09 July 2021
19:34 - “Ўзгидромет”: Тошкентда 5, 7 ва 8 июль кунларидаги иссиқ ҳарорат 150 йиллик рекордни янгилади
Тошкент шаҳрида 5, 7 ва 8 июль кунлари сўнгги 150 йилликдаги айнан шу кунда қайд этилган энг иссиқ ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар тарқатди.

Гидрометеорология хизмати маркази маълум қилишича, пойтахтда 150 йилдан буён ҳаво ҳарорати қийматлари мунтазам кузатиб келинади. Иқлим ўзгариши натижасида дунёда иқлим исиши тезлашди. Бу куннинг тунги пайтларида ҳам ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетишида яққол намоён бўлмоқда.

Тунги ҳарорат кўтарилиши ҳавога кўп миқдорда ис ва бошқа ифлос газларнинг меъёрдан кўп чиқарилишида, яъни иссиқхона эффекти жараёнида вужудга келмоқда. Иссиқхона эффекти иқлим исишини юзага келтириб, сутка давомидаги максимал ва минимал ҳаво ҳарорати қийматлари орасидаги фарқни камайтирмоқда. Бу эса ўз навбатида ўртача суткалик ҳаво ҳарорати қийматини юқорилашига олиб келмоқда.

“Ўзгидромет” 1 июль куни 3-8 июль кунлари Ўзбекистонда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 5-8 даража юқорилаши ҳақида огоҳлантирганди.

Тошкент шаҳрида июль ойи бошларида кузатилган кунлик ҳаво ҳарорати ўтмишда рекорд иссиқ қийматлар қайд этилган айнан ўша кундаги кунлик ўртача ҳароратдан анча кўтарилгани қайд этилди. Кунлик максимум қийматлар билан биргаликда суткалик ўртача ҳаво ҳароратлари ҳам юқориламоқда.

Хусусан, 1881 йил 6 июль куни Тошкент шаҳрида айнан шу кун учун мутлақ рекорд қайд этилган (+44,1 даража). Лекин ўшанда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати анча паст қийматда кузатилган (+28,1 даража). 2021 йил 6 июль куни суткалик максимал ҳаво ҳарорати рекорд кўрсаткичдан анча паст (+41,5 даража) қайд этилган бўлса-да, ўртача суткалик ҳаво ҳарорати 1881 йилдаги ўртача суткалик ҳаво ҳарорати қийматидан қарийб 5,5 даражага юқори кузатилган.

2021 йилнинг ўтган июнь ойида республика ҳудудларида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 1-3 даража юқори бўлган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону