Ўзбекистон халқ шоири ва таниқли ёзувчи Шукрулло бугун, 19 июль куни оламдан ўтгани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан ўргандик.
Эслатиш керакки, адабиётининг сермаҳсул ижод соҳибларидан бири Шукрулло (асл исми-шарифи Шукрулло Юсуп) 1921 йили Тошкентда дунёга келди. Бошланғич таълимни олгач, педагогика билим юрти (1935), Тошкент Давлат Педагогика Университети (1944), Тошкент Давлат Университетида ўқиган эди.
Кейинчалик бу улуғ шахс Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида адабий маслаҳатчи, бадиий адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилди. 1989 йилда шоир Шукрулло янги тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракатига аъзо бўлди, бу ташкилотнинг яратилишида мисли кўрилмаган ишлар қилди. Бу ҳақда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатдан маълумотлар олиш мумкин.
1951 йилда Ўзбекистон давлат нашриётида ишлаб юрган бу улуғ шоир миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, ҳибсга олинади ва 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади. Жазони Сибирдаги лагерларда ўташга бошлаган Шукрулло ўша пайтдаги доҳийнинг ўлимидан кейин озод этилган ва оқланганди.
Лекин бу улуғ шахсга берилган энг юксак баҳо қуйидаги сатрлардадир:
Ўлим ҳақлигини биламан мен ҳам
Дунёда икки бор ўлмайди ҳеч ким!
Ўлим ҳақ эканми, ўн бор ўлсам кам,
Сенинг эркинг учун севикли халқим.
Улуғ сафдошимиз шоир Шукруллонинг буюк ишлари олдида бош эгамиз, жонлари жаннатда бўлсин деб дуолар қиламиз.