24 август куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан учрашди. Фуқаролик жамияти вакили билан мулоқот доирасида ташкил қилинган мазкур учрашувда элчи ва фаол мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазият, инсон ҳуқуқларининг аҳволи сингари мавзуларда фикр алмашишди.
А. Ташанов фикрича, мамлакатда сўз эркинлиги, мажбурий меҳнат, диний эркинликлар ва гендер сиёсатида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади. Аммо тергов ва суриштирув тизими, суд-ҳуқуқ масалларида муаммолар кўп.
Мамлакатда барқарор фуқаролик жамияти иститутлари шаклланмагани боис президентнинг ташаббуслари қуйи ва ўрта бўғинларда синади, ислоҳотларнинг бориши қийин кечади. Ҳукумат коррупцияга қарши кескин чоралар кўраётганига қарамай унинг даражаси юқорилигича қолмоқда.
“Эзгулик”нинг мониторинг хулосаларига кўра, мамлакатда пенициар муассасаларда аҳвол яхши тарафга ўзгара бошлаган. Аммо кейинги ойларда жамоатчилик комиссияси борасида Парламент қарори бўлишига қарамай “Эзгулик” фаолларининг қамоқхоналар мониторингидаги иштироки чеклангани элчини ажаблантирди.
“Европа Иттифоқи учун Марказий Осиёдаги, хусусан, Ўзбекистондаги вазият жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқот ҳар жиҳатдан муҳим. Сўзлашувларимизни сиз билан 6 октябрда Алматида давом эттирамиз” деди махсус вакил Ҳакала.
Европа Иттифоқи махсус вакили Т. Ҳакала Ўзбекистонга сафари доирасида ҳукумат раҳбарлари, парламент раҳбарлари ва демократик институтлар вакиллари билан учрашади.
Учрашувда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан иштирок этди.
Маълумот учун: Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили идораси Иттифоқнинг мазкур минтақадаги дипломатик миссиялари ишини мувофиқлаштиради. Мазкур идорага шу йилнинг июлида раҳбар этиб тайинланган Терҳи Ҳакала фин миллатига мансуб бўлиб, узоқ йиллардан бери дипломатик миссияларга раҳбарлик қилган тажрибали дипломатдир.
* * * * *
“Ҳаракат”: Бу хабар “Эзгулик” жамиятининг Интернетдаги сайтидан олинди. Расмдаги 3 киши айнан хабарда тилга олинганлардир: Терҳи Ҳакала, Абдураҳмон Ташанов ва Шарлотта Адриан. Хабар билан “Эзгулик”нинг сайтида танишиш мумкин.
Минг афсуски, кутилмаганда “Ҳаракат”нинг саҳифаси ва бу жамият билан боғлиқ хабарларни бошқача кўриш ҳам мумкин бўлмай қолди. Биз йўлларини қидирмоқдамиз.