14 April 2021
16:36 - “Эзгулик” жамияти фаоллари ЕХҲТ раиси билан учрашди
14 апрелда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раиси, Швеция Ташқи Ишлар Вазири Анн Кристин Линде Ўзбекистонга амалий ташрифини фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувдан бошлади.

Учрашувда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари Ўзбекистоннинг ЕХҲТ тузилмаси доирасидаги мажбуриятлари, инсон ҳуқуқлари ва демократия ривожига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

“Мамлакатда сиёсий плюрализм муҳити шаклланиши учун сиёсий партиялар жонланиши, мухолиф партиялар бўлиши, демократик институтлар фаоллиги зарур. Акс ҳолда ислоҳотларнинг олдинга силжиши қийин кечади. Ягона ташаббускор сифатида президентнинг чақириқлари ўрта бўғинларда ўзининг самарасини йўқотади, уни қўлловчи институционал тизим бўлмагани учун синади. Ҳозирда айни жараён кечмоқда” деди жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Жамиятга кўра, инсон ҳуқуқларининг кўпгина йўналишларида Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилади. Сўз эркинлиги, диний эркинликлар, мажбурий меҳнат ва гендер тенглиги каби соҳалардаги ютуқларни эътироф этиш зарур.

Аммо қийноқлар, тургов ва суд-ҳуқуқ тизими бутунлай ислоҳга муҳтож. Бу борада кескин чоралар кўриш лозим. Жумладан, соҳани либераллаштириш нуқтаи назаридан қамоқхоналарнинг муайян қисмини хусусийлаштириш, мустақил детективлар ва касаба уюшмалари институтларини жорий қилиш зарур.

Давлатга ортиқча юклама бўлаётган соҳалар бошқаруви, уларнинг каттагина қисмини нодавлат тизим ваколатига ўтказиш зарур бўлади. Фуқаролик жамияти ва ўз-ўзини бошариш органлари давлат бошқарувида фаол иштирок этмас экан, қўлбола механизмлар билан инсон ҳуқуқларининг хунук манзараларини йўқотиш мумкин эмас.

ЕХҲТ раиси ва “Эзгулик” фаоллари таъкидлаганидек, бу борада мазкур халқаро ташкилот билан ҳамкорлик жуда муҳим. Олдиндаги президентлик сайлов жараёнларида мазкур ташкилотнинг тўлиқ таркибдаги кузатувчилар миссияси мамлакатга келади ва сиёсий жараёнларни кузатади.

Линде хонимнинг ташрифи дастурида Президент билан учрашув, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.

* * * * *

Бу хабар “Эзгулик” жамиятининг Facebok даги саҳифасидан олинди

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону