27 September 2021
21:49 - Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси тарафидан маъқулланган қонунга кўра, хорижий давлат фуқаролигини олгани ҳақида хабар бермаган Ўзбекистон фуқароси жавобгарликка тортилармиш
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлат фуқаролигини олган тақдирда давлат органларини хабардор қилмаса, жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатига асосланиб, маҳаллий қўғирчоқ ахборот воситалари хабар бермоқдалар.

Маълум қилинишча, айрим давлатларда қўш фуқаролик қонун билан тақиқланмагани сабабли амалиётда Ўзбекистон фуқаролари хорижда ўзлари бўлиб турган мамлакат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, ваколатли давлат органларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилган, лекин амалдаги қонунларга асосан, фуқароларда ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд эмас.

Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг масъулиятини ошириш мақсадида 24 августдаги ялпи мажлисда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда бир овоздан маъқуллабдилар.

Қонунда қуйидагилар назарда тутилган:

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинади;

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилади;

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади;

- давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермагани учун ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.

Маълумот учун, 2020 йил 13 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги бизда тан олинмайди.

Яъни президентнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ёки фуқаролигини йўқотганлик тўғрисидаги қарори қабул қилингунига қадар бир вақтнинг ўзида чет давлат фуқаролигига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон фуқаролигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши ёки жавобгарликдан озод этилиши мумкин эмас.
Шунингдек, ушбу қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги илтимосномага асосан амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур қонуннинг 25 моддасига асосан, Ўзбекистон фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилган ҳисобланади:

- шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида;
- агар хорижда доимий яшовчи шахс етти йил мобайнида узрли сабабларсиз доимий консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

- агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида амалга оширилган бўлса;

- агар шахс чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

- агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса;

- агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган бўлса ва йигирма бир ёшга тўлгунига қадар чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса.

Алоҳида таъкидланишича, шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги унинг эрининг (хотинининг) ва фарзандининг (болаларининг) фуқаролиги ўзгаришига сабаб бўлолмас экан.

* * * * *

Шунақа гаплар ва шу гаплардан чиқиб келаётган ФУҚАРОЛОК тўғрисидаги қонун бизда ишлашга бошлагани ҳақида. Энди кўраверинг, дейди “Ҳаракат” мухбири, нималар бўлиши мумкинлигини? Бу ҳақда ҳурматли ўқувчиларимизнинг фикрини билишни истаб, шундай хабар бермоқдамиз. Аниқ хабарлар бўлса, бизга билдиринг, бу ҳақда ҳаммага хабар ҳам берамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону