23 July 2009
11:00 - Ислом ислоҳотларга муҳтож, ҳаëтдан нолиш ўзбекчиликка эмас, мусулмончиликка ëт
Яна ҳам тўғриси, Ўзбекистонда одамлар онгига сингдирилган мусулмончилик принципларига, тамойилларига ёт ва зид. Бу фикрни тўғри тушуниш жуда муҳим ва аслида бу фикр остида фундаментал нарсалар ётади. Ўзбеклар, тўғрироғи ўзбек жамияти уларни тушуниб етмагунча, ҳаётдан нолимайди. Муҳим бўлгани уларнинг ҳаётдан нолиш-нолимаслигида эмас, миллат ҳаётдан нолимагани, яъни, бошқача айтсак, ундан қониққани сабабли, ўз ҳаётини ўзгартиришга ҳаракат қилмаслигида, бунга интилмаслигида.

Россияда жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази - ВЦИОМ томонидан МДҲ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги ўз ҳаётидан мутлоқ мамнунлиги ҳақидаги русларнинг хабари сайтимизда кеча берилган эди. Маълум бўлишича, “Озодлик” радиосининг ўзбекча эшиттиришларида ҳам шу мавзу тилга олинган.

“Озодлик” берган эшиттиришнинг номи - “Ҳаëтдан нолиш ўзбекчиликка ëт эмиш”. Бу номдан кўриб турибдики, радио журналисти ўз эшиттиришида қатнашаган рус таҳлилчисининг “ўзбекларда ҳаётдан нолиш одати йўқ” шаклидаги фикрини шубҳа остига олади.

Аслида, рус таҳлилчиси мутлақо ҳақ, радио журналисти ноҳақдир. Бироқ, масала журналистнинг ҳақ ёки ноҳақлигида эмас, бу журналист ўзи танлаган мавзуни ўта ибтидоий ўрганишдан нарига ўтолмаганида.

Ўзбеклар ўз ҳаётидан нолимаётганига - ўз ҳаётини ўзгаларники билан солиштиришга имкон йўқлиги, тоталитар пропаганда ҳаммани онгига “ҳаётимизнинг зўрлиги” ҳақидаги фикрни қуйиб тургани ҳам таъсир кўрсатгандир. Аммо, асл сабаб - ўзбекларнинг онгига юз йилларда бери чаласавод муллалар тарафидан “Ҳамма нарса Оллоҳдан, пешонангга ёзилганини кўрасан” шаклдаги хато дунё қараш сингдирилганида. “Ҳамма нарса Оллоҳдан” деган сўзларни олам ва мавжудот Оллоҳ томонидан яратилгани, олам ва мажудот ривожланишининг умумий қонунлари Оллоҳ томонидан яратилгани, аммо кундалик ҳаётимизни Оллоҳ берган ақлни ишлатиб, ўзимиз бошқаришимиз керак маъносида тушуниш лозимлиги чаламуллалар тарафидан мусулмонларга етказилмаганидир.

Исломда ислоҳотлар ўтказилиб, айтилган масалада фундаментал ўзгаришлар бўлмас экан, ўзбек халқи ҳеч қачон ҳаётидан нолимайди, демак, ҳаётини яхшилаш учун ҳеч нарса қилмайди. Қандайдир гуруҳлар, масалан, демократик партиялар ҳокимиятга келиб, аҳволни тузатишга интилишлари ва ҳатто тузатишлари мумкин. Аммо, халқнинг онгидаги хатоликлар ўзгартирилмаса, вақтинчалик прогресс ҳам барибир орқага қайтади.

Туркияда Отатуркнинг саъй-ҳаракатлари билан эришилган прогрессни онги ўзгармаган омма орқага буриб юбориш учун қилаётган ҳаракатлари – айтилган фикримизнинг исботидир. Бунга йўл бермаслик учун демократик жараёнларни музлатиб қўйиш мумкин, лекин бу тўла ечим эмас.

Ўзбеклар учун, қолаверса, ҳамма мусулмонлар учун тараққиёт ва фаровонлик истасак, Исломда инқилобий ислоҳотлар қилишдан бошқа йўл йўқ. Тўла ечим шу йўлдадир

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону