30 April 2021
13:20 - Қирғизистон Тожикистон билан чегарадаги можарода 13 фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилибди
Қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар вақтида Қирғизистоннинг 13 фуқароси ҳалок бўлгани, 134 нафари жароҳат олгани Қирғизистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги тарафидан эълон қилинибди.

Жумладан, тўқнашувлар вақтида Қирғизистон чегара хизмати “Бору” махсус отрядининг 3 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. Яна 22 нафар ҳарбий турли оғирликдаги жароҳатлар олган. Улардан 2 нафарининг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда.

Шунингдек, Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадаги Боткен вилоятидан 20 мингдан кўпроқ одам эвакуация қилинган.

Президент Садир Жапаров тўқнашувлар чоғида яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирган.

“Бутун мамлакат Боткен областидаги сўнгги чегара воқеаларида ўз яқинларини йўқотган қирғизистонликлар билан аза тутмоқда. Жароҳат олган фуқароларимизга соғлик тилайман. Барча жабрланувчиларга давлат томонидан керакли ёрдам кўрсатилади”, дея қайд этибди Садир Жапаров.

Тожикистон можаро вақтида ўз томонидан неча киши яралангани ва ҳалок бўлгани бўйича ҳали охирги маълумотларни келтирмаган. 29 апрелда Тожикистоннинг 3 фуқароси ҳалок бўлгани, 31 нафари жароҳатлангани маълум қилинганди.

29 апрелда чегарада юз берган можаро икки давлат ҳарбийларининг оғир қурол қўлланган ҳолдаги тўқнашувларига айланиб кетган, икки томон ўртасидаги можарога сув тақсимлаш билан боғлиқ баҳс сабаб бўлганлиги айтилмоқда.

30 апрелга ўтар кечаси томонлар жанговар тўқнашувларни тўхтатишга ва қўшинларни ортга қайтаришга келишиб олинганди. Бироқ шунга қарамай, чегарада тўқнашувлар давом этаётгани ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону