27 March 2021
16:37 - Бу ҳолат қачонгача давом этади? Яна шифокорга оғир тан жароҳати етказилди

Шу йилнинг 26 март куни соат 23:43 да пойтахтимиздаги “103” диспетчерлик хизматига Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушади.

Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор – 1995 йилда туғилган Бахромжон Ҳазратов) 7 дақиқа ичида зудлик билан етиб боради. Бемор кўрикдан ўтказилаётган вақтда тўсатдан шифокор Б. Ҳазратовга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказади.

Шифокорнинг олган жароҳатидан кучли қон кетаётганлиги сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса беморнинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта оғирлигини инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

— 26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б. Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. — У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган.

Даставвал, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган Б. Ҳазратовнинг бошидан кучли қон кетаётганлиги сабабли қон тўхтатиш учун бошнинг тепа ва энса соҳаларидаги жароҳатга 4 та чок қўйилган.

Кейинги пайтларда шифокорларга нисбатан аҳоли вакилларининг тез-тез қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳатто, жиддий тан жароҳати етказиш даражасидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини амалга ошираётгани бор гап. Бу, албатта, барчамизни бирдек ранжитади.

Айниқса, ярим тун бўлишига қарамасдан ўз хизмат вазифасини сидқидилдан, фидойиллик билан бажараётган тез тиббий ёрдам шифокорларига нисбатан бундай муносабат кўрсатилишининг кўпаяётгани киши кўнглини хира қилади.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан шу йилнинг январь ойида 82 минг 462 та, февраль ойида 80 минг 290 та ва 1 мартдан то 27 мартгача 80 минг 531 та чақириқларга ўз вақтида зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўтган йил ушбу тизимга мамлакатимиз бўйича 11 ярим миллиондан ошиқ мурожаатлар келиб тушган.

Шунча чақириққа ўз вақтида жавоб берилиб, тиббий хизмат кўрсатилган. Бу билан шифокорларимиз миллионлаб одамларининг ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлишди. Ана шу рақамлар ҳам аҳоли саломатлиги учун тиббиёт ходимларининг хизмати нақадар машаққатли ва бебаҳо эканидан далолат беради.

Албатта, айбдорлар қонун доирасида ўз қилмишига яраша жавобгарликка тортилади. Вазирлик бу учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллашни талаб этиб, уни назорат қилади.

Аммо оқ ҳалат соҳиблари билан бундай ҳолатлар бот-бот такрорланаётгани уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини яхшилаш, аҳоли орасидаги мавқеини ошириш ишларини янада кучайтириш кераклигидан қайта – қайта дарак бермоқда.

Соғлиқни Cақлаш Вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону