15 July 2020
14:30 - ИИВ икки ходим ўлими ҳақида хабар берди. Улар коронавирусдан вафот этгани айтилмоқда
Сўнгги икки кунда икки нафар ички ишлар органи ходими коронавирус туфайли вафот этган. Kun.uz манбасининг хабар беришича, бу пандемия бошлангандан бери коронавирус сабабли рўй берган учинчи ўлим ҳолатидир.

13 июль куни Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бошлиғи ўринбосари майор Аълохон Абзалович Шамаҳмудов 36 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

14 июль куни эса Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шавкат Насирович Нафасов 48 ёшида вафот этди.

Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳумларнинг қариндош ва яқинларига таъзия изҳор этган. Лекин бу ходимларнинг ўлими сабаби келтирилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида ҳам бу ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Манбанинг хабар беришича, бу ходимлар коронавирусдан вафот этгани ошкор қилинмаяпти. Расмий қайдларда уларнинг ўлими сабаблари сифатида бошқа касалликлар кўрсатилган.

Манбанинг таъкидлашича, пандемия давридан бери уч нафар ички ишлар ходими коронавирус инфекциясини юқтириш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Ички ишлар тизимидаги илк ўлим ҳолати ҳам ҳужжатларда коронавирус туфайли юз бергани кўрсатилмаган. Марҳумда кўплаб ҳамроҳ касалликлар бўлгани учун ўлим сабаби сифатида шундай касалликлар кўрсатилган.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 13 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этаётганларнинг сони яширилмаётгани таъкидлаган эди. // Kun.uz

* * * * *

“Ҳаракат”: Kun.uz Интернет нашрининг хабарида бу икки ҳарбийнинг расмлари ҳам қўйилган. Аммо, биз уларни ўз хабаримизга илова этмадик. Чунки, улар ҳурматсизлик сифатида кўрсатилиши мумкин эди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону