22 July 2009
01:09 - SOS: Дилмурод Саййидга қарийб 15 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда! (“Эзгулик” жамияти Баёноти)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Дилмурод Саййид ва уч маҳаллий фуқаро устидан жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судида товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш эпизоди юзасидан давом этаётган маҳкамада тарафлар музокарани якунлади. Жиноят ишида давлат айбловчиси сифатида иштирок этаётган Тойлоқ тумани прокурори катта ёрдамчиси Ўткир Раҳматов Дилмурод Саййидни 14,5 йил, Анорқул Пўлатовни 13,5 йил, Марғуба Жўраева ҳамда Тўра Эргашевларни 13 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Давлат айбловчисининг мазкур хитоби профессионал касбий фаолияти учун ҳибсга олинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан расмий муносабатни ифода этаркан, қарийб 15 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солаётган журналист тақдирини суд ўзгартиришига ҳеч ким ишонмаса керак.

Ваҳоланки, журналистга қўйилган асосий айблов — товламачилик жинояти деспозициясига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур жиноятнинг моҳияти жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор этиш билан қўрқитишда ифодаланади. Демак, аввало, жабрланувчилар, яъни маҳаллий давлат ҳокимиятининг амалдорлари Сайдулло Боймуродов ҳамда Аслиддин Ўринбоевларнинг сирлари бўлиши лозим эди. Сўнгра ана шу маълумотларни товламачиликда айбланаётган шахслар, хусусан, Дилмурод Саййид ошкор қилиш, очиқлаш билан таҳдид қилиши лозим эди. Лекин жиноят иши субъекти бўлган маълумотлар, яъни “Ўзбекистон” ва “Фаровон ҳаёт йўли” хўжаликларидаги талон-тарожлик, қонунбузарликлар аллақачон оммавий ахборот воситалари орқали бугун халққа, жаоатчиликка етиб борган. Демак, Тойлоқда саҳналаштирилган томоша ана шу йирик кўламдаги коррупция, уюшган жиноятчиликни яширишга йўлидаги муайян ҳаракатларнинг давомидир.

Давлат айбловчилари халқимиз мулкларини ғорат қилиб, улкан талон-тарожликлар содир этган, миллий манфаатларимизга зид битимлар тузган, мансаб ваколатларини ҳаддан зиёд суиистеъмол қилган Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Қодир Ғуломов, Бахтиёр Ҳамидов, Сайдулло Бегалиев сингари амалдорларга ҳам бунчалик катта муддатлар сўрамаганди. Бу амалдорлар ҳатто бир кун панжара ортида ҳам ўтирмаган, бироқ фуқаролик жамияти вакили бўлган журналист коррупция занжирига дахл қилгани учунгина унга қарийб 15 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Профессионал каръерасини шубҳа остида қолдирган Самарқанд вилояти прокуратураси, Тойлоқ тумани суди журналистнинг ўткир сурункали силга мубтало бўлганини тан олмади. Унинг ҳаёти, тақдирини коррупцион доираларнинг манфаатларига бой берди. Жамоат ташкилоти сифатида “Эзгулик” берган кафолат хатини инобатга олиб, ҳеч бўлмаса тергов ва суд мажлислари мобайнида эҳтиёт чорасини ўзгартирмади. Мазкур ҳаракатларнинг барчаси журналист эрки, иродасини синдириш, унинг кейинги профессионал фаолиятига чек қўйишга қаратилган ўзига хос стратегия эди. Шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Дилмурод Саййид иши, унга қўйилаётган айбловлари буткул абсурд, деб ҳисоблайди. Одил судни объектив, адолатли қарор чиқаришга чақиради.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону