10 June 2020
17:34 - Ўзбекистон ҳукумати дронларга алоқадор янги қарор қабул қилиши кутиляпти
Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Давергеодезкадастр қўмитаси ҳузуридаги “Геоинновация маркази” давлат унитар корхонаси базасида учувчисиз учиш қурилмаларини йиғиш бўйича технологик линия шакллантирилган.

Давергеодезкадастр қўмитаси бир ой муддатда “Геоинновация маркази” ДУК тажриба участкасида мавжуд учувчисиз учиш қурилмаларига техник хизмат кўрсатишни, жорий йил сентябргача уларни йиғишни ва 2020-2022 йиллар мобайнида босқичма-босқич маҳаллийлаштириш чораларини амалга оширади.

Учувчисиз учиш қурилмаларини 2020-2022 йиллар мобайнида босқичма-босқич маҳаллийлаштириш ва улардан иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича мақсадли мўлжаллар тасдиқланади.

Давергеодезкадастр Қўмитаси, Қурилиш Вазирлиги ва Адлия Вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва транспортировка қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Ҳудудларда учувчисиз учиш қурилмаларини ўрнатилган тартибда сақлаш ва транспортировка қилиш, учиш амалиётига буюртмаларни қабул қилиш ҳамда “Геоинновация маркази” ДУКнинг марказлашган диспетчерлик хизмати мониторинги остида учиш амалиётини бажариш учун “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИнинг ҳудудий филиаллари масъул этиб белгиланади.

Белгиланишича, Мақсадли мўлжаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат Бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 232-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ Давергеодезкадастр Қўмитасининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамидан республика бюджетига ўтказилиши кўзда тутилган маблағлари ҳамда Ер Муносабатлари ва Давлат Кадастрларини Ривожлантириш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давергеодезкадастр Қўмитаси ҳудудий тузилмалар учун етказиб бериладиган учувчисиз учиш қурилмаларини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 августдаги 287-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида зарур техник воситалар, махсус кийим-бош ва анжомлар билан таъминлайди.

Белгиланишича, учиш амалиёти ва ишлаб чиқариш талабларидан келиб чиқиб фуқаролик авиациясининг учувчисиз учиш қурилмаларига белгиланган максимал учиш вазни қишлоқ хўжалиги соҳасида, шу жумладан қишлоқ хўжалик экинларини кимёвий моддалар билан қайта ишлаш (сепиш)га мўлжалланган учувчисиз учиш қурилмалари учун татбиқ этилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек вазирлик ҳамда идоралар бир ой муддатда ўз фаолиятларида учувчисиз учиш қурилмаларини фойдаланилиш мақсадлари ва уларнинг сони тўғрисидаги буюртмаларни шакллантириб, Давергеодезкадастр Қўмитасига киритилишини таъминлайди.

“Геоинновация маркази” ДУК “Ўзэлтехсаноат” ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик компаниялари билан ҳамкорликда:

2020-2021 йилларда шакллантирилган буюртмалар асосида учувчисиз учиш қурилмаларини босқичма-босқич ишлаб чиқариш;

2022 йилда учувчисиз учиш қурилмаларининг таркибий қисмларини (электрон, навигацион ва оптик қурилмаларидан ташқари) тўлиқ маҳаллийлаштириш чораларини кўради.

“Геоинновация маркази” ДУК томонидан учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан (давлат божларидан ташқари) озод этилади.

“Геоинновация маркази” ДУК ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун учувчисиз учиш аппаратларининг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини, шунингдек хом ашё ҳамда материалларни истисно тариқасида, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномаларга мувофиқ бевосита, ишлаб чиқарувчи компаниялардан харид қилиш ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни буюртмалар асосида ваколатли давлат органларига, шу жумладан экспорт қилиш орқали сотиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки Дирекцияси ва (ёки) унинг резидентлари билан ҳамкорликда учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш бўйича дастурий таъминотларни яратиш;

учувчисиз учиш қурилмаларнинг учиш амалиётини бажариш учун жаҳон стандартларидан келиб чиқиб тегишли радиотўлқинлар частоталарини ажратилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги ва “Ўзаэронавигация” маркази давлат унитар корхонаси Давергеодезкадастр Қўмитаси ва унинг тузилмасига киритилган ташкилотларга ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш қурилмаларини ўрнатилган тартибда мувофиқлик сертификатлари ҳамда улар томонидан қишлоқ хўжалиги экин ерларининг мониторинги ва хатловида қўлланадиган, шу жумладан кластерлар буюртмалари бўйича 150 метргача бўлган баландликдаги учиш амалиёти учун (иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида учувчисиз учиш қурилмаларни қўллаш бундан мустасно) тўловсиз асосда рухсат берилишини таъминлайди. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону