат давом этган учрашув ўтказганди. Кремлдагиларнинг хабар қилишича, бу охирги мулоқот 1 соат-у 40 дақиқа давом этган ва Украина масаласи муҳокама қилинган.

Мулоқотдан кейин Елисей Саройи тарқатган маълумотда аниқлик киритилишича, Эммануэл Макрон Россия президенти Владимир Путинга самимий мулоқот ва ҳарбий кескинлик кучайиши ўзаро мос келмаслигини айтган. Бундан ташқари, Франция президенти офисидагиларнинг айтишича, томонлар Минск келишувларини амалга ошириш имкониятлари бўйича “мулоқотни давом эттириш истагини билдирган”.

Reuters Елисей Саройидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Владимир Путиннинг гаплари Россиянинг Украинага ҳужум қилишга тайёрлигидан далолат бермаган.

Хуллас, шунақа гаплар. Ҳамма нарсани вақт кўрсатади. Кўрамиз, нима бўлади, демоқда “Ҳаракат” мухбирлари!?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону