“Юксалиш” Умуммиллий Ҳаракати раиси ва Қонунчилик Палатаси депутати Акмал Бурҳонов янги ташкил этилган Коррупцияга Қарши Курашиш Агентлиги директори этиб тайинланди. У “Юксалиш”даги лавозимидан кетади.
Президент қарорига биноан Акмал Бурҳонов янги ташкил этилган Коррупцияга Қарши Курашиш Агентлиги директори лавозимига тайинланибди.
Эслатиш керакки, Акмал Бурҳонов “Юксалиш” Умуммиллий Ҳаракатига раислик қилиб келаётган, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати (Адолат СДП) ва Парламентнинг Мудофаа ва Хавфсизлик Масалалари Қўмитаси аъзоси эди.
Маълумот учун, Акмал Бурҳонов Наманган вилоятида 1981 йили туғилган. 2001 йили Тошкент Давлат Юридик Институти бакалавриатини ва 2003 йили магистратурасини, 2007 йили Нагоя Давлат университети (Япония) магистратура босқичини тугатган.
Президентнинг 29 июнь куни эълон қилинган фармони билан Коррупцияга Қарши Курашиш Агентлиги тузилган эди. Мазкур Агентликка Президент фармон билан қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилганди:
- бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
- ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.
Яна эслатиш керакки, бу йигитча ҳеч бир ишни эплай олмаган, ҳаммани лақиллатиб юриш билан овора бўлган. Демак, энди Коррупцияга Қарши Курашиш Агентлиги ҳам ҳеч нарса қилолмасдан яшайверади. Чунки, демократия йўқ жойда ҳeч қандай ижобий ўзгариш бўлолмайди.