06 August 2021
18:41 - Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мажлиси бўлди, қўшма баёнот имзоланди ва эълон қилинди
Президентлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири қўшни Афғонистондаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашиши эканлигини қайд этишибди.

6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилибди.

Қуйидаги раҳбарлар иштирок этишибди:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё,

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев,

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров,

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон.

Шунингдек, БМТ Бош Котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман ҳам расман иштирок этган.

Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти имзоланди ва эълон қилинди.

Баёнотда президентлар минтақа давлатларининг “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисида”ги шартномани амалга ошириш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдиришибди.

Шунингдек, томонлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири қўшни Афғонистондаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашиши эканлигини қайд этишибди. Президентлар афғон жамиятида тинчлик ва келишувга эришилишига кўмак беришга тайёрлигини билдиришибди.

Улар барча манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш ҳамда унинг жаҳон хўжалик муносабатларига жалб этилишига қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишибди.

Хуллас, шунақа ҳужжат имзоланган ва очиқча тарқатилган, дейди “Ҳаракат” мухбири. Кўрамиз, бундай ҳужжатдан қандай фойда бўлади? Ишқилиб, бўлсин! Биз ҳам шундай бўлишини истаймиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону